Устоз — қалбларга зиё, йўлларга йўлчи, авлодлар камолотига масъул буюк касб эгасидир. Халқимиз азалдан устозни маънавий падар сифатида улуғлаб, унинг меҳнати, сабри ва дуосини юксак қадрлаб келган.
Зеро, ҳар бир инсоннинг ҳаёт йўлида унга илм берган, эзгуликка ундаган, ўз ишига меҳр билан ёндашишни ўргатган устозининг алоҳида ўрни бор.
Бугунги саҳифамизда ҳам ана шундай шарафли ва фидойи касб эгаларининг ибратли фаолияти ҳақида сўз юритамиз. Улар — 1-умумтаълим мактаби директори Хулкар Аманбаева, 4-мактаб директор ўринбосари Нилуфар Ачилова ҳамда 16-мактаб рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Айгул Сражиева.
Уларнинг таълим-тарбия йўли, устозлик фаолияти ва шогирдлар қалбида қолдирган эзгу излари ҳақида ҳикоя қиламиз.
- Педагоглик касбини танлашингизга нима сабаб бўлган? Болаликдаёқ ўқитувчи бўлишни орзу қилганмисиз?
- Устозлик фаолиятингизда сизга энг катта таъсир кўрсатган устоз ким бўлган ва ундан нимани ўргангансиз?
- Сизнингча, ҳақиқий устоз қандай бўлиши керак? Яхши устоз бўлиш учун фақат билим беришнинг ўзи етарлими?
- Фаолиятингиз давомида ўқувчиларингиздан олган энг катта сабоғингиз нима?
- Ўқувчиларингиздан бири ҳаётда катта муваффақиятга эришганида қандай ҳисларни бошдан кечирасиз?
- Ўқитувчилик фаолиятингизда сизга энг қийин бўлган давр ёки воқеа қайси? Уни қандай енгиб ўтгансиз?
- Бугунги ёшларнинг устозларга муносабатида қандай ўзгаришларни кўряпсиз?
- Замонавий технологиялар, телефон ва интернет таълим жараёнини сиз учун енгиллаштиряптими ёки янги қийинчиликларни ҳам пайдо қиляптими?
- Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан ҳамкасбларингизга тилагингиз…
ЎЗ КАСБИНИ БИЛМАГАН УСТОЗНИ
ЎҚУВЧИ ҲУРМАТ ҚИЛМАЙДИ

1971 йил Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида зиёли оилада туғилган. 2025 йилда «Халқ таълими фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирланган, 1-сонли ИДУМ директори.
- Менда устозлик касбига бўлган илк меҳр ва ҳавас, энг аввало, оиламда — онам сабабли уйғонган. Онам бошланғич таълим фани ўқитувчиси эдилар, у кишининг меҳнати ва фидойилигини кўриб улғайганман. Кейинчалик, мактаб давримда она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси — Фарида опа Давлатова ҳаётимда жуда катта рол ўйнади. Уларнинг сабоқлари сабаб келажакда ўқитувчи бўлишни мақсад қилдим.
- Касбий шаклланишимда Турдихон опа Ёқубжонованинг ўрни беқиёс. 1993 йилда илк бор меҳнат фаолиятимни бошлаган давримда у киши менга нафақат соҳа сирларини, балки ҳаётнинг энг катта сабоқларини бериб, ҳақиқий устозлик мактабини ўтаганлар.
- Назаримда, шунчаки билим беришнинг ўзи етарли эмас. Чинакам устоз — фақатгина китобдаги маълумотларни етказувчи эмас, балки ўқувчига ҳаёт йўлини кўрсатувчи машъал ва шахсий ибрат бўлиши керак. Ҳақиқий устоз ўз ўқувчисини тинглай оладиган, унинг иқтидорини пайқаб, тўғри йўналтира оладиган ва энг муҳими — ўз касбини самимий меҳр билан севадиган инсондир.
- Педагогик фаолиятим давомида шунга амин бўлдимки, устоз фақат ўргатиб қолмай, ўзи ҳам ўқувчиларидан кўп нарсани ўрганар экан. Ўқувчиларимдан олган энг катта сабоғим — бу беғубор самимият, ҳар бир кунга болаларча беғуборлик билан қувониш ва ҳеч қачон таслим бўлмаслик руҳидир. Уларнинг берадиган кутилмаган ва самимий саволлари мени доимо ўз устимда ишлашга ундайди.
