Азиз юртдошлар, муҳтарам мусулмонлар!
Сизларни ва бутун халқимизни улуғ айём — Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Аллоҳ таоло ушбу муборак кунларни юртимизга тинчлик, хонадонларимизга файзу барака, қалбларимизга иймон ва тақво сабаби айласин.
Қурбон ҳайити — бу фақат ҳайвон сўйиш байрами эмас, балки Иброҳим алайҳиссаломнинг итоати, Исмоил алайҳиссаломнинг сабри ва Аллоҳга бўлган муҳаббатнинг буюк намунасидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
“Бас, Роббинг учун намоз ўқи ва қурбонлик қил!”
(Кавсар сураси, 2-оят)
Яна бир оятда:
“Аллоҳга уларнинг на гўштлари ва на қонлари етиб боради. Лекин Унга сизларнинг тақвонгиз етиб боради.”
(Ҳаж сураси, 37-оят)
Демак, Қурбонликнинг асл моҳияти — тақво, ихлос ва Аллоҳга яқинлашишдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Қурбонлик куни одам боласи Аллоҳ наздида қон оқизишдан кўра маҳбуброқ амал қилмайди.”
(Имом Термизий ривояти)
Яна бир ҳадисда:
“Мўминларнинг ўзаро меҳр-муҳаббатда, шафқатда ва ҳамдардликдаги мисоли бир жасад кабидир.”
(Имом Бухорий ва Муслим ривояти)
Азиз биродарлар!
Бу муборак кунларда: қариндош-уруғлар ҳолидан хабар олайлик; камбағал ва муҳтожларни шод этайлик; ота-оналаримиз хизматида бўлайлик; араз ва кинадан қалбларимизни поклайлик.
Қурбон ҳайити — меҳр-оқибат, саховат ва биродарлик айёмидир.
Аллоҳ таоло қилган қурбонликларимизни, ибодат ва дуоларимизни даргоҳида қабул айласин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин. Беморларга шифо, қарздорларга нажот, вафот этганларимизга раҳмат ато этсин.
Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин! “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд.”
Қурбон ҳайитидаги вожиб амаллар
Ҳайит намози: Ҳайит куни эрталаб жамоат билан икки ракат ҳайит намозини ўқиш намоз ўқиши фарз бўлган барча муқим эркакларга вожибдир.
Қурбонлик сўйиш: Қурбонлик кунларида бойлик нисобига (аслий эҳтиёжларидан ташқари ортиқча маблағ ёки мулкка) эга бўлган, муқим (сафарда бўлмаган) мусулмонларга жонлиқ сўйиш вожиб ҳисобланади. Ташриқ такбирлари: Арафа куни (ҳайитдан бир кун олдин) бамдод намозидан бошлаб, ҳайитнинг тўртинчи куни аср намозигача (жами 23 та намоз) ҳар бир фарз намозидан кейин овоз чиқариб (эркаклар) «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар…» деб такбир айтиш вожибдир.
Қурбонлик гўштидан ейиш: Агар инсон назр (ваъда) қилмаган, балки ўзига вожиб бўлгани учун қурбонлик сўйган бўлса, унинг гўштидан ўзи ва оиласи ейиши вожиб (жоиз) амаллардандир.
Абдурашид Мирзахмедов,
шаҳар бош имом-хатиби.