Ўзбекистон мустақилликка эришгач, миллий ёзувни лотин графикасига ўтказиш ҳақидаги қонун 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган эди. Илк қабул қилинган алифбода турк тилидаги каби махсус белгилар (Ç, Ş, Ğ, Ö) қўлланилган. Бироқ орадан икки йил ўтиб, 1995 йилда алифбога ўзгартиш киритилди. Компьютер ва клавиатураларда махсус белгилардан фойдаланиш қийинлиги сабабли улар икки ҳарфли шакллар билан алмаштирилди:
• Ç → Ch
• Ş → Sh
• Ğ → Gʻ
• Ö → Oʻ
Ўша давр учун бу ечим техник жиҳатдан анча қулай ҳисобланган. Чунки Windows тизимлари, интернет браузерлари ва дастурларнинг аксарияти махсус ҳарфларни қўллаб-қувватламас эди. Ҳозирги алифбода айрим товушлар икки белгидан иборат ёзилади. Бу эса бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқаради. Биринчидан, Sh, Ch, Oʻ, Gʻ бирикмалари компьютер дастурлари томонидан икки алоҳида ҳарф сифатида қабул қилинади.
Масалан: «Sh» бир товуш бўлса-да, дастурда икки ҳарф ҳисобланади.
Иккинчидан, Oʻ ва Gʻ ҳарфларида қўлланиладиган тутуқ белгиси ҳам муаммо туғдиради. Амалда бир хил кўринадиган бир нечта турли белгилар ишлатилади:
• apostrof (‘)
• бир томонлама қўштирноқ (ʻ)
• тескари қўштирноқ (`)
• бошқа Unicode белгилари
Янги лойиҳада нима ўзгаради? Қонун лойиҳасига кўра, алифбо 28 та ҳарф ва битта тутуқ белгисидан иборат бўлади. Энг катта янгилик — икки белгили ҳарфларни ягона ҳарф билан алмаштиришдир.
Амалдаги алифбо: Sh, Ch, Oʻ, Gʻ, Ng; Таклиф этилаётган алифбо Ş, Ç, Ö, Ğ, Ng Алифбодан чиқарилади.
Нега махсус белгиларга қайтилаяпти?
1995 йилда махсус белгилардан воз кечиш техник зарурат эди. Бугун эса вазият бутунлай ўзгарган. Замонавий смартфонлар, компьютерлар, Android, iOS, Windows, macOS ҳамда интернет платформаларининг деярли барчаси Unicode стандартини қўллайди. Бу эса Ş, Ç, Ğ, Ö каби ҳарфларни эркин ишлатиш имконини беради. Шунинг учун мутахассислар икки ҳарфли шакллардан кўра ягона белгили ҳарфлар замонавий ахборот технологиялари талабига кўпроқ жавоб беришини таъкидламоқда.
Янги алифбонинг афзалликлари
Таклиф этилаётган алифбо бир қатор устунликларга эга бўлиши мумкин. Аввало, ҳар бир товуш битта ҳарф билан ифодаланади. Бу имлони соддалаштиради. Иккинчидан, электрон қидирув тизимлари, давлат ахборот базалари ва сунъий интеллект дастурлари учун матнларни қайта ишлаш осонлашади. Учинчидан, луғат тузиш, алифбо тартибида саралаш ва автоматик таржима тизимларида аниқлик ортади. Тўртинчидан, туркий тилларда қўлланиладиган айрим ёзув стандартларига яқинлашиш имконияти пайдо бўлади.
Камчиликлари ҳам борми?
Ҳар қандай алифбо ислоҳоти муайян қийинчиликларни ҳам келтириб чиқаради. Энг аввало, миллионлаб инсонлар 30 йил давомида Sh, Ch, Oʻ, Gʻ кўринишига ўрганиб қолган. Мактаб дарсликлари, қонун ҳужжатлари, электрон базалар, давлат идоралари, банк тизимлари, веб-сайтлар ва мобиль иловалар босқичма-босқич янгиланиши талаб этилади. Шунингдек, клавиатуралар, шрифтлар ва айрим дастурларни ҳам мослаштириш зарурати туғилади.
Муҳайё жўраева,
22-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фанлари ўқитувчиси.