Олмалиқ кон-металлургия комбинати меҳнат жамоаси Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари кунини кўтаринки кайфиятда нишонлашди. Байрам тадбирлари комбинатнинг барча бўлинмаларида ташкил этилиб, илғор ишчи-ходимлар эсдалик совғалари билан тақдирланди, кўп йиллик меҳнат фахрийларига махсус унвонлар топширилди.
15 май куни ОКМК спорт мажмуасида катта гала концерт бўлиб ўтди. Тадбирда “Олмалиқ КМК” АЖ бошқарув раиси, сенатор Абдулла Хурсанов комбинатнинг сўнгги йиллардаги йирик ютуқларини таъкидлаб ўтди. Хусусан, 3-Мис бойитиш фабрикаси ишга туширилгани, Ковулди олтин саралаш фабрикаси қуриб битказилгани ҳамда ОКМК “The Copper Mark” ва “The Molybdenum Mark” халқаро сертификатларини қўлга киритгани алоҳида эътироф этилди.
Тадбир давомида бир гуруҳ ишчи-ходимларга “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонлари топширилди. Концерт дастурида Женисбек Пиязов, Бунёдбек Саидов, Шоҳруххон ва Зиёда иштирок этиб, байрамга янада файз бағишлади.
16 май куни “Металлург” маданият саройи атрофида оммавий халқ сайли ташкил этилди. Унда комбинат корхоналарининг маҳсулотлари ва замонавий технологиялари кўргазмаси намойиш қилинди, спорт мусобақалари ўтказилди. Энг фаол ва ижодкор корхона-жамоалар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
Байрам тадбирлари комбинат жамоасининг бирдамлиги, меҳнатсеварлиги ва янги ютуқлар сари интилишини яна бир бор намоён этди.












