Ўқитувчи ва мураббийлар жамият маънавиятининг таянчи, келажак бунёдкорлари ҳамда тараққиёт пойдеворини яратувчи зотлардир. Уларнинг меҳнати, сабри ва фидойилигисиз маърифатли, билимли ва тарбияли авлодни тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис 1 октябрь – Ўзбекистон бўйлаб “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” сифатида алоҳида ҳурмат билан нишонланади.
Ушбу сана муносабати билан шаҳримиздаги «Оқсарой” тантаналар мажмуасида байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбир шаҳар ҳокимлиги ҳамда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Олмалиқ шаҳар кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тантанали йиғилишда шаҳар ҳокими ўринбосари Шермуҳаммад Бегиев сўзга чиқиб, шаҳар ҳокими Қобил Хамдамовнинг устоз ва мураббийларга аталган самимий табригини етказди. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова ҳам таълим фидойиларига илиқ тилакларини изҳор этди.
Байрам чоғида республика миқёсида ўрнак кўрсатиб келаётган, ёшлар тарбияси ва илм-фан тараққиётига салмоқли ҳисса қўшаётган бир гуруҳ педагоглар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Шаҳар Маданият бўлими ижодкорлари, Мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчилари ҳамда “Ниҳол” мукофоти совриндорларининг куй-қўшиқлари тадбирга янада шукуҳ бағишлаб, барчага кўтаринки кайфият улашди.
Ушбу байрам нафақат устозларнинг меҳнатини қадрлаш, балки жамиятда таълим ва тарбиянинг нақадар муҳим эканини яна бир бор ёдга солувчи муҳим сана сифатида тарихда қолмоқда.