Куни кеча Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг “Металлург” маданият саройида она тилимизга бағишланган ижодий тадбир бўлиб ўтди. Маълумки, 1989 йил 21 октябрда “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган бўлиб, унга кўра ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган. Бу тарихий сана ҳар йили юртимизда кенг нишонланади ва мустақиллик сари қўйилган муҳим қадамлардан бири сифатида қадрланади. Тадбирда она тилимизнинг 36 йиллиги муносабати билан “Ўзбек тили – давлат тили” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Суҳбатда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, халқ севган шоирлар Шодмонқул Салом ва Дилмурод Дўст меҳмон сифатида иштирок этиб, “Мен ҳаётга муҳлисман” мавзусидаги ижодий суҳбатни олиб бордилар. Суҳбат жараёнида она тилимизга бўлган ҳурмат, унинг гўзаллиги ва келажак авлодларга етказиш масъулияти ҳақида фикрлар билдирилди. Таъкидланишича, ҳар бир фуқаро ўз она тилида равон, тўғри ва ифодали сўзлашга интилиши, ўзбек тилининг нуфузини дунё миқёсида юксалтиришга ҳисса қўшиши лозим.
Шоирларимиз ижодидан ўқилган шеърлар она тилига бўлган меҳрни янада ёрқин акс эттирди. Айниқса, Президентимизнинг халқаро минбарларда ўзбек тилида сўзлаётгани иштирокчилар томонидан катта фахр билан тилга олинди. Тадбирда комбинатнинг ҳаваскор ёш ижодкорлари ҳам ўз шеър ва мақолалари билан қатнашдилар. Меҳмонлар ёшлар ижодидан жуда мамнун бўлиб, ишчи-ижодкор ёшларнинг фаоллигига юқори баҳо бердилар.
Шунингдек, “Ўзбек тили барчамизни бирлаштирди” кўрик-танловида Мис эритиш заводи ходимлари фаол иштирок этдилар. Хусусан, “Аёллар гендер тенглиги” маслахатчиси Пардабоева Хуршида ва завод ишчиси Абдусаматова Феруза диплом, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирландилар.
Муштарий ҚАРШИБОЕВА,
Мис эритиш заводи ишчиси.