Бугун Ўзбекистоннинг йирик саноат марказларидан бири бўлган Олмалиқ шаҳри ташкил топганининг 75 йиллиги. 1951 йил 10 июль куни шаҳар мақомини олган Олмалиқ бугунги кунда мамлакатимиз рангли металлургия саноатининг етакчи марказларидан бирига айланиб, иқтисодиёт, илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳаларида юксак натижаларга эришиб келмоқда.
Олмалиқнинг тарихи шаҳар мақомини олган йилдан анча олдин бошланган. XX аср бошларигача бу ҳудудда атиги иккита кичик қишлоқ — Олмалиқ ва Қорамозор мавжуд бўлган. 1920–1923 йилларда Тошкент вилоятида ер ости бойликларини аниқлаш мақсадида кенг кўламли геологик қидирув ишлари бошланди. 1924–1925 йилларда профессор Сергей Федорович Машковцев Қалмоққир ва Қўрғошинкон атрофида геологик хариталаш ишларини амалга ошириб, қадимги тоғ-кон иншоотлари мавжудлигини илмий жиҳатдан қайд этди.
Кейинчалик академик Михаил Петрович Русаков Олмалиқ мис-порфирли конининг истиқболини биринчи бўлиб тўғри баҳолади. Унинг тавсияси асосида 1930-йиллар бошида геолог Борис Николаевич Наследов раҳбарлигида махсус қидирув экспедицияси ташкил этилди. Натижада Қалмоққир мис-молибден конининг улкан захиралари тасдиқланиб, кейинчалик бу ерда йирик тоғ-кон саноат мажмуасини барпо этиш имконияти яратилди.
1931 йилда Александр Васильевич Королев раҳбарлигида геология-қидирув ишлари янги босқичга кўтарилди. 1939 йилда Қалмоққир конида муфассал геологик қидирув ишлари бошланди ва 1950 йилга келиб тўлиқ якунланди. 1941 йилда мис маъдани захираси биринчи марта давлат комиссияси томонидан тасдиқланди, 1951 йилда эса захиралар қайта баҳоланиб, яна тасдиқланди. Бу тарихий қарорлар Олмалиқ саноат марказининг ривожланишига мустаҳкам замин яратди.
Қалмоққир кони Марказий Осиёдаги энг йирик очиқ усулда қазиб олинадиган конлардан бири бўлиб, денгиз сатҳидан 540–820 метр баландликда, Олмалиқ шаҳридан 2 километр жануби-шарқда жойлашган. Бу коннинг ўзлаштирилиши нафақат шаҳарнинг, балки бутун республика тоғ-кон саноатининг ривожланишида ҳал қилувчи аҳамият касб этди.
1939 йил март ойида Олмалиқ мис эритиш комбинати қурилиш бошқармаси ташкил этилди. 1940 йилда эса 25 минг аҳолига мўлжалланган янги саноат шаҳрининг бош режаси ишлаб чиқилди. Иккинчи жаҳон уруши сабабли қурилиш ишлари вақтинча тўхтатилган бўлса-да, 1946 йилдан бошлаб қайта тикланди. 1947 йилда Олмалиқ қишлоғи қурилиш шаҳарчасига айлантирилди, 1948 йилда «Гипроцветмет» институти шаҳарнинг янги бош режасини ишлаб чиқди ва кенг кўламли қурилиш ишлари бошланди.
1954 йилда қўрғошин-рух бойитиш фабрикаси ишга туширилди. 1962 йил 6 октябрда мис бойитиш фабрикаси фойдаланишга топширилди. 1963 йилда мис бойитиш заводи тўлиқ иш бошлади. 1969 йил 18 декабрда фосфор кислотаси ва аммофос ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, 1973 йилда кимё заводининг биринчи навбати, 1978 йилда иккинчи навбати, 1981 йилда эса сулфат кислотаси цехи ишга туширилди.
Олмалиқ нафақат йирик саноат маркази, балки қадимги кончилик цивилизациясининг муҳим масканларидан бири ҳамдир. Археологлар Михаил Массон ва Юрий Буряков томонидан 1959–1974 йиллар давомида олиб борилган тадқиқотлар натижасида ўнлаб қадимги штольнялар, тоғ-кон иншоотлари, металл эритиш ўчоқлари ва қўрғонлар аниқланди. Бу топилмалар Олмалиқ ҳудудида кончилик ва металлургия тарихи камида икки минг йилдан зиёд эканини тасдиқлайди.
Бугунги кунда Олмалиқ шаҳри юз минглаб аҳоли яшайдиган, юксак саноат салоҳиятига эга, мамлакат иқтисодиётига катта ҳисса қўшаётган замонавий шаҳарга айланган.
Унинг 75 йиллик тарихи меҳнат, илм-фан, бунёдкорлик ва ватанпарварликнинг ёрқин намунаси сифатида мамлакатимиз тараққиёти солномасида муносиб ўрин эгаллайди.
Иззатилло РАҲМАТУЛЛАЕВ,
геолог.