У кўчаларда машинасида нон кабоб тайёрлаб сотарди.
Ўша куни ҳам яхшигина савдо қилиш умидида гавжум кўчаларнинг бирида машинасидан стол-стул ва дастгоҳини олиб, сайёр ошхона қурди.
Нонларни тайёрлаб, кабобни ҳозирлаётганди, тўсатдан кўзи ерда ётган ҳамёнга тушди. У ёқ-буёққа ҳайрат билан қаради-да, ҳамённи олди. Истар-истамас ҳамённинг ичини очиб, бир даста пулни кўраркан, қарама-қарши ҳиссиётлар қуршовида қолди. Бир онда виждони ва эҳтиёжлари кураша бошлади. Бир неча йилдан бери кичик ошхонаси бўлишини, бир ерда ўтириб мазали таомларини хўрандаларга тортиқ қилишни истайди. Аммо сайёр кабобчиликдан топгани рўзғор харажатларию, болаларининг ўқишидан ортмайди. Бу пулга бемалол ўн-ўн икки ўринли ошхона қилиб олиш мумкин. Таомларининг донғи кетса, хўрандалари кўпайиб, секин-аста ошхонасини кенгайтиради. Лекин бу пуллар бир бечоранинг не машаққатларда топган пули бўлса-чи? Ундан барака топиши мумкинми? Ҳозир қаерлардадир зор қақшаб пулини излаб юргандир. Виждони билан ҳавасининг курашида виждони ғолиб келди. Кун бўйи тайёрлаган нон кабобларини сотиб, дастгоҳларини йиғиштирди-да, машинага ортиб, тўғри яқин орадаги маҳкамага борди. Бироз муддат сўраб-суриштирув ишларидан кейин полиция ходимлари ҳамён эгаси шу атрофдаги касалхоналардан бирида ётганини айтиб, кабобчини у ерга олиб боришди.
Ҳамён эгаси ётоқда ётган экан. Ҳамённи тортма устига олиб қўяр экан, ичидаги пуллар операция харажатлари учун йиққан маблағлигини айтди. Кабобчи ҳамширалардан беморнинг қарайдиган кишиси йўқлигини эшитди.
- Аллоҳ сендан рози бўлсин, ўғлим, — деди кекса бемор.- Айни пайтда сенга ўхшаган иймон-инсофли кишиларни учратиш қийин. Агар сенга малол келмаса, мени кўргани келиб турасанми? Сендай яхши инсонлар билан бир ҳаводан нафас олиш дарддан халос бўлишга ёрдам беради. Тили дуоли бу кекса беморнинг илтижоси кабобчининг юрак-бағрини ўртади. Бемор зиёрати мўмин учун гўзал амаллардан бири эканини билган кабобчи тез-тез кекса беморни кўргани борарди. Операциядан бироз вақт ўтиб, кекса беморнинг аҳволи оғирлашди ва бу сафар хасталик билан курашишга мажоли етмади. Кабобчи кекса дўстининг вафотидан қайғуга ботиб, унинг дафн ишлари билан шуғулланди. Жанозадан кейин соҳилга нон кабоб сотиш учун чиққан эди, махсус кийимли бир киши ёнига келди. Салом-аликдан кейин адвокат эканини айтиб таништирган киши, кабобчига бир хатжилд узатди. Кабобчи ҳайрон бўлиб хатжилдни очиб ўқир экан, ёш боладай ўксиб-ўксиб йиғлай бошлади.
Кабобчининг барча яхшиликларига жавобан кекса бемор адвокати воситачилигида ҳамма нарсасини сотиб, пулига шаҳарнинг энг гавжум кўчаларининг биридан дўкон олган ва уни виждонли кабобчига мерос қолдирган экан.
Турк тилидан
Умида АДИЗОВА
таржимаси.