Перейти к содержимому
20 августа, 2026
  • telegram
  • Instagram
  • Facebook
  • Youtube
  • telegram+
  • Twitter

OLMALIQ HAYOTI

Connect with Us

  • telegram
  • Instagram
  • Facebook
  • Youtube
  • telegram+
  • Twitter
Основное меню
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • 101 хабари
  • Таълим
  • Шеърий саҳифа
  • Янгиликлар
  • Жиноят ва жазо
  • Саломатлик
  • Биласизми?
  • Ҳикоя
БИЗ YOUTUBE да
  • Главная
  • РИМ БИР КУНДА ҚУРИЛМАГАН
  • Суҳбат

РИМ БИР КУНДА ҚУРИЛМАГАН

admin 19 августа, 2026 1 minute read
photo_2026-08-18_09-47-13

IELTS имтиҳонидан 9.0 натижа ва 1000 дан ортиқ ўқувчиси мавжуд Акмал Иманкулов билан суҳбат
Бугун хорижда таълим олиш, халқаро компанияларда ишлаш, яхши касб эгаллаш ва дунёдаги янги имкониятлардан фойдаланишни истаган ёшлар учун инглиз тилини билиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, IELTS каби халқаро сертификатлар кўплаб ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.

Бироқ юқори натижага эришишнинг ўзига яраша машаққати бор. Бунинг учун фақат тил билишнинг ўзи етарли эмас. Инсондан узоқ муддатли тайёргарлик, интизом, сабр, ўз устида ишлаш ва энг муҳими, ўз мақсадига ишонч талаб этилади. Бугунги суҳбатдошимиз “Imaan English School” ўқув маркази асосчиси Акмал Иманкулов ҳам IELTSдаги 9.0 натижага бир уринишда эришмаган. Унинг бугунги натижаси ортида 20 мартадан ортиқ имтиҳон, кўплаб хатолар, мустақил тайёргарлик ва йиллар давомидаги меҳнат бор.
2001 йил 28 апрель куни Олмалиқ шаҳрида туғилган Акмал Иманкулов 4-умумтаълим мактабини тамомлаб, ҳозирги 1-сонли Политехникумда ўқишини давом эттирган. 2020 йилда 189 балл билан давлат гранти асосида Тошкент давлат иқтисодиёт университетига ўқишга қабул қилинган. Шу йилнинг ноябрь ойидан инглиз тилидан дарс беришни бошлаган. Бугун эса у нафақат юқори IELTS натижасига эришган мутахассис, балки 1000 дан ортиқ ўқувчи таълим олаётган «Imaan English School» асосчиларидан бири сифатида фаолият юритмоқда.
— Мактаб даврингизда инглиз тилига қизиқишингиз қандай бўлган? Инглиз тилини танлашингизга нима сабаб бўлган?
— Аслида, мактаб давримда инглиз тилига қизиқишим бўлган. Лекин қизиқ томони шундаки, инглиз тилидан биринчи олган баҳом «2» бўлган. Бугун шу воқеани эсласам, бу мен учун жуда катта сабоқ бўлганини тушунаман. Чунки инсоннинг биринчи натижаси унинг келажакдаги имкониятини белгилаб бермайди. Ўша пайтда кимдир менга «Сен кейинчалик IELTSдан 9.0 оласан», деганида, эҳтимол, ишонишим қийин бўларди. Лекин инсон ўз устида ишласа, билим олса ва мақсадидан воз кечмаса, натижаси ўзгаради. Шунинг учун ўша устозимга ҳам раҳмат айтаман. Чунки баъзан инсонга берилган паст баҳо ҳам уни каттароқ натижа сари ҳаракат қилишга ундайди.
— Ота-онангиз сиз учун қандай келажакни тасаввур қилишган? Сизнинг танловингиз уларнинг хоҳишидан фарқ қилганми?
