Ўзбекистоннинг 35 йиллик мустақиллик йўли — бу нафақат давлатчилик асосларининг мустаҳкамланиши, балки янги давр кишиси ва юксак маънавиятли авлоднинг шаклланиш тарихидир. Шу боис, мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи олдидан илгари сурилган «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» эзгу шиори бугун мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида, хусусан, Янги Ўзбекистоннинг саноат ва интеллектуал маскани бўлмиш Олмалиқ шаҳрида ҳам янгича маъно ва куч-ғайрат билан акс этмоқда.
Олмалиқ шаҳри — фақатгина металлургия ва қазилма бойликлар маскани эмас, балки Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшаётган, меҳнатсевар ва шижоатли ёшлар шаҳри ҳамдир. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: «Барчамиз учун Ватан битта. Бизни ягона, улуғ бир мақсад бирлаштиради. У ҳам бўлса, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигидир. Барчамиз биргаликда Янги Ўзбекистонни албатта барпо этамиз».
Тарихга назар ташласак, Жалолиддин Мангубердининг мўғул босқинчиларига қарши мардонавор кураши, Шайх Нажмиддин Кубронинг Ватан ҳимояси йўлидаги жасорати, Соҳибқирон Амир Темурнинг юртни мўғул босқинчиларидан озод этиб, қудратли давлат барпо этгани, жадид маърифатпарварларининг миллат тақдири учун қайғургани — бугунги авлод учун ҳақиқий матонат ва мардлик мактабидир.
Олмалиқ ёшлари ана шундай улуғ аждодларнинг руҳини шод этиш, улар қолдирган бой маънавий ва тарихий меросга муносиб ворис бўлиш учун чуқур билим эгаллашни ва ўз соҳасининг энг етук мутахассисига айланишни бурч деб билмоқдалар.
Мавлоно Фузулийнинг «Менинг битта ҳаётим бор, бордию мингта ҳаётга эга бўлган тақдиримда ҳам ҳаммасини Ватан учун сарфлаган бўлур эдим», деган сўзлари ҳамда Абдулла Авлонийнинг:
«Сенинг исминг бу дунёда муқаддасдир,
Ҳар ким сенинг қадринг билмас — ақли пастдир» деган мисраларида таъкидланганидек, Ватаннинг бебаҳо қадрини юракдан англаб, унга фидойилик билан хизмат қилган авлодгина «ватанпарвар» деган шарафли номга сазовор бўлади.
Сўнгги йилларда яратилаётган беқиёс имкониятлар, «Ёшлар дафтари», беш муҳим ташаббус ва истеъдодларни қўллаб-қувватлашга қаратилган грантларнинг барчаси ягона буюк мақсадга — мустақиллигимизни абадий ва собит сақлашга хизмат қилмоқда.
Зеро, мустақилликни сақлаб қолиш ва уни абадий қилиш фақат чегараларни қўриқлаш билангина эмас, балки рақобатбардош, интеллектуал ва ватанпарвар ёшларни камолга етказиш орқали ҳам амалга оширилади. Олмалиқ каби йирик саноат шаҳрини ривожлантириш ва ёшларни юқори технологияли ишлаб чиқаришга жалб этиш бўйича берилаётган топшириқлар олмалиқлик йигит-қизларга катта масъулият ва ишонч юклайди.
Модомики, биз буюк келажак сари интилар эканмиз, ҳар бир олмалиқлик ватанпарвар ёш ўз вазифасига садоқат билан ёндашиб, Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий бунёдкорига айланиши муқаррардир.
Фарҳод Ахмедов,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти ўқитувчиси, подполковник, доцент.
Шербек Раҳимов
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти ўқитувчиси, майор, доцент.