2025 йил бошида ўтказилган хатлов натижасида 375 нафар ишсиз ёш аниқланди. Муҳими, ушбу рақам оддий статистика сифатида қолиб кетмади. Ҳар бир ёш бўйича алоҳида ишлаш механизми ишлаб чиқилди ва «Ёшлар бандлик дастури» асосида йил якунига қадар уларнинг барчасининг (100 фоиз) бандлиги таъминланди. Таҳлил шуни кўрсатадики, бандликни таъминлашда бир йўналишли эмас, балки диверсификация қилинган ёндашув танланган.
Жумладан, 270 нафари доимий ишга жойлаштирилди; 21 нафари касб-ҳунарга ўқитилди; 1 нафарига тадбиркорлик учун 33 млн сўм кредит ажратилди; 9 нафари хорижда иш билан таъминланди; 58 нафари ўзини ўзи банд қилди; 9 нафари олий таълимга қабул қилинди; 7 нафари ҳарбий хизматга йўналтирилди.
2025 йилда 1 655 нафар битирувчи учун алоҳида «Йўл хариталари» тасдиқланиб, барчасининг бандлиги таъминланди. Шулардан 343 нафар ишга жойлашди; 47 нафар касбга қайта тайёрланди; 1 255 нафар таълимнинг кейинги босқичига ўтди; 3 нафар ёш тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кредит олди.
Ёшларни қўллаб-қувватлашнинг энг муҳим механизмларидан бири — «Ёшлар дафтари» тизимидир. 2025 йилда мазкур рўйхатга киритилган 330 нафар ёшнинг барчасига амалий ёрдам кўрсатилди. Бу мақсадлар учун 954 миллион сўм маблағ йўналтирилган.
2025 йил ноябрь-декабрь ойларида маҳаллалар кесимида ўтказилган қўшимча хатлов натижасида 167 нафар «оғир» тоифадаги ишсиз ёшлар аниқланди. Эътиборли жиҳати шундаки, уларнинг ҳар бири 18 нафар шаҳар раҳбарларига шахсан бириктирилди. Бу эса раҳбарларнинг ёшлар билан ишлашдаги шахсий масъулиятини кучайтирди. Натижада 109 нафар ишга жойлаштирилди; 23 нафар касбга ўқитилди; 20 нафар ўзини ўзи банд қилди; 9 нафар меҳнат миграциясига юборилди; 2 нафарга кредит берилди; 3 нафар ҳарбий хизматга; 1 нафар таълимга жалб қилинди.
Энг муҳими — ушбу 167 нафарнинг ҳам 100 фоиз бандлиги таъминланди.
Сўнгги йилларда Олмалиқ шаҳри республика миқёсида «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг энг фаол ҳудудларидан бирига айланган. Сўнгги тўрт йилда шаҳар маҳаллалари республика босқичида юқори ўринларни эгаллаб, 9 та замонавий спорт майдончасини ютиб олди. Уларнинг умумий қиймати 2,7 миллиард сўмни ташкил этади.
2026 йилги олимпиада доирасида бугунги кунга қадар шахматда — 8 375 нафар; волейболда — 5 874 нафар; «Заковат»да — 4 586 нафар; футбол ва мини-футболда — 2 612 нафар; бошқа спорт ва интеллектуал йўналишларда минглаб ёшлар иштирок этмоқда.
«Ибрат фарзандлари» лойиҳаси орқали 20 минг 379 нафар ёш чет тилларини ўрганмоқда. 3,2 минг нафар халқаро тил сертификатини олган. «Устоз AI» платформасидан 1 601 нафар ёш фойдаланиб, 8 мингта видеодарсни ўзлаштирган. «Мутолаа» лойиҳаси орқали 48,9 минг китоб ўқилган. «UzChess» ва «Қизлар академияси» каби лойиҳалар ҳам минглаб ёшларни қамраб олмоқда.
Энг муҳими, халқаро имтиҳонларда юқори натижа қайд этган 544 нафар ёшнинг 1,1 миллиард сўмлик имтиҳон харажатлари давлат томонидан қоплаб берилгани билимли ёшларни рағбатлантиришнинг амалий ифодасидир.
Сўнгги йилларда маҳаллалардаги ёшлар етакчилари нафақат тарғиботчи, балки ташаббускор ва лойиҳа менежери сифатида ҳам шаклланди. Бунинг амалий натижаси сифатида шаҳарда «Ёшлар маркази» қурилди; 1,3 миллиард сўмлик мини-футбол стадиони; 1,5 миллиард сўмлик маҳалла биноси; болалар майдончалари; воркаут ва стритбол майдонлари; маҳалла кўчаларини асфальтлаш каби лойиҳалар амалга оширилди.