- Бу — ўқитувчи учун энг олий мукофот ва чексиз бахтдир! Ўқувчиларимнинг ютуғини, жамиятда ўз ўринларини топганини кўрганимда, қалбимни чексиз фахр ва ифтихор туйғуси эгаллайди. Уларнинг муваффақиятларида ҳиссам борлигини ҳис қилиш менга янада куч-ғайрат бағишлайди. Ўқувчиларимдан бири шаҳримиздаги энг катта тадбиркорлардан. Шу ўқувчим 5-синфда онаси билан Сирдарёдан кўчиб келган ва айрим кунлари мактаб дарсларидан жавоб сўраб савдо билан шуғулланадиган онасига ёрдам берарди. Аммо дарсларини етказиб оларди. Онаси билан жудаям кўп қийинчиликларни бошидан кечирди, лекин ёшгина бўлиб асло енгилмади, нолимади. Энг асосийси шукронаси бор бола эди. Йиллар жудаям тез ўтиб, катта тадбиркорга айланди. Ўз кўзим ва қалбим билан сезганман унинг машаққатли ҳаётини…
- Фаолиятим давомида ҳаётдаги энг қийин кунларим фарзандимнинг хасталиги, турмуш ўртоғимнинг вафот этиши билан боғлиқ бўлган кунлардир. Аммо мана шу нондек азиз бўлган касбим билан меҳрибон онам, жигарларим, қадрдон касбдошларимнинг кўмаги, қўллаб-қувватлашлари билан енгиб ўтганман. 7. Замонамиз шиддат билан ривожланаётган бир даврда яшаяпмиз. Мен ёшлар ҳақида катталарни ҳурмат қилмайдиган, устозларни менсимайдиган айрим қатлам ёшларига қараб баҳо бермайман. Сабаби жудаям билимли, юксакларга интилаётган, зукко, устозларини ўз ота-онасидек биладиган ёшларимиз жудаям кўп. Қайси устоз ўз касбини яхши билмаса, адашиб бу касбда юрган бўлсагина уни ўқувчилар ҳурмат қилмайди ва унинг фанини ўқимайди. Аксинча, мен ҳозирги замон ёшларига жудаям ҳавас қиламан, чунки билим оламан, касб эгаллайман, дунё юзини кўраман, деган ёшларга Президентимиз ҳар томонлама шароитни яратиб қўйган.
- Замонавий технологиялар ўз ўрнида қўллай олганларга албатта енгиллик яратаяпти. Ҳар қандай янгиликни яхшилик йўлида фойдаланишлари учун биз устозлар ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиб борсак, йўлчи юлдуз бўлолсак албатта, ҳаммаси яхшиликка хизмат қилади.
- Сермашаққат, шарафли улуғ касб эгаларимиз. Сабаби энг катта ютуқларга эришаётган инсонларни, дунёни забт этаётганларни ҳам биз устозлар тарбиялаймиз, таълим берамиз. Шундай экан, улуғ айём кунларида Ўзбекистондаги барча ҳамкасбларимни касб байрамлари билан табриклаб, дунёда нимаики эзгу ниятлар бўлса барчасини тилайман.
КАМОЛОТГА
ЕТАКЛОВЧИ ИНСОН

1977 йили Жиззах вилоятида зиёли оилада туғилган. 2025 йилда «Халқ таълими фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирланган, 4-сонли мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари.
- Устозлик касбини танлашимга асосий сабаб ўқитувчилар оиласиданман. Дадам ҳам онам ҳам ўқитувчи бўлган.
- Устозлик фаолиятимда менга энг катта таъсир кўрсатган инсонлардан бири — ўз устозларим бўлган. Улардан, аввало, касбга садоқат, ҳар бир ўқувчига алоҳида ёндашиш ва инсонни аввало инсон сифатида қадрлашни ўргандим. Устоз фақат билим берувчи эмас, балки ўқувчининг қалбига йўл топа оладиган, унга ишонч ва умид бера оладиган инсон бўлиши кераклигини англадим. Бугунги фаолиятимда ҳам ана шу сабоқларга таянаман.
- Менинг назаримда, ҳақиқий устоз аввало ўз касбини ва шогирдларини чин дилдан севиши керак. Фақат билим беришнинг ўзи етарли эмас. Устоз ўқувчини тинглай олиши, уни тушуниши, қўллаб-қувватлаши ва яхши инсон бўлиб камол топишига йўл кўрсатиши лозим. Чунки ўқувчи устозининг нафақат айтган сўзини, балки муомаласи, одоби ва ҳаётга муносабатини ҳам ўрганади. Шунинг учун устознинг шахсий намунаси ҳам жуда муҳим.