— Ҳа, маълум маънода фарқ қилган. Ота-онам мени комбинатга ишга киришимни истаган. Буни тушунаман. Ота-она учун фарзандининг касбли, ишли ва барқарор ҳаёт кечириши муҳим. Лекин менда бир йил қолганда бошқача фикр пайдо бўлди. Олдимда иккита йўл турган эди: ёки заводга ишга кириш, ёки Тошкентдаги олийгоҳга ўқишга кириб, ўз йўлимни топиш. Мен иккинчи йўлни танладим. Менимча, инсон ҳаётида шундай паллалар бўладики, ўша пайтда қабул қилган қарори кейинги ўн йиллик ҳаётига таъсир қилади. Мен учун ҳам Тошкентга ўқишга бориш шундай қарор бўлган.
Мен ўқишга киришга бир йил қолганда жиддий тайёргарлик кўришни бошлаганман. Ўз олдимга мақсад қўйганман ва шу мақсад йўлида вақтни тўғри тақсимлашга ҳаракат қилганман. Мен учун асосий масала фақат имтиҳондан юқори балл олиш эмас, балки билимни ўзлаштириш эди. — Инглиз тилидан дарс беришни қачон бошлагансиз?
— 2020 йилнинг ноябрь ойидан бошлаганман. Дарс бериш жараёни менга жуда катта тажриба берди. Чунки ўзингиз учун бирор мавзуни ўрганиш бошқа, уни бошқа инсонга тушунтириш эса мутлақо бошқа нарса. Ўқувчи сизга савол беради. Баъзан оддий савол бўлади, баъзан эса сиз кутмаган саволни беради. Шунда устоз ҳам доим изланиши кераклигини тушунасиз. Масалан, менинг дарсим 1,5 соат бўлса, ўша дарсга 3 соат тайёрланаман. Мавзуни ўрганаман, қўшимча материаллар қидираман, ўқувчи қайси жойда қийналиши мумкинлигини ўйлайман. Менимча, яхши устознинг иши синфга кириши билан бошланмайди. Унинг иши дарсдан анча олдин бошланади.
— Устозларингиз ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз. Бугунги натижаларингизда уларнинг ҳиссаси қандай?
— Менга билим берган устозларимни доим ҳурмат қиламан. Инглиз тили фанидан Нурмуҳаммад Назимов, математика фанидан эса Жамшид Рамазоновдан таълим олганман. Инсон қай даражага етмасин, унинг ҳаётида унга билим берган устозларининг ўрни бўлади. Чунки устоз фақат фан ўргатмайди. У инсонга фикрлашни, интилишни, савол беришни ва ўз устида ишлашни ҳам ўргатади. Бугун мен ўзим ўқувчиларга дарс бераётган бўлсам, бу жараёнда менга таълим берган устозларимнинг ҳам ҳиссаси бор.
— IELTS имтиҳонига биринчи марта қачон топширгансиз?
— Биринчи уринишимда 19 ёшимда IELTSдан 6,5 балл олганман. Мен бу натижа учун 9–10 ой тайёрланганман. Мактабда инглиз тилидан яхши ўқиганим учун маълум бир базам бор эди. Шунинг учун тайёргарлик жараёнида шу билимларимни ривожлантиришга ҳаракат қилганман. Бугунги ёшларни кўриб, баъзан ҳайрон қоламан. Ҳозир 12–13 ёшли болалар ҳам юқори натижаларга эришяпти. Мен эса биринчи IELTS натижамни 19 ёшимда олганман. Бу, албатта, бугунги ёшлар учун имкониятлар кўпайганини кўрсатади.
— IELTS имтиҳонини 20 мартадан ортиқ топширган экансиз. Шу ҳақда тўхталсангиз.
