Ҳукуматнинг апрель ойидаги қарори билан, жорий йилнинг 1 майидан жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжи учун нотижорат мақсадларида мамлакатга олиб кириладиган товарларнинг божсиз олиб кириш нормалари белгиланганди.
Божсиз олиб кириш нормалари қуйидагича:
►ҳаво транспортида — $1000 (илгари — $2000);
►темир йўл ва дарё транспортида — $500 ($1000);
►халқаро курерлик жўнатмаларида — ойига $200 гача (олдин — ҳар чорак учун $1000).
►Автомобил ва пиёда ўтиш пунктлари ($300), халқаро почта жўнатмалари орқали олиб келинадиган товарлар учун ($100) нормалар ўзгаришсиз қолдирилди.
Шунингдек, 20-июлдан бошлаб нотижорат мақсадларида товарларни олиб кириш учун хорижда бўлиш тартиби қуйидагича белгиланади:
●темир йўл ва дарё транспортида ҳамда автомобил ўтказиш пунктлари орқали киришда — 2 календар кун;
●ҳаво транспортида — 3 календар кундан кам бўлмаслиги керак.
Мазкур муддатларда олиб кирилган товарларга божсиз олиб кириш нормалари қўлланилмайди. Бунда уларга божсиз олиб кириш нормасидан ортиқ деб қаралиб, товарнинг тўлиқ қийматидан ягона божхона тўлови ундирилади.
Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг божхона қиймати эса чеклар, квитансиялар ёки бошқа тижорат ҳужжатлари асосида аниқланади. Агар тасдиқловчи ҳужжат ва маълумотлар тақдим этилмаса, қиймат ахборот дастурлари орқали илгари олиб кирилган шу турдаги товарлар маълумотлари асосида аниқланади.
Хорижда бўлиш муддати
қандай аниқланади?
Бугунги кунда фуқароларнинг асосий қисми — 76%и чегарадан автомобилда, 20%и ҳаво ҳамда 4%и темир йўл орқали ҳаракатланади. Мазкур тартиб чегарадан автомобилда ўтаётган «ташмачи»лардан ташқари бошқа йўловчиларга сезиларли таъсири бўлмайди.
Божхона органлари 50 га яқин авиакомпаниялар билан ўзаро ахборот алмашинувини йўлга қўйган. Халқаро аэропортларда йўловчилар, уларнинг багажлари ва хорижда бўлган муддатлари тўғрисида маълумотлар улар мамлакатга етиб келмасидан олдин мавжуд бўлади. Бу халқаро аэропортлар орқали ҳаракатланувчиларни тиғиз вақтларда ҳам тезкор божхона назоратидан ўтказишни таъминлайди.
Бож қандай ҳисобланади?
Товарларнинг божсиз олиб кириш нормасидан ортиқ бўлган қисмига соддалаштирилган тартибда импорт божи, қўшилган қиймат ва аксиз солиқлари ўрнига божхона қийматидан 30%, лекин ҳар бир кг учун $3 дан кам бўлмаган миқдорда ягона божхона тўлови ундирилади.
Агар йўловчи нормадан ортиқ олиб келинган товар учун тўловни амалга ошира олмаса, уларни чегара постларида вақтинча сақловга олиш жойларида қолдиришига тўғри келади. Улар 30 кун ичида тўлов қилиб, товарни олиб киришлари ёки қайтариб олиб чиқиб кетишлари мумкин.
Бундан ташқари, фуқаро ҳаво йўллари орқали $1500 қийматидаги товарни олиб келмоқчи бўлса, унинг фақат $1000 лик нормадан ошган қисмига — $500 учун бож ундирилади.