Соя — қимматли озиқ-овқат ва ем-хашак манбаи ҳисобланади. Аммо унинг ҳосилига турли зараркунандалар сезиларли зиён етказиши мумкин. Кўп тарқалган зараркунандалар қуйидагилар: ўргимчаккана; шира ва битлар; маккажўхори парвонаси; ўтлоқ парвоналари; тунламлар; соя мевахўри; баргхўрлар; кўсак қурти шулар жумласидандир.
Бу зараркунандалар соя баргларини еб, фотосинтез жараёнларини издан чиқаради. Айрим турлари, хусусан, беда ва ғўза тунламлари, дуккаклар ва донларга ҳам зарар етказади, натижада ҳосил кескин камаяди.
Хўш, бу зараркунандалар билан қандай курашмоқ лозим?
Соя экини гуллай бошлаганда тунламлар капалакларининг тарқалишини кузатиш муҳим. Бу мақсадда ҳар бир гектарга 1 тадан феромон тутқич ўрнатиш тавсия этилади. Капалак тушиши бошланган майдонларга қуйидаги препаратлар билан асосан тунги пайтда ишлов бериш зарур:
Ваулент — 0,4 л/га; Индокс — 0,4 л/га; Индоксамектин — 0,7 л/га; Римон стар — 0,15 л/га; Эмафос — 0,8 л/га сочилади.
Бундан ташқари, биологик усул сифатида “Биослип БВ” микробиологик препаратини 3 л/га миқдорда қўллаш самарали ҳисобланади. Профилактик тадбирлар, ўз вақтида мониторинг ва мақсадли кураш чоралари ҳосилни зараркунандалардан асрашнинг энг ишончли йўлидир.
Ш.ШОРАҲИМОВ,
У.УМАРОВ,
Ўсимликлар карантини
ва химояси агентлиги,
шаҳар ТИФ инспекторлари.