Ўз жонига қасд қилган аёллар сони ортиб бораётгани – жамият учун катта хавф.
Бугунги кунда ижтимоий тармоқларнинг ҳар ўнта лентасидан камида биттасида “Аёл ўз жонига қасд қилди”, “Аёл фарзандини кўп қаватли бинодан ташлаб юборди”, “Аёл ўзини осиб қўйди” каби сарлавҳалар кўзга ташланади. Ростини айтсам, ҳар сафар шундай хабарни ўқиганимда юрагим увишиб, ички оғриқ қалбимни эзади. Нега? Нега аёлнинг умри шунчалик арзонга айланди? Нега у шундай қўрқинчли ишга қўл уради? Нега, гул умрини хазонга, гул исини тутунга айлантиряпти? Нега? Дуркун пайтида ёрининг қучоғида эмас, совуқ ер бағрида ётибди. Нега? Ҳаёт шунчалик оғир бўлиши мумкинмики, аёл учун ўлим ягона ечим бўлиб кўринса?..
Баъзан “бўлмаган гап”, “бу ҳам сафсатадир”, “аёлларни қўрқитиш учун чиқарилган хабардир”, деган умид билан яшайман. Аммо ҳаётдаги ҳақиқий воқеалар бу ишончни ҳар сафар йўққа чиқаради.
Куни кеча ўзим таниган, қизлик пайтимдан бери билган, ҳаёт зарбаларига бардош бера олмаган 34 ёшли аёлнинг ўз жонига қасд қилгани ҳақида эшитдим. Танам музлаб қолди. Унинг уч нафар гўдак фарзанди бор эди. “Ўзини ўйламаса ҳам, болаларини ўйласа бўларди-ку…” деган фикр миямда айланаверди. Аммо энди бу сўзлар фақат ҳавога айланди — у энди эшитмайди. Суриштирсам, у неча марта қизлик уйига қайтиб келган, “бу одам билан яшамайман” деб кўп бора йиғлаган. Аммо онаси қизининг дардини эшитмасдан, “эрингнинг уйи сенинг қабринг”, дегандек, уни яна қайтариб юборган. Турмуш ўртоғи эса — ичкиликка берилган, аёлини дўппослайдиган, “текинтомоқ”, “ҳароми” деган ҳақоратли сўзлар билан кун кўрсатадиган одам бўлган. Аёл эса ҳар куни қалбидаги оғриғини яшириб, юз-кўзи кўкарган ҳолда ҳам эрини, қайнота-қайнонасини хизматини қилган. Бир куни аёл эрини қўшни аёл билан никоҳи борлигини билиб қолиб, ўзини молхонага осди. Уч фарзанд сарсон, онаси ўзини айблаш билан овора, эрининг қалбида эса, заррача ҳам афсусланиш йўқ. Одамлар сўраса, “Товуқмия бўп қолганда. Ўзи сал ғалатироқ эди, ўзига ҳам қарамай юрарди, калтак еган бўлса тили ёмон эди”, деб юрганмиш…
Бундай ҳолатларда энг оғриқлиси — атрофдагиларнинг сукути, лоқайдлиги. Она қизининг дардини эшитмади, қўшнилар “уйдаги ишлар уларники” деб қўл қовуштириб турди, маҳалла эса “нуқсон чиқмасин” деб кўз юмишни афзал кўрди. Ана шу жимлик, ана шу сукут аёлнинг ҳаётига нуқта қўйди. Зўравонликка қарши курашиш ўрнига, уни “одатий ҳол” сифатида қабул қилиш — бу ҳам зўравонликнинг бир кўриниши аслида.
Қизиқ, жамият қайси томонда?
Аёл ўзини эмас, нафратни, жисмоний азобни, руҳий фожиани тугатмоқчи бўлди. Бугун минглаб аёллар қўрқув, таҳқир ва яккалик оловида ёниб яшаяпти. Ҳеч ким эшитмайдиган, ҳеч ким кўрмайдиган оғриқ билан. Балки, шундай аёл ҳозир ҳам ёнимизда юргандир — жим, кўз ёшини яшириб, “ҳаммаси яхши” деб табассум қилаётгандир. Ҳар бир зўравонлик ҳолатига “бу оила иши” деб эмас, жамият фожиаси деб қараш лозим. Маҳалла, хотин-қизлар фаоллари ва ижтимоий хизматчилар фақат қоғозда эмас, амалда фаол бўлиши шарт. Қизлар ва келинларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам тизимини кучайтириш зарур. Ота-оналар эса “сабр қил” деган сўз билан қизини оловга ташламаслиги керак.
Бир аёлнинг жони кетди — лекин у ортида уч болани, оғриқни, жимликни ва саволларни қолдирди. Бу фақат бир оиланинг фожиаси эмас, бу — бутун жамиятнинг оғриғи. Зеро, оила жамият таянчи.
Мухлиса
Раҳматуллаева.