Мен Дилоромман. Тахтапул онкология марказининг вилоят филиали маммология бўлимида неча йиллардан буён ҳамшира бўлиб ишлайман. Одамлар саратон деган сўзни эшитса, юраги шув этиб кетади. Бу даргоҳ кўпчилик учун қўрқинчли, ҳатто совуқ бир жойдек туюлади. Аммо мен ҳар куни шу ер эшигидан кириб келаман. Ҳар куни инсон тақдири, дард ва умид билан юзма-юз учрашаман.
Биринчи марта ишга келган куним ҳали ҳам ёдимда. Узун йўлаклар, дори ҳиди, хавотирли чеҳралар… Ҳаммаси мени қўрқитган эди. Касалхона эшиги олдида йиғлаётган аёлларни, кўзларида умид билан шифокорга тикилиб турган беморларни кўриб, юрагим сиқилиб кетганди. Кейин тушундим: бу ерда фақат касаллик эмас, инсон иродаси ҳам даволанар экан.
Кўп марта шундай ҳолатларга гувоҳ бўлганманки, бемор шифокор хонасидан чиқиб келиб йиғлаб юборади.
— Нега айнан мен? Нега мен касал бўлишим керак эди? — деб бақиради. Баъзан эса яқинларининг дардига чидаёлмаган инсонлар шифокорларга аламини сочади.
— Нега асраб қололмадинглар? Нега давоси топилмади? — дейишади.
Шундай пайтларда ичимдан зил кетаман. Ҳеч нарса деёлмай қоламан. Чунки уларнинг оғриғини тушунаман. Инсон умри нақадар қисқа ва нақадар ширин эканини айнан шу ерда ҳис қиласан. Энг оғири — кимётерапия олаётган аёлларни кузатиш.
Кечагина қоп-қора сочлари елкасига тушиб турган аёл бир неча ҳафтадан кейин бошига рўмол ўраб келади. Кўзларида ғам бўлади. Ойнага қарашдан қўрқади. Юзидаги аввалги жозиба сўнгандек туюлади. Лекин мен шу ерда аёлларнинг ҳақиқий қудратини кўрганман. Улар йиғлайди. Қўрқади. Кечалари ухлолмай чиқади. Аммо таслим бўлмайди.
Бир куни кимётерапия олаётган бир она қўлимдан ушлаб қолди.
— Ҳамшира қизим, тузалиб кетаман-а? Шу дори томчилари менга шифо бўляптими? — деди.
Унинг кўзларида шундай умид бор эдики, юрагим титраб кетди.
— Албатта, опажон. Сиз кучлисиз. Ҳаммаси яхши бўлади, — дедим.
Балки ўша пайтда мен ҳам аниқ натижани билмасдим. Лекин инсонни умид даволашини яхши билардим.
У аёл икки нафар набираси ҳақида соатлаб гапириб берганди.
— Мен уларнинг тўйини кўришим керак, — дерди.
Шу гапларни эшитиб, инсонни ҳаётга нималар боғлаб туришини англайсан. Баъзилар фарзанди учун яшашни истайди. Баъзилар набирасининг қўлидан етаклаб боғчага олиб боришни орзу қилади. Баъзилар эса шунчаки яна бир баҳорни кўришни хоҳлайди. Мен эса ҳар куни уларнинг кўзларида яшаш учун бўлган курашни кўраман. Бу ерда ишлаб, ҳаёт ҳақида кўп нарсани ўргандим. Авваллари бахт деганда яхши уй, яхши машина ёки катта бойликни тушунардим. Энди эса бошқача ўйлайман.
Бахт — эрталаб соғлом уйғониш экан. Бахт — оғриқсиз нафас олиш экан. Бахт — фарзандингни бағрингга босиш экан. Бахт — шифохона эшигидан бемор эмас, меҳмон бўлиб чиқиш экан.
Кунлардан бир кун мен ҳам қариб қоларман. Балки бу касалхонада ўтган йилларимни эсларман. Аммо бир нарсани ҳеч қачон унутмайман. Оқ халат кийган инсон фақат укол қилмайди. У баъзан беморнинг умидини ушлаб туради. Баъзан унинг кўз ёшини артмаган бўлса ҳам, дардига шерик бўлади. Баъзан эса бир оғиз ширин сўзи билан инсон қалбига куч бағишлайди. Маммология бўлими менга ҳаётнинг энг катта ҳақиқатини ўргатди:
Инсон бойлиги мол-дунёсида эмас. Инсоннинг ҳақиқий бойлиги — унинг соғлиғи, яқинлари ва яшаш учун берилган ҳар бир нафасидир.
Дилором Баҳромова.