Олмалиқ шаҳрида ўзининг шижоати, интилиши ва спортга бўлган меҳри билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган ёшлар кўп. Ана шундай иқтидорли ёшлардан бири.
Рухшона 2011 йил 21 январда Олмалиқ шаҳрида таваллуд топган. Айни пайтда 3-умумтаълим мактабининг 10-синфида таҳсил олади. У мактабдаги дарсларни ўзлаштириш билан бирга, билим доирасини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратади. Инглиз тилини чуқур ўрганиш мақсадида қўшимча дарсларга қатнайди. Аммо Рухшонанинг ҳаётида спортнинг ҳам алоҳида ўрни бор. У таэквандонинг ИТФ йўналиши бўйича шуғулланади ва 55 килограмм вазн тоифасида мусобақаларда куч синашади.
— Таэквандо билан шуғулланишимга асосан дадам ва бувим сабабчи бўлишган. Аввалига спортга қизиқишим уларнинг қўллаб-қувватлаши билан бошланган бўлса, кейинчалик таэквандо ҳаётимнинг бир қисмига айланди, — дейди Рухшона.
Беш йил давомида у спорт мусобақалари муносабати билан Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида бўлган. Ҳар бир мусобақа унинг учун нафақат рақобат, балки янги тажриба, янги сабоқ бўлиб хизмат қилган. Спортда ҳар доим ҳам ғалаба қозониб бўлмайди. Рухшона ҳам мусобақаларда баъзан мағлубиятга учраган. Бундай пайтларда у тушкунликка тушиб қолган кезлари ҳам бўлди. Аммо уни яна тиклаган, доимо руҳлантирган инсон — отаси.
— Дадам мусобақада ютқазсам ҳам: «Тур, қизим. Мен сенга ишонаман. Тик тут қаддингни», деб айтадилар. Шу гаплари менга жуда катта куч беради. Дадам менинг нафақат энг яқин инсонларимдан бири, балки спортдаги асосий ҳомийим ҳам, — дейди Рухшона.
Рухшона Шавкат Абилов ва Дилноза Турсуноваларнинг тўрт фарзандидан иккинчиси. Оилада опаси, укаси ва синглиси бор. Отаси ОКМКда меҳнат қилади, онаси эса лаборант бўлиб ишлайди.
Спортга қизиқиш оилада Рухшона билан чекланиб қолмаган. Унинг укаси Лочинбек Абдуқодиров ҳам таэквандо билан шуғулланади ва яшил белбоғ соҳиби. Демак, оилада спортга меҳр нафақат фарзандларни бирлаштирмоқда, балки уларга бир-бирини қўллаб-қувватлаш учун ҳам куч бермоқда.
Рухшонанинг спортдаги ютуқлари ортида унинг устози Шаҳзода Абдурасулованинг ҳам меҳнати бор. Биринчи қора белбоғ соҳибаси бўлган мураббий ўз шогирдларига нафақат спорт сирларини, балки матонат, сабр ва интизомни ҳам ўргатиб келмоқда. Қизиғи шундаки, Рухшонанинг келажакдаги орзуси спорт билан боғлиқ эмас. У мактабни тамомлаб, Тошкент давлат юридик университетида таҳсил олиш ва келажакда адвокат бўлишни мақсад қилган. Бунга эришиш учун у бугунданоқ ҳаракат қилмоқда. Бир томонда — мактаб дарслари, инглиз тили ва китоб мутолааси, иккинчи томонда — машғулотлар, мусобақалар ва беллашувлар.
Рухшона китоб ўқишни жуда яхши кўради. Айниқса, Ўткир Ҳошимовнинг «Икки эшик ораси» асарини севиб мутолаа қилган. Китоблар унга инсонни, ҳаётни ва одамлар тақдирини чуқурроқ англашга ёрдам беради. Бугун у 55 килограмм вазн тоифасида рақиблари билан беллашиб, эртанги кун учун катта мақсадлар сари интилмоқда. Спорт унга ғалаба қилишнигина эмас, мағлубиятдан кейин яна ўрнидан туришни ҳам ўргатмоқда. Балким, шунинг учун ҳам отасининг «Тик тут қаддингни, қизим» деган сўзлари Рухшона учун оддий тасалли эмасдир. Бу сўзлар унга ҳар бир мағлубият вақтинчалик, ҳар бир орзу эса ҳаракат билан яқинлашишини эслатиб туради.
Рухшона келажакда қора белбоғ эмас, балки адвокатлик либосини шараф билан кийишни орзу қилади. Аммо спортда орттирган қатъият, сабр ва ўз кучига ишонч унга бу йўлда ҳам албатта асқотади.

Мухлиса Раҳматуллаева,
суҳбатлашди.