— Чунки ҳар бир натижа менга ниманидир ўргатган. Мен бир гапни ўзимга шиор қилиб олганман: «Рим бир кунда қурилмаган». 20 мартадан ортиқ IELTS топширганман. Биринчи уринишимда 6,5 балл олганман. 15 марта IELTSдан 8,5 балл олганман. 7 марта IELTSдан 8,0 балл олганман. Буларнинг ҳар бири алоҳида тажриба. Инсон ҳар бир имтиҳондан кейин ўзини таҳлил қилиши керак: қаерда хато қилдим? Нимани яхшилашим керак? Қайси кўникмам етишмаяпти? Шундай қилсангиз, ҳар бир уриниш кейинги натижа учун пойдевор бўлади.
— Сиз тайёргарликда қайси услубни энг самарали деб ҳисоблайсиз?
— Мен учун биринчи навбатда такрорлаш жуда катта аҳамиятга эга. Бугун кўпчилик янги билим олишга жуда катта эътибор беради. Янги мавзу, янги сўзлар, янги қоидалар… Лекин эски билимни такрорлашга етарли вақт ажратилмайди. Натижада инсон бугун янги нарса ўрганади, бир неча кундан кейин эса аввал ўрганган нарсасини эслай олмай қолади. Мен ўрганган нарсамни 10 мартадан кам такрорламаганман. Ўқувчи қанчалик кўп ўзлаштирган билимлари устида ишласа, ўша билим шунчалик хотирасида мустаҳкам қолади. Шунинг учун мен ўқувчиларга ҳам «янги билим олишдан олдин эски билимингизни мустаҳкамланг», деб айтаман.
— Тайёргарлик даврида кун тартибингиз қандай бўлган?
— Ўша даврда вақтни жуда қаттиқ назорат қилганман. Сота 21:00 дан 01:00 гача дарс тайёрлаган пайтларим бўлган. Ижтимоий тармоқлардан чекланганман. Чунки инсон бирор мақсадга жиддий эришмоқчи бўлса, маълум бир даврда нимадандир воз кечиши керак. Мен ҳам ўзимга шундай савол берганман: «Бошқалар ҳозир нима қилаётгани муҳимми ёки мен келажакда қаерда бўлишим муҳимми?» Шунинг учун вақтимни билим олишга сарфлашга ҳаракат қилганман. YouTubeдан ҳам кўп фойдаланганман. Лекин уни кўнгилочар восита сифатида эмас, билим олиш учун ишлатганман. Агар инсон интернетдан тўғри мақсадда фойдаланса, у жуда катта имконият.
— Сизнингча, инсон ҳаётини ўзгартириши учун биринчи навбатда нимани ўзгартириши керак?
— Фикрлашни. Инсон ҳаётини ўзгартирмоқчи бўлса, аввал фикрларини тартибга солиши керак. Агар инсоннинг билими, қобилияти ва фикрлаши уйғун бўлса, бу одамдан катта натижа кутиш мумкин. Кўпинча инсонлар «Менда шароит йўқ», «Менда қобилият йўқ», «Мендан бўлмайди», деб ўйлайди. Аслида эса инсон аввал ўзининг фикрлаш тарзини ўзгартириши керак.
— Шу пайтгача нечта ўқувчингиз IELTSдан юқори натижага эришган?
— Ҳали, очиғини айтсам, аниқ ҳисоблаб кўрмаганман. Лекин бу йилнинг ўзида чамалаб кўрганман: 50 нафардан ортиқ ўқувчим IELTSдан 7,0 баллдан юқори натижага эришди. Бу мен учун жуда катта натижа. Чунки устоз учун ўқувчисининг муваффақияти жуда муҳим. Ўзингиз юқори натижага эришишингиз бир нарса, бошқа инсонни ҳам юқори натижага олиб чиқиш эса яна бир масъулият.
— Келажак режаларингиз қандай?
—Ўзбекистонда IELTS’га одамлар «вау» деб қарамаслигини таъминлаш. Кимдир IELTS’дан 8,5 балл олса, уни кўкларга кўтариш шарт эмас. Ундан кўра, бошқа қобилиятларини ривожлантирайлик. Илм-фанни ёки компьютерни яхши тушунайлик. IELTS базавий минимум бўлиши керак, ҳаммамиз учун. IELTS олган дегани — бу ҳаётда муваффақиятли инсон дегани эмас. IELTS — бу бошланғич босқич…
