OLMALIQ HAYOTI
Image default
Жамият

ОРТИҚЧА ДАБДАБАЛИ ТЎЙОИЛАНИ БАХТЛИ ҚИЛАДИМИ ЁКИ РЕКЛАМА?

Ўзбек халқи азалдан йиллаб йиғиб-терганини тўй қилади. Эл-у халққа ош беришни қадрият даражасига чиқариб олган десак, муболаға бўлмайди. Шу сабаблими тўйларимиз кундан-кунга дабдабабозлик, исрофгарчиликка айланиб бормоқда. Соғлиғимиз кетиб ишлаб топилган пулни ўзгаларнинг “гап-сўзлари” учун сарфлаётган миллатга айланиб бораётганимиз ачинарли.

“Юксалиш” ҳаракати яқинда ўтказган сўровнома натижаларига кўра, Ўзбекистонда тўйлар кўпчилик учун катта молиявий муаммо бўлиб қолмоқда. 1247 киши қатнашган тадқиқот қуйидаги ҳақиқатларни очди.
Сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг 81 фоизи оилавий даромадини ойига 5-12 млн сўм деб кўрсатган. Бироқ, 65 фоиздан ортиғи тўй учун 50 млн сўмдан юқори пул сарфлаганини айтган. Бу бир йиллик даромаддан ҳам ошиб кетади.
Қизиқ, йиллик даромадидан ҳам юқори маблағни аҳоли қаердан олмоқда? Асосий молиявий манба нима?
55%: “Ўзим ва яқинларим ёрдамида”
25%: “Қарз олдим”
Фақат 14% одам: “Даромадим етади”, деб айта олган.

Юқоридаги ҳолатни кўриб, аччиғи келади одамнинг. Оддий халқ шунча пул сарфлаб тўй қилаётган бўлса, юқоридаги амалдорларни айтмасангиз ҳам бўлади. Тўй дастурхонида уйида ҳам ейилмаган мева-чевалардан тортиб, ичимликларгача ўзгача. Ундан кўра ўша кетган пулга уйингни таъмирла, йўлингни текисла ҳадеб давлатга осилмай.
Нега дабдабага ўчмиз? Сабаблари:
46% — жамият босими (елга кўрсатиш учун)
31% — ёшларнинг орзуси
29% — ота-онанинг нияти
16% — қуда томоннинг талаби.
Асл ҳақиқатни айтадиган бўлсак, кўпчилик ўз истаги билан эмас, балки “одамлар нима дейди” деган қўрқув билан ҳаракат қилмоқда. Тўйига фалонча долларга саънаткор чақирмай, маҳаллий ҳофизлар билан ҳам тўй ўтказса бўлади-ку!
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йилнинг август ойигача тўйлар, оилавий тантаналар, маъракалар ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш бўйича парламент палаталари кенгашларининг қўшма қарори қабул қилиниши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, тўй-ҳашам, маърака ва маросимлардаги исрофгарчиликларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ишлари кучайтирилмоқда. Ўзбекистонда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисида низом бор.
Бу низом парламент палаталари кенгашларининг 2019 йил 14 сентябрдаги қарори билан тасдиқланиб, 2020 йил 1 январдан кучга кирган. 2020 йил март ойида бу қоидаларни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик киритилди. МЖТКга қўшилган 1921-моддага кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартиби риоя этмаган фуқароларга 10 БҲМ (ҳозирда 3 млн 750 минг сўм), тўйхона ва кафе-ресторанларнинг мансабдор шахсларига 30 БҲМ (такрорий содир этилса, 50 БҲМ) миқдорида жарима белгиланган.
Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисидаги низомга кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно), соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади.
Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, бу тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади. Қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида эса 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин.
Миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган тўйлар, оилавий тантаналардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни («келин навкари», «чорлар», «ота кўрди», «сеп ёйди», «қуда чақирди», «куёв чақирди», «келин чақирди», «тоғора юбориш» ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.
Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда:
• тўй ўтказувчи шахслар тўйдан камида бир ҳафта олдин маҳалла фуқаролар йиғинини хабардор қилиши;
• никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп бўлган енгил автомашинадан ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа транспорт воситаларидан фойдаланмаслик;
• тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда пулли автотранспорт хизмати лицензияга эга бўлмаган ташувчилар томонидан кўрсатилишига йўл қўймаслик, тўй эгаларининг шахсий автомашиналаридан ҳамда ҳомийлар ёрдамида жалб этилган автотранспорт воситаларидан фойдаланилган ҳоллар бундан мустасно;

  • шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик;
  • маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига путур етказмаслик, жамиятда шаклланган одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилиш талаб этилади.

Қонун билан белгиланган қоидаларга амал қилиб тўй ўтказсак, аёлларимиз ортиқча олди-бердиларга ўч бўлмаса, оталаримиз эрта юрак хуружидан вафот этмасмиди, ёшларимиз бахт оддийликда эканини англаб етган бўлармиди?
Биз қачонки, бемантиқ орзу-ҳавасларимизни бир четга суриб, кўз-кўз қилишни тўхтатиб, йигит-қизга оила ҳақида, барака ҳақида, ўзаро ҳурмат ҳақида сабоқ берсак ўйлайманки, юртимизда ажримлар эмас, бахтиёр оилалар кўпайган бўларди.

Мухлиса Тошпўлатова.

МАВЗУГА ОИД

МУРОЖААТ

admin

Ўзбекистон Республикaси Президенти сaйловини ўткaзувчи 10-Тошкент вилояти округ сaйлов комиссиясиҚ А Р О Р ИЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИСАЙЛОВИНИ ЎТКАЗУВЧИ САЙЛОВУЧАСТКАЛАРИНИ ТУЗИШ ТЎҒРИСИДАЎзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 10-, 22-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ сай лов комиссиясиҚ А Р О Р Қ И Л А Д И :

admin

НУРОНИЙЛАРНИ ЙЎҚЛАБ

admin

118.282 М3 ҲАЖМДАГИ 118,2 МЛН. СЎМЛИК ТАБИИЙ ГАЗ НОҚОНУНИЙ ИШЛАТИЛГАНИ ФОШ БЎЛДИ

admin