Почта ходимлари — халқ билан энг кўп мулоқотда бўладиган, фидойилик ва сабр-тоқат талаб қиладиган касб эгаларидир. Улар ҳар куни юзлаб одамларга хизмат кўрсатадилар, хатлар, пенсиялар, газеталар ва турли жўнатмаларни манзилларига етказадилар. Уларнинг ҳар бир қадами халқ билан боғлиқ, ҳар бир куни машаққатли, аммо фахрли меҳнат билан ўтади.
Шундай фидойи инсонлардан бири — Абдурасулова Нориниса Мирзаевна 34 йилдан бери почта тизимида ҳалол ва садоқат билан хизмат қилиб келаётган тажрибали ходим. Бугунги сонимиз меҳмони айнан мана шу касбга меҳр билан ёндашган, умрини халқ хизматига бағишлаган аёл. Биз у билан ҳаёт йўли, касб сир-асрорлари ва почта соҳасидаги ўзгаришлар ҳақида суҳбатлашдик.
— Норинисо опа, аввало, ўзингиз ҳақида қисқача маълумот берсангиз.
— Мен 1991 йил 14 январда почта соҳасида иш бошлаганман. Шу кундан бошлаб 34 йил давомида фақат шу даргоҳда меҳнат қилиб келмоқдаман. Дастлаб оператор сифатида ишга кирганман, орадан 6 ой ўтиб бўлим бошлиғи лавозимига тайинландим. 2023 йилдан эса раҳбар даражасига кўтарилдим.
— Бу касб сизга нималарни ўргатди?
— Тўғри, почта иши осон эмас. Бу соҳада сабр, мулоқот маданияти, инсонни тушунишни ўрганасиз. Чунки ҳар куни турли ҳолатда келган мижозларга хизмат кўрсатамиз. Кимдир шошган, кимдир жаҳли чиққан бўлади. Шу жараёнда ҳар бир инсонни тушуниш, унга эътиборли муносабатда бўлиш — биз учун энг муҳими.
— Иш давомида сизга илҳом берган инсонлар бўлганми?
— Албатта, устозларимизни ҳар доим раҳмат билан эслайман. Улар жуда меҳрибон, талабчан ва тажрибали эдилар. Бизга нафақат ишни, балки одоб-ахлоқни, инсонийликни ҳам ўргатишган. Бугун мен ўша сабоқларни ёш ходимларга ўргатишга ҳаракат қилаяпман.
— Касбингизнинг энг ёқимли жиҳатлари ҳақида нималар дея оласиз?
— Энг ёқимлиси — халқ билан мулоқотда бўлиш. Одамларнинг миннатдорлик сўзини эшитиш, уларнинг юзидаги табассумни кўриш — бу биз учун энг катта мукофот. Машаққатлари кўп, лекин мен ҳеч қачон танлаган касбимдан афсусланмаганман. Чунки уни юракдан севаман.
— Бугунги почта тизимида қандай ўзгаришлар кузатилмоқда?
— Бугунги кунда барча йўналишларимиз аста-секин рақамлаштирилмоқда. Бу эса тизимда шаффофликни таъминлайди, хизматлар тезроқ ва қулайроқ бажарилмоқда. Масалан, пенсия, тўлов ва жўнатмалар электрон тарзда қайд этилмоқда. Шунга қарамай, бизнинг ишимизнинг катта қисми ҳануз кўчаларда, аҳолининг манзилларида давом этади.
— Кўчада ишлайдиган ходимлар учун қийинчиликлар ҳам бўлса керак…
— Ҳа, албатта. Ходимларимиз асосан ташқарида, кўчада юришади. Шунинг учун айрим ҳолларда дайди итлар уларга ташланиб, нохуш ҳолатлар ҳам юз бериб туради. Бу эса ходимларимиз хавфсизлиги учун жиддий муаммо. Шу сабаб, бундай ҳолатларнинг олдини олиш чораларига кўпроқ эътибор қаратилиши зарур, деб ўйлайман.
— Почта хизматида яна қандай муаммолар мавжуд?
— Энг катта муаммо — почта қутиларининг етишмаслиги. Аксарият хонадонларда почта қутиси йўқлиги сабабли газеталар ва хатлар вақтида етказилмайди. Бу эса ўқувчиларимизга ноқулайлик туғдиради. Агар бу масала ҳал этилса, хизматимиз сифати янада юқори бўлади.
— Яқин келажакдаги режаларингиз билан ўртоқлашсангиз.
— Насиб бўлса, келгуси йил пенсияга чиқаман. Аммо имкон бўлса, яна ишлашни истайман. Чунки бу жой — менинг иккинчи уйим. Почта — ҳаётимнинг ажралмас қисми.
— Суҳбат учун раҳмат!





Суҳбатдош Мухлиса
Раҳматуллаева.