— IELTSга тайёрланиш жараёнида инсоннинг дунёқараши ҳам ўзгартирадими?
— Албатта. IELTSга тайёрланиш жараёнида одамнинг дунёқараши тубдан ўзгаради. Инсон вақтни қадрлай бошлайди. Кераксиз нарсалардан узоқлашади. Ҳатто сотиб оладиган нарсаларининг ўзида ҳам маъно излай бошлайди. Кераксиз нарсаларга, кераксиз воқеаларга вақтингизни ҳам, пулингизни ҳам сарфламайсиз. Чунки мақсадингиз аниқ бўлса, ҳар бир ҳаракатингизнинг натижаси ҳақида ўйлайсиз.
— IELTSнинг бугунги ёшлар учун асосий фойдалари нимада, деб ўйлайсиз?
— IELTS, биринчи навбатда, чет эл олийгоҳлари учун эшик ҳисобланади. Бугун кўплаб хорижий университетларга ҳужжат топширишда инглиз тилини билиш даражасини тасдиқловчи сертификат талаб қилинади. Бундан ташқари, IELTS олган ўқувчиларнинг ишга кириш қобилияти ҳам юқори бўлади, деб ҳисоблайман. IELTS баллингиз қанчалик юқори бўлса, ишга кириш имкониятларингиз ҳам шунчалик кенгайиб бораверади. Лекин мен учун IELTSнинг энг катта фойдаси — сертификатнинг ўзи эмас. У инсонни интизомга ўргатади. Вақтни бошқаришга ўргатади. Янги билим олишга мажбур қилади. Инсоннинг дунёқарашини кенгайтиради.
— Командангизда неча нафар ходим ишлайди? Ўқитувчиларни ўзингиз танлайсизми?
— Ҳозир асосий ўқитувчилар 25 та атрофида бўлиши керак. Ёрдамчи ўқитувчилар ҳам бор, уларни ҳисобга олмаганда — 25 та. Биз янги ўқитувчини тўғридан-тўғри ишга ола олмаймиз, чунки бу сифатга таъсир қилади. Ота-она олдидаги бурчимиз — фарзандларига билимли устозларни қўйиб бериш.
Синов дарслари ўтказамиз, тренерларимиз бор. Бундан ташқари, Тошкентдаги методологлар билан шартномаларимиз бор. Улар университетларда, катта ўқув марказларида ишлашади. Бу ерда ҳам улар мунтазам равишда тренинглар олиб боришади. Чунки бизда сифат асосий критерия ҳисобланади. Биз методологлардан университет дипломини талаб қилмаймиз, асосан уларнинг тил билиш даражасига қараймиз. Университет дипломисиз ҳам ўқитувчини ишга олишимиз мумкин.
— Кам таъминланган, имконияти чекланган, лекин иқтидорли ўқувчиларга ўқув марказингизда имтиёзлар борми?
— Бор. Қўлимиздан келганча шароитларни яратяпмиз. Ҳали ҳам бу жараён давом этяпти. Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳам кўп ишлаяпмиз. Улар билан бирга ишлайдиган бўлсак, анча ишимиз осонлашади.
— Келажак режаларингиз қандай?
—Ўзбекистонда IELTS’га одамлар «вау» деб қарамаслигини таъминлаш. IELTS’да шундай бўлишини хоҳлайман: кимдир IELTS’дан 8,5 балл олса, уни кўкларга кўтариш шарт эмас. Ундан кўра, бошқа қобилиятларини ривожлантирайлик. Илм-фанни ёки компьютерни жуда яхши тушунайлик. IELTS базавий минимум бўлиши керак, ҳаммамиз учун. Шу мақсад билан ҳаракат қилсак, ўқитувчилар ва ўқув марказлари ҳам ўз олдига қўйган мақсадига эришган бўлади. IELTS олган дегани — бу ҳаётда муваффақиятли инсон дегани эмас. IELTS — бу бошланғич босқич..

