2026 йил 1 сентябрдан Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали давлат хизматлари учун виртуал тўлов картаси ёрдамида тўлов қилиш имконияти яратилади.
Ортиқча ёки нотўғри тўланган маблағлар, давлат хизмати белгиланган муддатда кўрсатилмаган ёки асоссиз рад этилган ҳолатларда тўланган маблағлар фуқаронинг картасига автоматик равишда қайтарилади. Виртуал тўлов картасини очиш ва ундан фойдаланиш учун комиссия ундирилмайди.
Вояга етмаган шахслар ўз ҳуқуқларини мустақил ҳимоя қилиш мақсадида судларга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод этилади. Бу тартиб болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.
2026 йил 1 октябрдан фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми ёки туғилган санаси ўзгарган тақдирда, ушбу маълумотлар давлат органларининг ахборот тизимларида қўшимча мурожаатларсиз автоматик равишда янгиланади. Бу эса фуқароларнинг турли идораларга қайта-қайта мурожаат қилиш заруратини бартараф этади.
2026 йил 1 ноябрдан кредит тўлиқ сўндирилгандан сўнг кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларига қўйилган гаров ва тақиқлар проактив тартибда автоматик равишда ечилади. Мазкур тартиб ҳам фуқаролар учун вақт ва ортиқча оворагарчиликларни камайтиришга хизмат қилади.
Фуқароларни турли реклама қўнғироқлари ва SMS-хабарлар орқали безовта қилишнинг олдини олиш мақсадида ҳам янги тартиблар жорий этилмоқда. Энди реклама хабарлари фақат фуқаронинг розилиги билан юборилади.
Реклама қўнғироқларини соат 18:00 дан 09:00 гача амалга ошириш тақиқланади. Абонентнинг хоҳишига кўра бундай қўнғироқ ва хабарларни блоклаш имконияти ҳам яратилади.
Ушбу янгиликларнинг барчаси давлат хизматларини янада қулай, тезкор ва шаффоф ташкил этиш, фуқароларнинг вақт ва маблағини тежаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган.
Сабоҳат Аллақулова,
шаҳар ФҲДЁ бўлими 1-тоифали инспектори.