Жорий йилнинг 10 февраль куни республикамиздаги оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда «Олмалиқдаги мактабда «тарбиявий» йиғилишдан сўнг 10-синф ўқувчиси вафот этди» сарлавҳали мудҳиш хабар тарқалди. Хабардаги маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида ушбу мактабда бўлиб, суриштирув олиб бордик.
Маълум бўлишича, 2026 йилнинг 28 январь куни соат 11:30ларда 5-умумтаълим мактабининг хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилот етакчиси Гавҳар Раҳматуллаева раислигида 9-10,11-синф ўқувчи қизларига «Интернет хавфсизлиги, ижтимоий тармоқларда ноқонуний гуруҳлар, саҳифалар ва каналларни очмаслик, юритмаслик ҳамда уларга обуна бўлмаслик» мавзусида навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилган. Соат 12:30ларда эса марҳум қиз дугонаси билан мактаб йўлагида кетаётган вақтда йиқилиб, ҳушини йўқотган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, қиз шу куни вафот этган.
Суд-тиббий текширувининг 2026 йил 28 январдаги №39-сонли дастлабки маълумотига кўра, марҳум ўқувчи 2009 йилда туғилган К.Е.га ўткир юрак ишемик касаллиги, юрак чап қоринчаси девори гипертрофияси, ўпка ва бош мия шиши, ТЭЛА (ўпка артерияси тромбо эмболияси) ташхиси қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Хусан Гайназоровнинг маълумотига кўра, марҳум қизнинг онаси юқоридаги ҳолат юзасидан ҳеч кимга нисбатан даъво қилмаган ҳамда ижтимоий тармоқларда мазкур ҳолат юзасидан тарқалган бошқа маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Сўнгги хулосани эса қонунни ҳимоя қилувчи органлар айтади.