- Ўқувчиларимдан олган энг катта сабоғим — ҳар бир инсоннинг ўз дунёси борлиги ва ҳар бир қалбга ўз йўли билан ёндашиш кераклиги. Йиллар давомида турли характердаги, турли орзу ва мақсадларга эга бўлган болалар билан ишладим. Улар менга сабрли бўлишни, ҳар бир кичик ютуқни қадрлашни ва инсонга ишонч билдириш қанчалик муҳим эканини ўргатишди. Баъзан биз болага нимадир ўргатаман деб ўйлаймиз, аслида эса улар ҳам бизга ҳаётнинг жуда кўп ҳақиқатларини ўргатишади.
- Бундай пайтда қалбимда жуда катта қувонч ва фахр пайдо бўлади. Чунки устоз учун шогирдининг ютуғи — меҳнатининг энг катта меваси. Айниқса, йиллар ўтиб, шогирдларингиз ўз соҳасида муваффақият қозониб, сиз билан учрашиб, «Устоз, сиздан олган сабоқларим менга жуда асқотган», деса, бунинг ўзи катта бахт. Шундай лаҳзаларда 27 йиллик меҳнатим беҳуда кетмаганини ҳис қиламан.
- Педагогик фаолиятда қийинчиликларсиз ишлашнинг ўзи қийин. Айниқса, турли характер ва тарбияга эга бўлган ўқувчилар билан ишлашда сабр ва катта масъулият талаб этилади. Мен ҳар қандай қийин вазиятни аввало хотиржамлик, сабр ва мулоқот орқали ҳал қилишга ҳаракат қилганман. Ўзимга доимо: «Ҳар бир муаммонинг ечими бор, энг муҳими — болани йўқотиб қўймаслик», деган тамойилни қўйганман. Қийинчиликлар инсонни чарчатиши мумкин, аммо улар тажрибани ҳам бойитади.
- Бугунги ёшлар жуда изланувчан, эркин фикрлайдиган ва ахборотни тез ўзлаштирадиган авлод. Улар устоздан нафақат билим, балки замонавий ёндашув ва самимий муносабатни ҳам кутишади. Илгаригидек устозни фақат билим манбаи сифатида эмас, балки маслаҳатчи ва йўл кўрсатувчи сифатида қабул қилишмоқда. Албатта, замон ўзгариши билан муносабатлар ҳам ўзгаради. Лекин устозга бўлган ҳурмат, миннатдорлик ва инсонга бўлган эҳтиром каби қадриятлар ҳар қандай даврда ўз аҳамиятини сақлаб қолиши керак.
- Замонавий технологияларнинг таълимдаги имкониятлари жуда катта. Интернет орқали керакли маълумотни тез топиш, янги усуллардан фойдаланиш ва ўқувчилар билан янада қизиқарли машғулотлар ташкил этиш мумкин. Шу билан бирга, телефон ва интернетдан нотўғри фойдаланиш диққатни чалғитиши ҳам мумкин. Шунинг учун асосий вазифа технологияни чеклаш эмас, балки ундан тўғри ва мақсадли фойдаланиш маданиятини шакллантириш деб ўйлайман. Замонавий устоз ҳам замон билан бирга изланиши керак.
- Аввало, барча устоз ва мураббийларни Устозлар куни билан чин қалбимдан табриклайман. Ҳар бир устозга мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик, касбий фаолиятида улкан муваффақият ва меҳнатининг муносиб қадрланишини тилайман.
БОЛАЛАР – ОТА-ОНАНИНГ УМИД ҒУНЧАСИ

1985 йил Сурхондарё вилоятида зиёлилар оиласида таваллуд топган. 2025 йилда «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланган, 16-умумтаълим мактабининг рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.
- Устозлик касбига меҳрим болаликдан шаклланган. Болалигимда қўғирчоқларимни ўқувчи қилиб, уларга дарс ўтишни яхши кўрардим. Ўша пайтларда бу шунчаки болалик ўйинидек туюлган, аммо кейинчалик бу касб менинг ҳаётимдаги энг муҳим йўлга айланди.
