— Йўқ, ҳаммаси зўр, ҳаммаси ажойиб бўлиб турган эди, — жиғи-бийрони чиқди Совурнинг. — Шарманда этди Рейим кал!
Туман фермерлар уюшмасининг раҳбари, кал, деб ёзғираётгани Рейим ота фермер эди. Етмишларга яқинлашиб қолган. Етти пушти кетмон чопиб бел кўтарган. Пўртаки. Ҳақиқатпараст. Ёлғонга тоби йўқ. Ёлғон гапиришни ҳам, ёлғон гапирганни ҳам ёмон кўради. Шу феъли учун уни кўплар ёқтирмайди. Аммо у бу қилиғини ташлай демайди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Йиғилишни якунлаётган туман ҳокими, кимда гап бор, деди. Рейим боғбон қўл кўтарди.
— Эшитамиз, ота!
— Булар сизни алдадилар! — деди Рейим ота ўрнидан турар экан гулдирак овозда. — Бу йўлнинг икки томонига уюб қўйилган гўнглар тоза чиқарилган эмас. Биз уларни кечаси билан кеча сиз кўрган ерлардан бу ёққа ташиб чиқдик.
Зал бир гувранди. Қишлоқ фермерлари, тумандан келган мутахассислар орасида шивир-шивир бошланди.
Ҳоким бир муддат бошини ерга осганича туриб қолди. Кейин бу қишлоқ фермерлари фалон тонна гўнг тўпладилар, деб икки йўл чеккасидаги уюмларни мақтаниб кўрсатган Совурга, сўнг зал ўртасида кўкрагини кериб турган, ҳали қариликни бўйнига олмаган, баланд бўйли, суякдор гавдали, бир вақтлар буғдойранг бўлган юзини йиллар қорапарангга дўндирган Рейим боғбонга қаради.
— Тушунмадим, — деди ҳоким анча вақтдан кейин овозини пастлатиб. Бу унинг жаҳли чиққанидан дарак эди.
— Биз сизни алдадик! — деди Рейим боғбон. — Мана бу йигитнинг гапи билан, — боғбон Совурга ишора қилди. — Кечаси билан кеча сиз айланган ерлардаги дарсни бугунги айланган ерларингизга кўчириб чиқдик…
Энди қирқлардан ошган Совур бозор кўрган гаччи2 бўлса-да ҳозир бирзумгагина типирчилаб қолди. Аҳвол жиддий эди. Аммо тезда ўзини ўнглаб олди. Агар шундай қилмаганида Совур Совур бўлмас эди.
— Шу гап ростми? — ҳокимнинг овози таҳдидли янгради.
— Рост, ёшулли, — деди Совур бирзум ҳам ўйлаб ўтирмай баланд ва тантанавор овозда гўё йиллик пахта тайёрлаш режасини бир кунда бажарган колхоз раисидай. — Рейим ота ҳақ гапни айтдилар! Ўзи ўйлаб ўтирган эдим, қани бу гапга ким эътибор берар экан, деб. Рейим отага раҳмат! Менинг шу ишимни ҳам беэътибор қолдирмадилар. Аммо ёшулли, шу ерда бир нарсани айтиб ўтишим керак. Ҳамма билсин. Дарсни у ердан бу ерга кўчиришдан мақсад сизга гўнг кўрсатиш эмас, фермерларнинг техникаси экишга тайёрлигини бир синаб кўриш эди! Раҳмат фермерларга, техникани дуторнинг торидин этиб созлаб қўйган эканлар! Ёшулли, ўзингиз кўрган бугунги дарсларни қишлоқ фермерлари бир кечада бир ердан иккинчи ерга кўчирдилар. Раҳмат буларга!
Ҳокимнинг оппоқ юзи бирзумда қип-қизариб кетди.
— Ташқарига чиқинг, — деди Совурга эшитилар эшитилмас. — Сиз билан майдонда гаплашамиз.
Ташқарига чиққан Совурнинг кўзи қоровул Комил отага тушиб унга дардини тўкиб солаётган эди:
— Ёшуллининг ҳам кайфияти яхши эди. Шу кал ишни бузмаганида ҳаммага раҳмат айтар эди…
— Ҳа, энди ёшулли, Рейимни бугун кўриб турганингиз йўқ-қу, — Комил ота калта қирқилган оқ соқолини кажкарт ўроқдай букилиб қолган, қуруқшаб қотиб, қалин териси ёрилиб-ёрилиб кетган бармоқлари билан сийрак чўққи соқолини силар экан эски, лаби учган пиёласидаги совиб қолган чойни “шалт” эткизиб оёқ остига отди. — Аҳмоқми, аҳмоқлигини этаверади. — Кейин Совурнинг қизариб, бўзариб кетган юзига, бир жойда турмай олма-кесак тераётган кичик, шум ва қўй кўзларига боқди. “Аммо маладес, Рейим!” ўйлади у. “Аммо ҳаққиннан чиқибсан-ов бу эшшакларнинг. Ҳаммасининг иши эртадан кечгача кўз бўяб, бир-бировини алдаш!”
Шу пайт ҳокимнинг шотирларидан бири югуриб келди:
— Сизни ёшулли чақираётир! — деди у Совурга. — Тез бўлинг!
Совур яна бирзумга бўлса ҳам бўшашиб кетди. Аммо тезда ўзини қўлга олиб ёшуллининг машинасига қараб чопди. Йиғилишни якунлаб чиқаётган ҳоким унга уч-тўрт оғиз гап айтди-да, машинасига ўтириб жўнаб қолди. Совур эса эгилганича анча туриб қолди. Ҳокимнинг нима деганини ҳеч ким эшитмади.
Шуҳрат Маткарим.