Ўтган якшанба куни эҳсонга бордим. Сал эртароқ борибман, бироз имомнинг келишини кутдик. Ва ниҳоят у киши келдилар. Ичкарига, дастурхон атрофига одамлар билан бирга кирдим. Эҳсон бўлган жойда имом домла озгина бўлса ҳам маъруза қиладилар.
Маъруза мавзуси: “Қиёматда бўладиган ҳисоб-китоб” эди. Ўша даҳшатли кунда, мабодо савобингиз етмай қолиб, ўз яқинларингиздан озгина савоб сўрасангиз ҳам, ҳеч ким бермас экан.
— Ўғлим, савобингдан озгина бериб тур, етмай қолди, ўтиб олай…
— Узр, отажон, бу кунда бера олмайман. Ҳали мен ҳисобимни билмайман, балки меники ҳам етмай қолар…
Шу зайл одам аҳли аёлига, онасига, отасига зорланиб сўрар экан, аммо барча ўзини олиб қочадиган ҳолат бўлар экан. Бу — дўзах олови одамлар кўз олдида гавдаланган пайт, ҳамма фақат ўзи билан ўзи қўрқув ва ваҳимада турган вақт экан. Шунда қиз бола отасига юзланиб:
— Майли, отажон, менинг савобимдан олинг. Мен пешонамдан кўрдим, — дер экан.
Шу алфоздан кейин ота ҳисоби тўғриланиб, ўтиб кетгач, Аллоҳ таоло айтар экан:
— Ўзи бир ожиза бўла туриб, қисмати номаълум бўла туриб, отаси учун савобини берди. Мен нега энди бунга раҳм қилмас эканман? Кечдим гуноҳидан, сўроқсиз уни ҳам жаннатга ўтказворинглар, — дея фаришталарга хитоб қилар экан.
Бу сўзларни эшитарканман, кўзимга ёш келди. Ҳаёлимга кичкинагина қизалоғим келди: сафарга кетсам мени кўп эслайдиган, ишдан кеч қайтсам ухламай кутадиган қизалоғимнинг меҳри менинг меҳримдан ҳам баланд экан. Ҳатто қиёмат куни ҳам сўнмас экан. Шу ўйлар билан домлага қарадим. Шу жойида унинг ҳам, бошқа одамларнинг ҳам кўзи жиққa ёш эди. Илоҳим, қизалоғларимиз омон бўлсин. Энди тушундим: “Қиз бола отага меҳрибон бўлади”, деган жумлани.
Қизалоғи борлар, ҳозироқ қизчангизни пешонасидан ўпиб қўйинг. Агар улар ухлаб қолган бўлса ҳам.
Иззатилло РАҲМАТИЛЛОЕВ.