Суҳбатдош Мухлиса Раҳматуллаева.

Об авторе

admin

Administrator

Перейти на сайт Просмотреть все записи

Навигация по записям

Предыдущий Мустақиллик байpамида ўзбекистонликлар неча кун дам олади?
Следующий: ҲОМИЛАДОРЛИК ВА КАСАЛЛИК НАФАҚАЛАРИ ЭНДИ ҚАНДАЙ ТЎЛАНАДИ?

Связанные истории

photo_2026-08-11_10-39-59
1 minute read
  • Суҳбат

МУСТАҚИЛЛИК БЕРГАН ИМКОНИЯТЛАРДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНАЁТГАН АЁЛ

admin 13 августа, 2026 0
photo_2026-07-21_17-20-44
1 minute read
  • Суҳбат

ОЛМАЛИҚЛИК ЁШ ОЛИМНИНГ ХИТОЙ ТААССУРОТЛАРИ

admin 24 июля, 2026 0
photo_2026-04-08_13-43-19
1 minute read
  • Суҳбат

ЯПОНИЯ ТАЖРИБАСИ: ТАЪЛИМ ВА ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИ ОМИЛЛАРИ

admin 8 мая, 2026 0

Build a WordPress News Site Fast

Connect with Us

  • telegram
  • Instagram
  • Facebook
  • Youtube
  • telegram+
  • Twitter

Trending News

ҲОМИЛАДОРЛИК ВА КАСАЛЛИК НАФАҚАЛАРИ ЭНДИ ҚАНДАЙ ТЎЛАНАДИ? 3 1
  • Биласизми?

ҲОМИЛАДОРЛИК ВА КАСАЛЛИК НАФАҚАЛАРИ ЭНДИ ҚАНДАЙ ТЎЛАНАДИ?

19 августа, 2026 0
РИМ БИР КУНДА ҚУРИЛМАГАН photo_2026-08-18_09-47-13 2
  • Суҳбат

РИМ БИР КУНДА ҚУРИЛМАГАН

19 августа, 2026 0
Мустақиллик байpамида ўзбекистонликлар неча кун дам олади? 2505c8d9-f989-4dd6-84c6-0b00d7375ce9 3
  • Янгиликлар

Мустақиллик байpамида ўзбекистонликлар неча кун дам олади?

13 августа, 2026 0
Болани мактабга тайёрлаш қанчага тушади? photo_2026-08-12_12-28-42 4
  • Янгиликлар

Болани мактабга тайёрлаш қанчага тушади?

13 августа, 2026 0
МУСТАҚИЛЛИК БЕРГАН ИМКОНИЯТЛАРДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНАЁТГАН АЁЛ photo_2026-08-11_10-39-59 5
  • Суҳбат

МУСТАҚИЛЛИК БЕРГАН ИМКОНИЯТЛАРДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНАЁТГАН АЁЛ

13 августа, 2026 0

Эҳтимол, сиз ўтказиб юборгансиз

3
1 minute read
  • Биласизми?

ҲОМИЛАДОРЛИК ВА КАСАЛЛИК НАФАҚАЛАРИ ЭНДИ ҚАНДАЙ ТЎЛАНАДИ?

admin 19 августа, 2026 0
photo_2026-08-18_09-47-13
1 minute read
  • Суҳбат

РИМ БИР КУНДА ҚУРИЛМАГАН

admin 19 августа, 2026 0
2505c8d9-f989-4dd6-84c6-0b00d7375ce9
1 minute read
  • Янгиликлар

Мустақиллик байpамида ўзбекистонликлар неча кун дам олади?

admin 13 августа, 2026 0
photo_2026-08-12_12-28-42
1 minute read
  • Янгиликлар

Болани мактабга тайёрлаш қанчага тушади?

admin 13 августа, 2026 0
  • telegram
  • Instagram
  • Facebook
  • Youtube
  • telegram+
  • Twitter
Copyright © Все права защищены. | MoreNews от AF themes.