Мен учун ўқитувчилик — шунчаки дарс бериш эмас. Бу боланинг қалбига йўл топиш, унга ишонч бериш, тўғри йўл кўрсатиш ва унинг келажагига оз бўлса-да ҳисса қўшишдир. Шунинг учун устозликни танлаганимдан ҳеч қачон афсусланмаганман.
2. Ҳаётимда менга сабоқ берган устозларим жуда кўп. Ҳар биридан ўзим учун қандайдир ибрат олганман. Айниқса, меҳр билан таълим бериш, ҳар бир ўқувчига алоҳида шахс сифатида қараш, сабрли бўлишни ўргатган устозларимни алоҳида қадрлайман.
Устозларимдан олган энг катта сабоғим — болани фақат баҳоси ёки хатоси билан эмас, унинг қалби ва имконияти билан кўра билиш.
3. Менимча, ҳақиқий устоз аввало ўз касбини севиши керак. У билимли, талабчан ва адолатли бўлиши билан бирга меҳрибон ва сабрли ҳам бўлиши зарур.
Фақат билим беришнинг ўзи етарли эмас. Устоз болага инсон бўлишни, ҳурмат қилишни, масъулиятни, меҳнат қилишни ва ўз кучига ишонишни ҳам ўргатиши керак.
Баъзан бир оғиз яхши сўз ёки ўқувчига билдирилган ишонч унинг бутун ҳаётини ўзгартириши мумкин.
4. Ўқувчиларим менга сабрни, ҳар бир инсоннинг ўзига хос дунёси борлигини ва инсонга ишонч билдириш қанчалик муҳимлигини ўргатдилар.
Уларнинг саволлари, хатолари, ютуқлари менга ҳар куни яна бир нарсани эслатади: устоз ҳамиша ўрганишда давом этиши керак.
Шунинг учун мен ўқитувчи фақат ўқитмайди, у ҳам ўқувчиларидан ўрганади, деб ҳисоблайман.
5. Бунинг таърифини сўз билан ифодалаш қийин. Ўқувчингизнинг муваффақиятини кўрганингизда, худди ўз фарзандингиз ютуғи каби қувонасиз. Айниқса, бир пайтлар сиз унга ишонч билдирган, қўллаб-қувватлаган бўлсангиз, унинг катта инсон бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топганини кўриш устоз учун энг катта бахтлардан бири. Устознинг энг катта мукофоти — шогирдининг ютуғидир.
6. Ўқитувчиликда осон даврлар билан бирга қийин кунлар ҳам бўлади. Айниқса, турли характердаги ўқувчилар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини тушуниш ва бир вақтнинг ўзида талабчанликни сақлаш осон эмас. Бундай вазиятларда мен сабр қилишга, ҳар бир муаммони шошилмасдан ҳал қилишга ҳаракат қиламан. Ўзимга доимо: «Бу бола ҳам кимнингдир умиди, кимнингдир фарзанди. Унга тўғри йўл кўрсатиш менинг вазифам», деб эслатаман.
7. Бугунги ёшлар жуда тез фикрлайди, ахборотни тез қабул қилади ва ўз фикрига эга. Шу билан бирга, улар билан мулоқот қилишда замон талабларини ҳисобга олиш керак. Менимча, ҳозир устоз ва ўқувчи ўртасида ўзаро ҳурмат ва ишонч жуда муҳим. Ўқувчи устозини ҳурмат қилиши билан бирга, устоз ҳам унинг шахсиятини ҳурмат қилиши керак.
8. Замонавий технологиялар таълим учун катта имкониятлар яратмоқда. Интернет орқали керакли маълумотни тез топиш, дарсларни қизиқарли ташкил қилиш, турли электрон ресурслардан фойдаланиш мумкин. Аммо телефон ва интернетнинг салбий томонлари ҳам бор. Энг муҳими — ўқувчи технологиядан фойдаланиши керак, технология эса ўқувчини бошқариб қолмаслиги керак. Шунинг учун бугунги устознинг вазифаси фақат билим бериш эмас, балки болага ахборотни тўғри танлаш ва ундан оқилона фойдаланишни ҳам ўргатишдир.
9. Барча устозларим ва ҳамкасбларимга аввало мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик, куч-ғайрат ва касбимизга бўлган меҳр тилайман.
Ҳар бир дарсимиз самарали, ҳар бир ўқувчимиз биздан рози бўлсин. Меҳнатларимиз ўз натижасини шогирдларимизнинг ютуқларида кўрсатсин.
Муҳлиса РАҲМАТУЛЛАЕВА