Кўчани бошига кўтариб у кўринди.
- Қоч, жинни келяпти!
Тўс-тўпалон кўпайди.
Гап сотгани тўпланган хотин-халаж, бола-чақа уйларига, уйи узоқроғи дуч келган томонга қоча бошлади.
Фақат кўчадаги водопровод жўмрагидан челакларга сув тўлдираётган келинчак парвойи – фалак эди. Панароққа қочиб улгурган қўшнилар ҳар қанча имлашмасин, тушунмади.
Бу маҳаллага тушганига аттиги бир ҳафта бўлиб, ҳали бу ернинг одамларини яхши билмас, “жинни келяпти” деб қочишганида, ширин хаёллар оғушида эди…
Сувга тўлган челакларни кўтариши билан ёнида турган сал ғалатироқ нотаниш қарияга кўзи тушди. Уялиб қўлидагиларини ерга куйди. Елкасига ташланган оппоқ рўмолини бошига солиб:
-Ассалому алайкум!- деб, келинчакларга хос назокату- ибо билан салом берди.
-Ия…Бу ким бўлди?
Жиннининг асаби бузилди. Мазза қилиб сўкинмоқчи бўлсаю, бу нозанин парво қилмаса. Бошқаларга ўхшаб, панага қочмаса. Шунақасиям бўларканда?!
Миясида саволлар ғужғон, аммо жавоб топишга ожиз қолди.
Кимдир сени одам қаторида кўрса, салом берса барибир бошқача бўларкан. Бундан таъсирланиб, кўзларига ёш тўлди ва эсидан чиқаёзган калималарни бир -бирига аранг улаб, жавоб қайтарди:
-Ва-алай-кум ас-салом… она қизим… кўп… яшанг! Раҳмат… бо-лам, отангизга раҳмат!
Бу сўзларни келинчак томон аланглай-аланглай, кўча бошигача такрорлаб кетди.
Маҳаллада бирпасда янги гап тарқалди: - Анув жинни бор-ку, фалончининг келинига сўкинмади. Вой, бир оғиз уят гап ҳам айтмади. Хатто-ки, саломига алик олди!
- Рост, ўз кўзимиз билан кўрдик. Рўмолини бошига ташлаб, жиннига салом берди. Юраги ҳам отнинг калласидек экан-а?
Келинчакнинг донғи етти маҳаллага ёйилди. Ҳурмати ошди.
“Ширинсухангина экан, телбани ҳам эритти-я” деб, мақташди.
…Жинни энди фақат шу кўчадан юрар, ҳеч кимга сўкинмас, баъзан ундан тобора ҳайиқмаётган чурвақаларга қўшилиб кечгача ўйнарди. Аслида эса келинчакни сувга чиқишини пойларди. У салом бергач, дуо аралаш алик олиб, сўнг қувончдан сакраб-сакраб қишлоқ четидаги кулбасига равона бўлишини ҳамма биларди.
Ақли заиф одамнинг дардига даво йўқ дейдилар. Аммо бу гап ғирт ёлғон экан. У тузала бошлади. Эгнидаги увадаларини ташлаб, сандиқда ётган охорли кийимларини кийди. Патак сочлари қиртишлатиб оппоқ соқолига шакл берилгач бип-бинойидек одамга айланди қолди. Уни аввал танимай қочишмади. Сўнг таниб ҳам қочмайдиган бўлишди… Жиннининг ҳам исми борлиги, қачондир ёлғиз боласи фожеали ҳалок бўлган Обид ота экани қишлоқдошларнинг ёдига тушди.
Келинчакка тақлид қилиб, «Ассалому алайкум, ота» деб салом бера бошлаганлар ҳам кўпайиб қолди.
Ота ўзига салом бера бошлаганларни ҳар куни бир бармоқ, бир бармоқ қўшиб, бармоқлари тугаб ҳисобдан адаша бошлаганидагина санамай қўйди.
Одам қаторида таклиф этила бошланган тўй-тўйчиқ, маракаларни ҳам саноғида адаша бошлади.
Худди аввалгидек етти маҳаллага азиз бўлди. Аммо барибир мўъжизаларни бошлаб берган келинчак яшайдиган кўчанинг қадри бўлакча эди. Ўша маҳалладан тўй, аза дараги чиқса ҳаммадан биринчи бўлиб бориб маросим бўлаётган дарвоза тагида қўл қовуштириб турарди.
Келинчак ўғилли бўлганида ҳам ҳаммадан кўп у қувонди. Кўз ёшлари оппоқ соқолига тўкилиб, дуо қилди: - Илойим ризқи билан бергани рост бўлсин! Шу ҳовлида униб-ўсиб ўзидан кўпайсин. Онасидай ширинсўз бўлсин!
У энди бу хонадонга серқатнов бўлди. Инжиқ қайнонанинг ирганиб “хай-халашига” ҳам қарамай, чилласи чиқмаган гўдакни бағрига босиб эркалатар, кажавачага рангли пуфаклар боғлаб икки кўчани айлантириб келарди. Сўраган-сўрамаган одамни тўхтатиб, водопровод олдидан бошланган мўъжизалардан ҳикоя қиларди.
Орадан ҳеч қанча ўтмай келинчак ҳам чақалоқ ҳам кўринмай қолишди.
У дарвоза олдида пойлар, чақирар, аммо зулфин тушмасди.
Бир ой шу тахлит ўтди. Ахийри чидамай қўшнилардан сўради.
-Келинни арзимаган майда-чуйда гаплар билан кетказиб юборишди ота ўғлини эса яна уйлармиш…
У қолганини эшитмади. Мияси карахт бўлиб гувиллаб кетди. Сўнг дарвозасини муштлаб:
-Ха, эси йўқ жинннилар-а!- дея ўкириб юборди.
Муаззам Иброҳимова