Яхшибоев шошиб дарсга кирдида, ўқувчиларга қараб гапира кетди. Нима деётганини ўқувчилари тугул ўзи ҳам тушуна олмаётган эди. Миясига дам бермаётган хаёллар, қарздорлик юки гапларни ўйлаб гапиришига изн бермаётгандек гўё. Тезроқ дарсни тугатиб пул топиш керак. Бугунги кунни тезроқ тугашини ҳам жуда истар эди. Фарзандларининг орзу-хаваси йўлида бор-будини ҳавога совириш билан бирга кўчадагилардан ҳам яхшигина қарздор бўлганди. Дарсни наридан бери ўтдида, танаффусда ҳамкасби Камолкелдиевни ёнига бориб қарз сўради. Камолкелдиев Яхшибоевга бироз тикилиб турдида, ваъз ўқишга тушиб кетди. Яхшибоевга унинг ҳозирги гаплари ортиқчалик қилар, тезроқ пулни олса-ю, берадиганларига етказса. Бироқ бир соатларча ҳамкасбининг керагидан кераксизи кўп гапини эшитишга мажбур бўлди, энг ёмони ундан умидвор бўлиб турганида Камолкелдиев “Узр, дўстим. Мен сиз сўраган пулни бера олмайман. Чунки у пулнинг ўзи йўқ. Биз ўқувчиларга гапириб, пул оламиз. Бугун ўқувчиларимнинг тадбири бор экан. Кимгадир гапиришим керак эди. Пулимни ҳалоллаб олай деб сизга гапирдимда, хафа бўлмайсиз энди. Сиз яхши тингловчи бўлдингиз, ҳаттоки ўқувчиларим ҳам мени бунчалик диққат билан тинглашмаган”, деганида устидан бир челак муздек сув қуюлгандай бўлди. Индамади.
Бошқа хонага чиқиб, тенгқури Сотимовдан сўрамоқчи бўлди. Дарс ўтаётган экан. Бироз эшик олдида пойлаб турди. Жуда берилиб гапираётган ҳамкасбининг гапини бўлгиси келмади. Қулоқ солса, Сотимов ўзи ҳақида тинмай гапираётган, бироқ гапираётганларининг ярмидан кўпи хаёлий гаплар эди. Янги мавзу ўтмаяпти экан-ку, деб секин эшикни тақиллатди. Сотимов Яхшибоевни кўриб, чеҳраси ёришди. Ўқувчиларга жим ишорасини қилиб, дўстини ёнига чиқди. “Э дўстим вақтида келдинг-да, ўзи гапларим тугаб қолаётган эди. Нима гапиришни билмай турувдим. Янги мавзу ўтай десам, кеча улфатлар билан озроқ меҳмондорчилик деб дарсга тайёрланмаган эдим.” Хуллас, Сотимовнинг янги уй ва машинасини кредитга олгани, тўлашга бироз қийналаётгани, янги уй ва машинанинг камчиликлари ва ютуқлари ҳақидаги гапларини танаффусга қадар эшитишга мажбур бўлди.
Охирги илинж билан, Исканбоева бой, бир нечта уйи, машинаси бор, шуни ёнига бора қоламан деб, у ўтирган кабинетга кирди. Исканбоева хушчақчақ, ҳаётдан хурсанд аёл. Кафияти яхши, демак пули бор, дея ўйлади Яхшибоев. Секин мақсадга кўчди, Исканбоева аввалги ҳолатини ўзгартирмаган ҳолда унга жуда чиройли жавоб қайтарди: “Аммамни ўғли Малибу олди. Етмай қолган жойига 2000 доллар бериб тургандим. Дугоналарим билан 300 доллардан касса ўйнаганмиз. Келаси ойда ўша кассани мен оламан. Кеча қизим ўқишга кетди. Унга уйдаги ҳамма пулларни бериб кузатдик. Пул йўқ эмас, бор, фақат йиғиб олайин, албатта бериб тураман”. Хуллас, ишхонанинг энг бой одамидан ҳам умиди узилди.
Тоза ҳавога чиқиб бироз нафас олди, нима қилишни билмас, ўйлари чалкашган эди. Битта ишхонада минг хил характер, ҳаммаси ишлайди. Ҳаммасида пул бор, лекин берадиган “мингта тешиги” ҳам етарли.
Шу вақтда унинг ёнига содда кийинган бир киши келиб, сўрашди. Кейин бу ерга иш сўраб келгани, қанча жойлардан иш сўраб, топа олмагани, агар ёрдам берворса рози қилишини, ишга кириш учун озроқ пул йиғиб қўйгани, оддий қоровулликка бўлса ҳам рози эканлигини айтди. Яхшибоев ҳазиллашиб, бизда қоровулликка 200-300 доллар беришади, деганида, ҳалиги киши бор ўшанча пулим, анча ойлардан бери амаллаб шунча қилиб қўйгандим, фақат эртароқ ишга гаплашиб беринг дея илтимос қилди.
Пулга жуда муҳтож бўлиб турган Яхшибоев ҳеч иккланамай у кишидан пулни ва телефон рақамини олиб қолиб, тез кунда ўзи хабар беришини айтди. Муаммоси жуда тез ҳал бўлганидан хурсанд Яхшибоев иш сўраб келган одамни буткул унутди.
Қоровулликка иш сўраб келган киши уни ҳатто исмини ҳам сўрамаган, жуда катта умидлар билан анча вақт умид қилиб яшади ҳатто. Бироқ ҳеч ким уни ишга чақирмади. ИИБга айтай деса, пора берувчи ўзи, айтмай деса, мисқоллаб йиққан шунча пул.
Яхшибоев эса оз вақт тинч юрди. Лекин бировники бировга юқмас, деганидек, оз муддатда милион-миллион қарзларга ботиб барпо этилган фарзандларининг оиласи бузилди. Шунда ҳам ўша қарз хаёлига келмади. У биргина нарсани ўйларди. «Жамиятда ҳамма берувчи, ҳамма олгувчи. Битта менми бировдан пора олаётган».
Аммо тепада ҳисоб-китоб қилгувчи борлигини деярли барча унутаётгандек гўё.
Дилдора Абдураҳмонова.