Ҳайдар ота қийналиб ўсди. Шароит сабабли кеч уйланди. Бу ҳам етмагандек, ўн беш йил деганда фарзанд кўрди. Кўргани бир дона ўғил бўлди. Хотини бошқа туғмади. Соғлиғи тўғри келмади. Фарзанди Паҳлавонни ҳам ёшлари қирқдан ўтганда дунёга келтирганди…
Ота ўғлини авайлаб ўстирди. Невара кўрмай ўтиб кетмай, деб ўғлини ёш уйлантирди. Бир йил ўтмасдан ўғил неварали бўлди.
Ўғлига — қўлидан келадигани — деҳқончиликни ўргатди. Ёши ўтган эса-да ўғли билан бирга ишларди.
Саратон. Экинларни чопиқ қилишяпти. Паҳлавон кўйлагини ечиб ташлаб ишлай бошлади.
— Ўғлим, офтоб уради… — деди етмишдан ошган ота. Паҳлавон эътибор қилмади. Ёш-да, қизиққон. Бироз ишлашгач, ота яна:
— Ўғлим, кўйлагингни кийиб ол, бошингга ҳам бирон нима қўндир, офтоб урса, ёмон…
— Э, дада, қизиқсиз-да, шундай ишлаш қулай, индаманг! — отанинг гапи оғзида қолди, гапи охирига етмади. Бошини сарак-сарак қилиб индамай қўя қолди.
Кун исигандан исиди. Шу пайт далага Паҳлавоннинг олти ёшли ўғилчаси, Бахтиёр ўйнаб келди. Тупроққа ўтириб ўзича бир нималарни минғирлаб ўзи билан ўзи ўйнай бошлади. Паҳлавон бир қаради, икки қаради, бўлмади — ўғлига офтоб ўтади — бориб соя қилиш керак. Ўғлининг атрофига тўртта чўпни суқиб, устига кўйлагини ташлаб чайлача ясаб берди. Ҳайдар ота бақирди:
— Нима керак шу, олиб ташла чайлангни! Қўй, ўйнайверсин, халақит берма!
— Ие, дада! Ғалати-а сиз?! Ахир, офтоб урса, касал бўлиб қолади… — ҳали яна гапирмоқчи эди, Ҳайдар ота гапни илиб кетди:
— Болам, боя мениям болам офтобда қолганига куюнаётгандим…
Ғиёсиддин Умархон.