OLMALIQ HAYOTI
Image default
Суҳбат

АЁЛ ҚАЛБИ

Бугунги кунда кўпчилик аёлларимиз ўзидан норози. Тўғри, булар буни тан олишмайди. Йўқ, ўзимни яхши кўраман дейди. Ўзини яхши кўрган инсон ҳеч қачон ўзгалардан айб изламайди. Биз билан ҳамсуҳбат бўлган инсонлар бу бизнинг аксимиздир. Эримизнинг, қайнона-қайнотамизнинг, кези келса, фарзандларимизнинг қайсидир жиҳати ёқмадими, демак, бу бизнинг характеримиз. Инсонлар бир-бирига кўзгу. Ўйлаб кўринг, ҳаётингизга келган ҳар инсон сизга сабоқ беради.

Ёнимга жуда кўплаб аёллар ҳорғин кайфиятда, ким биландир жанжаллашган, фарзанди “куйдирган”, эридан яхши гап эшитмаган ёки бўлмаса ажрашмоқчи бўлган ҳолда келади. Дастлаб, уларни жим эшитаман. Йиғлашади, ўзгаларни айблашади, бир сўз билан айтганда ўзидан жабдийда инсонни “ясашади”. Келинг, яхшиси бир аёл билан бўлган ҳодисани сизларга айтсам.
Нигора хотин-қизларга ижтимоий тармоқлар орқали дарс ўтаётганимда менинг гапларимдан таъсирланиб қабулимга келибди. У барчадан хафа. Эри билан ажрашганига 14 йил бўлган. Эридан бир ўғил фарзанди бор. Ўғли ўспирин ёшда бўлгани боис, уни тушунишга қийналяпти. Кўчадаги қарзлари ҳам кундан-кунга ортиб бормоқда. Бир сўз билан айтганда, Нигорани аёллик жозибаси тарк этиб бўлган. Юзлари дағаллашиб кетган, сўзларидаги майинлик йўқолган, ҳаттоки, аёлларга хос бўлган қадди қомат ҳам унда йўқ. У барча дард-у ҳасратини тўкиб олди.
Унга ечим бердим. Келинг, Нигора, ҳаётингизда бўлган воқеалар учун ҳаммани кечиринг. Ҳамма ҳам бу ҳаётда сизга ўхшаб биринчи яшаши. Эрингиз ҳам илк бора сизга эрлик қиляпти, ота-онангиз ҳам энди бу мақомга эришган, фарзандингиз ҳали ҳам гўдак. Ҳамма хато қилади. Бу ерда сизнинг хатоларингиз ҳам бисёр. Биринчи навбатда, ҳамма ишни “МЕН” қилдим деб, Яратганни унутиб қўйгансиз, ўзингизга хиёнат қилгансиз, яъни дам олиш керак пайтида ишлагансиз, танангизга ғамхўрлик қилмагансиз. Келинг, бугундан бошлаб ҳар бир кунингиз учун шукрона ёзинг. Ўзингизнинг ижобий ва салбий жиҳатларингизни ёзинг. Аллоҳга суянинг!
Ишонасизми, ҳозирги кунда Нигора 14 йил бирга яшамаган эри билан ярашиб, яна икки нафар фариштадек қизалоқларни дунёга келтириб, уч фарзандни тарбия қилмоқда. Қарзларини эри секин-секин узмоқда. Бугун Нигора АЁЛ бўлиб яшамоқда. Эрининг, фарзандларининг севимли инсони. Энг муҳими, ожизалигини ҳис қилди.
Қачонки аёл ўзлигини унутса, атрофидагилар унга озор беради. Аёл севиб, севилиш учун яратилган ҳилқатдир. Ожизалигимизни унутмайлик!

Камола ХАЛИЛОВА,
Олмалиқ шаҳар психологи.

МАВЗУГА ОИД

ИНСОН КАСБНИ БЕЗАЙДИ

admin

МОҲИР ҚЎЛЛАР ЭГАСИ …

admin

ҲАЁТ ФАЛСАФАСИ ЁҲУД ҚАХРАМОНГА ЧИЗГИЛАР

admin

ҲУНАРИДАН УНГАН ЙИГИТ

admin