БАХТИЁРЛАРИМ
Баҳор келди, байрамлар келди,
Шамол елар кўчада ғир-ғир.
Гуллар сизга табрик айтгандек,
Куртак очар, очилар бир-бир.
Сиз туфайли нурли бу ҳаёт,
Сиз туфайли қувонар диллар.
Бешик қучиб қайноқ бағрида,
Бола катта қилган аёллар.
Аёл меҳрин нигоҳларида
Бутун дунё тафтин кўраман.
Ожиз деманг, ожиза деманг,
Кўзларида шаҳдин кўраман.
Аёл борки, фарзанди учун,
Тонгда туриб ёпади кулча.
Тандирдаги олов чўғидан,
Яноқлари мисли гулғунча.
Байрамингиз муборак бўлсин,
Аҳди баланд, бахти борларим.
Ёрин севиб, ҳурматин қилган,
Бахтлар берган бахтиёрларим!
Ваққосхон ИЗЗАТИЛЛАЕВ,
Ангрен Университети Молия ва молиявий технологиялар 4-босқич талабаси.
АЁЛ — МУҲАББАТ РАМЗИ
Аёл — бу дунёнинг энг нозик нури,
Баҳорнинг нафаси, умрнинг гули.
У кулса — очилар кўнгиллар гули,
Аёллар муҳаббат, вафонинг рамзи.
Аёл — бу тонгдаги титраган шабнам,
Юракка яширин тушган бир алам.
Кўзлари кулади, қошдаги қалам,
Аёллар муҳаббат, вафонинг рамзи.
Аёл — бу муҳаббат, садоқат, вафо,
Бир сўзида яшар минг битта маъно,
Умрингни безайди у Момо ҲАВВО,
Аёллар муҳаббат, вафонинг рамзи.
Аёл — бу она, ёр, опа, сингил,
Ҳар бири қалбларга энг азиз манзил.
Минг битта жаҳонга, жонингга арзир,
Аёллар муҳаббат, вафонинг рамзи.
Хайрулла ХАМЗАЛИЕВИЧ,
Олмалиқ металлург қурилиш трести 6-сонли ихтисослаштирилган монтаж ишлари участкаси монтажчиси.
АЁЛЛАР
Аёллар баҳордек нафис ва гўзал
Севгидан яралган муқаддас азал.
Ҳуснингиз олдида ой ҳам хижолат,
Сиз учун ёзишган шоирлар ғазал.
Муҳаббатга лойиқ, сўзлари шифо,
Садоқат боғида униб ўсганлар.
Суйган кишисига қиларлар вафо,
Бир боқишда ёрин дардин олганлар.
Табассуми ёрқин, нигоҳи ўткир,
Сўзлари қалбларга берар тасалли.
Улар қимматбаҳо, нодир жавоҳир,
Ибодатларда ҳам буюк амали.
Қора кўзларида яширин маъно,
Асли аёл зоти мўътабар инсон.
Ўзлари оқила, сўзлари доно,
Шу сабаб севилиб келмоқда ҳамон.
Одина АКБАРОВА,
1-сонли Политехникум ўқувчиси.
ОНАЛАР
Ўлим билан курашиб,
Тунлари бедор ўтган.
Кўзларин нури кетиб,
Уйқу нима билмаган.
Бизни катта қилгунча,
Сочингизга оқ тушди.
Дунёга келтиргунча,
Жонингиз азоб чекди.
Ҳар чекган азоб учун,
Жонимизни берамиз.
Буларнинг бари учун,
Сизга раҳмат айтамиз.
Зилола Абдураҳмонова,
11-мактабнинг 7-«В»синф ўқувчиси.