Accident at work of construction worker at site. Builder accident falls scaffolding on floor, Safety team helps employee accident.
Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 октябрдаги ПҚ-347-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинди. Мазкур қарор билан меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги бир қатор муҳим низомлар тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 819-сонли “Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасига оид айрим низомларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори юртимизда меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлди.
Жумладан, ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида, Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқдан ўтказиш, ўқитиш ва билимларни текшириш, малака ошириш ҳамда қайта тайёрлаш тўғрисида, Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисида, Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил тўғрисида низомлар қабул қилинди. Мазкур қарорнинг металлургия соҳасида ҳам аҳамияти катта. Маълумки, металлургия ишлаб чиқариши юқори хавфли соҳалардан бири ҳисобланади.
Юқори ҳарорат, оғир ва йирик ускуналар, босим остидаги агрегатлар, хавфли ва зарарли ҳамда кимёвий омиллар – буларнинг барчаси меҳнат муҳофазасига алоҳида эътибор талаб қилади. Қарор асосида металлургия корхоналарида ҳам меҳнат муҳофазаси хизмати фаолияти қайта кўриб чиқилади ва янада тизимлаштирилади.
Хусусан, ҳар бир ходимнинг билим ва кўникмалари мунтазам равишда текшириб борилади. Барча иш ўринлари бўйича йўриқномалар амалдаги талабларга мувофиқ қайта ишлаб чиқилади. Меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллар институти фаолияти кучайтирилади. Бу эса ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, касб касалликларини камайтириш ва соғлом меҳнат муҳитини яратишга хизмат қилади.
Азиз металлурглар! Хавфсиз меҳнат – барқарор ишлаб чиқариш ва оилаларимиз фаровонлигининг гаровидир. Келинг, меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя қилишни кундалик маданиятимизнинг ажралмас қисмига айлантирайлик!
Ўктам ЎСАРОВ,
Тошкент вилояти Давлат меҳнат инспекцияси, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат техник инспектори.