Инсон умри — бу фақат йиллар йиғиндиси эмас. У синовлар, сабр, меҳр ва садоқат билан йўғрилган босилмас издир. Ҳар бир оиланинг ўз қиссаси бор, аммо шундай оилалар борки, уларнинг ҳаёти бутун бир авлодга ибрат бўлади. Чунки бу оилаларда нафақат бирга яшаш, балки бирга қариш, бирга қувониш ва бирга бардош бериш мужассам. Қўша қариш — бу шунчаки узоқ йил бирга яшаш эмас. Бу бир-бирига бўлган ҳурмат ва ишонч, оғир кунларда бирга туриш, қувончли лаҳзаларни бирга бўлишишдир. Бундай саодат ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.

Бугунги шиддатли замонда, оилавий қадриятлар баъзан эътибордан четда қолаётган бир пайтда, бундай ҳаёт йўлини босиб ўтган инсонлар ҳақида гапириш — нафақат муҳим, балки зарурдир. Чунки уларнинг ҳаётида сабоқ бор, маъно бор, ҳақиқий бахт нима эканини англатадиган ибрат бор. Ана шундай нурли ва 61 йил бирга умгузаронлик қилган, Умра ва Ҳаж сафарларини адо этган, юзларидан фариштлар андоза олувчи умр соҳиблари — Абдухалил ҳожи ота Жўраев ва Ҳидоят ҳожи она Жўраевалардир.
Абдухалил ота 1947 йил 9 май куни, Ҳидоят она эса 1948 йил 23 ноябрда таваллуд топган. Улар 1965 йил 25 август куни турмуш қуриб, 61 йил давомида бирга ҳаёт кечириб келмоқдалар. Ҳозирги кунда улар У.Носир маҳалла фуқаролар йиғинида яшаб, файзли ва баракали хонадон соҳиблари сифатида эъзозда.
ҲАЛОЛ МЕҲНАТ БИЛАН МУСТАҲКАМЛАНГАН ОИЛА
Абдухалил ота 42 йил давомида ҳайдовчилик касбида фаолият юритиб, ҳалол меҳнати билан оиласини таъминлади. Унинг ҳар бир куни масъулият ва фидойилик билан ўтди. Ҳидоят она ҳам ёшлигидан меҳнатнинг аччиқ-чучугини тотган. 16 ёшида турмушга чиққан бу аёл, турмуш ўртоғи 3 йил давомида ҳарбий хизматда бўлган пайтларда “Гулистон” колхози далаларида меҳнат қилиб, оиланинг оғир юкини кўтарган.
Қаҳрамонларимизнинг 6 нафар фарзанди, 25 нафар невара ва 25 нафар чевараси бор. Фарзандларининг ҳар бири жамиятда ўз ўрнига эга бўлган меҳнаткаш инсонлардир. Тўнғинч фарзанд Анвар Жўраев ОКМК АЖ СТТБда катта уста, Санобархон Ҳайлиқулова ҳам ушбу корхона иш тақсимловчиси, Шавкат Жўраев шаҳримиздаги Ғишт заводида уста, Баҳром Абдуҳалилов эса ОКМК АЖ АТБда ҳайдовчи, Мунаввар Жўраева солиқ инспекцияси ходими, кенжа фарзанд — Дилором Абдурайимова муҳандис. Бугунги кунда уларнинг фарзандлари ҳам турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб, жамият ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Кенг ва аҳил оила сифатида уларнинг авлодлари ҳам эзгу қадриятларни давом эттириб, бу оилани барчага намуна қилиб кўрсатмоқда.

ҚАЙНОНА — ОИЛА УСТУНИ
Ҳидоят она қайнонаси Ҳикматой она Ғаниевани эслаганда, кўзлари намланиб шундай деди:
“Қайнонамни эсласам, гўё ўз онамни эслагандек бўламан. У киши 1920 йилда дунёга келган, ҳаёти давомида қанча қийинчиликларни кўрган бўлса-да, бирор марта шикоят қилганини эшитмаганман. Қайнонам нафақат уйнинг каттаси, балки бутун оиланинг таянчи эди. Улар 60 йил давомида менга нафақат маслаҳатчи, балки ҳақиқий ҳамдард, елкадош бўлиб келди. Болаларимни тарбиялашдаги сабр-тоқати, меҳри ва адолати билан ҳаммага ўрнак бўларди. Ҳозиргидек ёдимда ёш келин бўлган пайтимда кўп нарсани билмасдим. Қайнонам мени ҳеч қачон койимасди, аксинча, юмшоқ сўз билан ўргатарди. ‘Болам, шошилма, ҳар нарсанинг ўз вақти бор’, дердилар. Шу гаплар ҳалигача қулоғимда жаранглайди.
Ишонасизми, катта ўғлим мени эмас, қайнонамни ‘она’ дерди,” — деб кўзларига ёш олади Ҳидоят она. — “Аввалига буни эшитиб, ҳайрон бўлардим. Кейин тушундим — бу мен учун эмас, қайнонам учун энг катта эътироф экан. Чунки у киши ҳақиқий онадек меҳр берган эди”.
105 йил умр кўрган Ҳикматой она ортида нафақат катта авлод, балки ўчмас хотира, эзгу дуолар ва ибратли ҳаёт қолдирди.

ҲАЁТДАН ОЛИНГАН ЭНГ КАТТА САБОҚ
Абдухалил ҳожи ота ҳаёт йўлида кўп нарсани кўрган, кўп нарсаларни бошидан кечирган инсон сифатида шундай дейди:
“Ҳаёт менга ўргатган энг катта сабоқ — бу сабр ва қаноат. Афсуски, ҳозирги ёшларда шу икки нарса камроқ сезилади. Ҳаммасига тез эришмоқчи, натижани дарров кўрмоқчи бўлишади. Лекин ҳаёт шошқалоқликни ёқтирмайди. У сабрлиларни, меҳнат қилганларни мукофотлайди. Мен доим айтаман: «Ота-онанинг энг катта вазифаси — фарзандига фақат муҳаббат бериш эмас, балки уни мустақил ҳаётга тайёрлашдир. Чунки биз абадий эмасмиз. Бир кун келиб, фарзанд ўз йўлини ўзи топишига тўғри келади.
Нафақага чиққанимдан кейин, оилавий рўзғорни катта ўғлимга ишониб топширдим. Шу орқали фарзандларим масъулиятни ҳис қилишни, пулнинг қадрини билишни, оила бошқаришни ўргандилар. Мен эса бир нарсани янада аниқ тушундим: агар фарзандга ишонсанг, у ишончни оқлашга ҳаракат қилади. Бизнинг зиммамиздаги юк — фарзандни асраш эмас, уни ҳаётга тайёрлашдир.
Шунинг учун барча ота-оналарга айтар гапим: фарзандингизни ҳаддан зиёд аяманг. Унга ишонинг, масъулият беринг, мустақил бўлишга ўргатинг. Ана шунда у ҳаётнинг ҳар қандай синовига тайёр бўлади.”
Мухлиса Тошпўлатова.