Ўтган ёз жудаям иссиқ келди. Оқшом пайти ариқ ва кўлмаклар ёқасида қурбақаларнинг «концерти» бўлмоқда. Атрофда уларнинг овозидан бошқа ҳеч қандай сас эшитилмаяпти. Шаҳримиздаги 12-сонли мактаб атрофи ҳам одатдагидек сокин, мактаб ўқувчилар шовқинидан қулоқлари тин олмоқда эди.
Шу пайтда Шаҳризода юрагида ҳаяжон, кўзларида интизорлик билан янги таниши — ўзини Баҳодир деб таништирган йигитни кутаётган эди. Телефон орқали бошланган суҳбат унга самимий туюлган, ишонч уйғотганди. Кўп ўтмай у келди. Оддий, мулойим, келишган йигит. Улар саломлашиб, мактаб атрофида сайр қила бошлашди. Суҳбат оддий мавзулардан бошланиб, секин-аста илиқлашаётгандек эди. Шаҳризода унинг гапларига ишониб, минг йиллик танишдек унинг олдида ўзини хотиржам ҳис қиларди.
— Телефонингни бир бериб турсанг, бир қўнғироқ қилиб оламан, — деди йигит бироздан сўнг.
Шаҳризода иккиланмади. Ахир, ишонч бор жойда шубҳага ўрин қолмайди-ку. У янги, кредитга олинган телефонини узатди. Йигит гўё ким биландир жиддий гаплашаётгандек, телефонни қулоғига тутиб, секин юриб кетди. Бир неча дақиқа кимдир билан гаплашгандай туюлди. Шаҳризода Баҳодирнинг ортидан қараб қолди. Йигит эса борган сари узоқлашар, ниҳоят кўздан ғойиб бўлди.
Шаҳризода ҳайрон. Нима бўлаётганини англамай қолди. Тун паллада кўчада бир ўзи қолган, бир лаҳзалик ишонч уни пушаймон қилди. Ақлини йиғиб, бир дўконга кириб, йигитга телефон қилди. Йигит зарур иши чиқиб хаёл билан унинг телефонини олиб кетиб қолганини уқтиришга ҳаракат қилди ва эртага қайтаришини айтди.
Икки уч кун ўтиб Шаҳризода яна қўнғироқ қила бошлади. Йигит олмади. Охири ИИБ биносига бориб йигитнинг устидан ариза қолдирди. ИИБ ходимлари аниқлашича телефон бозорда арзонга сотиб юборилган.
Судда йигит айбини тан олди, қилмишидан пушаймонлигини билдирди. Зарар қопланди, телефон қайтарилди. Шаҳризоданинг илк муҳаббати, йигитларга бўлган ишончи, кўнглидаги беғуборлик телефон билан йўқолиб кетди.
Маъмуржон Тўйчиев,
жиноят ишлари бўйича
шаҳар суди раиси.