Президентимиз томонидан илгари сурилган «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» ҳамда «Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак» деган тамойиллар бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини белгилаб бермоқда.
Мазкур ёндашув асосида жойларда аҳоли билан мулоқотни кучайтириш, уларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги ПФ-4904-сонли, 2019 йил 17 январдаги ПФ-5633-сонли фармонлари ҳамда 2019 йил 9 февралдаги 4197-сон қарори талаблари асосида шаҳар Халқ қабулхонаси томонидан ташкилот ва муассасаларда мурожаатларни кўриб чиқиш ҳолати ўрганилди. Олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатдики, 2026 йилнинг биринчи чораги давомида Олмалиқ шаҳри аҳолисидан Президент виртуал қабулхонасига жами 1337 та мурожаат келиб тушган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 225 тага ёки 20 фоизга ошганини кўрсатади.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, уларнинг 46,5 фоизи ижобий ҳал этилган. Солиштириш учун, 2025 йилда ушбу кўрсаткич 51 фоизни ташкил этган. Бу эса айрим соҳаларда мурожаатларни ҳал этиш самарадорлигини янада ошириш зарурлигини кўрсатади.
Мурожаатлар мазмуни ва йўналишларига кўра турли ташкилотлар кесимида тақсимланган. Жумладан, энг кўп мурожаатлар уй-жой ва коммунал хизматлар, ички ишлар органлари, мажбурий ижро бюроси, шунингдек, иссиқлик ва электр таъминоти соҳаларига тўғри келади. Бу эса айнан ушбу йўналишларда аҳолини қийнаётган тизимли муаммолар мавжудлигини англатади.
Шу билан бирга, айрим мурожаатлар тўғридан-тўғри шаҳар Халқ қабулхонасига келиб тушган бўлиб, бу аҳолининг мазкур институтга бўлган ишончи ошиб бораётганидан далолат беради.
Аҳолини мурожаат қилишга мажбур қилаётган асосий омиллар — коммунал хизматлар сифати, инфратузилма муаммолари, ижтимоий ҳимоя ва бандлик билан боғлиқ масалалардан иборат.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганини унутмаслик ва уларга масъулият билан ёндашиш долзарб вазифалардан биридир.
Гулнора Балтаева,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олмалиқ шаҳридаги
Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси.