Оталикни белгилаш ва фарзандликка олиш бир-биридан фарқ қилувчи ҳуқуқий тушунчалардир. Уларнинг ҳар бири алоҳида тартиб ва ҳуқуқий асосларга эга.
Оталикни белгилаш — боланинг биологик отаси ким эканини расмий равишда аниқлаш жараёнидир. Агар ота ва она никоҳда бўлмаса, бола туғилганидан сўнг оталик алоҳида тартибда белгиланади. Оталик белгилангандан кейин бола отасининг фамилиясини олиши, шунингдек, ота фарзандига нисбатан қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиши мумкин.
Фарзандликка олиш эса бутунлай бошқа ҳуқуқий жараён ҳисобланади. Бунда шахс ёки оила бошқа бир болани қонунчиликда белгиланган тартибда ўз фарзанди сифатида қабул қилади. Фарзандликка олиш натижасида бола билан уни фарзандликка олган шахслар ўртасида қонунан ота-она ва фарзандлик муносабатлари вужудга келади.
Шунингдек, бу икки жараённинг мақсади ҳам турлича. Оталикни белгилашда боланинг биологик отасини расмий тан олиш масаласи ҳал этилса, фарзандликка олишда эса боланинг янги оилада тарбияланиши ва унинг ҳуқуқий жиҳатдан фарзанд мақомига эга бўлиши таъминланади.
Қисқача айтганда, оталикни белгилаш — биологик отани расмий тан олиш, фарзандликка олиш эса болани қонунан ўз фарзанди сифатида қабул қилиш жараёнидир.
Раъно Абдуназарова,
шаҳар ФҲДЁ бўлими 1-тоифали инспектори