Аждодлардан мерос қолган ёдгорим,
Энг гўзал маскансан азиз диёрим.
Бир кафт тупроғингни кўзимга суртиб,
Доим сенда менинг фикру хаёлим.
Далаларда униб ўсган япроғим,
Ҳар дардга ягона ўзинг дармоним.
Танамдаги руҳим сен ила тирик,
Менинг нозик ниҳол хушбўй баҳорим.
Табиат шивири сендан сўйлайди,
Ёш-у қари фақат сени ўйлайди.
Довруғи фалакка етган нигорим,
Сенсиз менга шодлик ҳеч татимайди.
Ариқларда оққан сувлари зилол,
Ҳар кеча порлайди самода ҳилол.
Осмони мусаффо, ҳавоси тоза,
Довруғингни кўриб бутун жаҳон лол.
Боғдаги меваси ширин, шифобахш,
Майин шаббодаси бунча роҳатбахш.
Ёмғирдан сўнг келган бу хушбўй ифор
Барчага тенг бирдек ажиб оромбахш.
Садоқатимга ҳеч бўлмасин шубҳанг,
Энг содиқ фарзандинг ўзимман ахир.
Қурбон бўлишимни агар истасанг,
Майли, сен деб ёнсин бу юрак-бағир.
Одина АКБАРОВА,
шаҳар 1-сонли техникум ўқувчиси.