Айтсам, баҳор яшар экан куз учун,
Яшаяпсиз болдек ширин сўз учун,
Навоий ҳам отдан тушган сиз учун,
Миллатимиз қароғи сиз, устозлар,
Маърифатнинг чироғи сиз, устозлар!
Ҳар бир касбнинг ўз масъулияти бор. Аммо ўқитувчилик — инсон тақдири, унинг билими, дунёқараши ва келажаги билан боғлиқ юксак масъулиятни талаб этади. Зеро, устознинг бир оғиз сўзи ўқувчининг қалбида йиллар давомида яшаши, берилган ишончи эса унинг бутун ҳаётини ўзгартириши мумкин.
Ана шундай шарафли ва масъулиятли йўлни танлаб, умрининг салмоқли қисмини ёш авлод таълими ва тарбиясига бағишлаб келаётган фидойи педагоглардан бири — “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони соҳиби Хайдарқулов Тўрақул Исроилович.
Тўрақул Исроилович 1964 йилда таваллуд топган. 1981–1988 йилларда Ленинобод давлат педагогика институтида таҳсил олиб, ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси мутахассислигини эгаллаган.

1988–2001 йилларда ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс берган. 2003–2018 йилларда Олмалиқ шаҳар Халқ таълими бўлимида маънавият ва маърифат ишлари бўйича услубчи, шўба раҳбари лавозимларида фаолият юритган.
2019 йилдан буён эса Олмалиқ шаҳар 5-сонли умумтаълим мактабида ўзбек тили, яъни давлат тили фанидан дарс бериб келмоқда.
Унинг бугунги меҳнат фаолиятида ҳам изланиш, янгиликка интилиш ва ўз устида ишлаш асосий ўринни эгаллайди.
Устоз Олмалиқ шаҳар 5-сонли умумий ўрта таълим мактабида давлат тили фанидан дарс бериб, ўзининг бой тажрибаси ва ҳаётий сабоқларини ёш авлод билан баҳам кўриб келмоқда.
“Онамнинг бир оғиз гапи менинг тақдиримни белгилаган”

— Биз оилада тўрт нафар ўғил ва икки қиз фарзанд катта бўлганмиз. Отам ўт ўчирувчи, онам эса Соғлиқни сақлаш бўлимида фаррош бўлиб ишлаганлар. Болалигимда ота-онамнинг меҳнатсеварлиги, китобга бўлган меҳри менга катта таъсир қилган.
Кечагидек ёдимда. Бошланғич синфда ўқиб юрган кезларимда онам ота-оналар йиғилишига келганлар. Йиғилишда ўқувчиларнинг шўхликлари, дарсга кечикиб келишлари, яхши қатнашмаётгани ҳақида гапирилибди. Лекин мен ҳақимда ҳеч қандай танбеҳ бўлмабди. Йиғилиш охирида устозим: “Тўрақулнинг орқасидан ким келган?” деб сўраганларида, онам “Мен”, деб жавоб берган эканлар. Шунда устозим мени мақтабдилар. Онам жуда хурсанд бўлиб кетганлар. Кейинги ҳафтада онамнинг маоши тушиши билан Тошкентга бориб, менга битта автомат ручка олиб келдилар. Чунки ўша пайтларда сиёҳга перо тиқиб ёзардик. Онам менга: “Сен ўқитувчи бўласан. Сендан ўқитувчи чиқади”, деганлар. Бугун ўйлаб қарасам, балки ўша гаплар менинг тақдиримни белгилагандир.
…Дадам уйда китоб ўқишни яхши кўрардилар. Мен ҳам олти ёшимдан акамга эргашиб китоб ўқий бошлаганман. Дадам ҳар куни бадиий китобларни ўқиб берарди. Шу муҳитда улғайганим учун китоб менинг ҳаётимнинг бир қисмига айланган. Кейинчалик бу меҳрни ўқувчиларимга ҳам сингдиришга ҳаракат қилдим.
Биринчи мактабда иш бошлаганимда оддий мутахассис эдим. Бир ярим йил давомида аввал иккинчи, кейин биринчи ва олий тоифали ўқитувчи даражасига эришдим. Кейин ўз фанимдан сертификат олдим ва 70 фоизлик устамага эга бўлдим. Юртимизда ўқитувчилар учун яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпман. Чунки устоз ҳамиша ўқиб-ўрганиши, изланиши керак. Ўқитувчи тўхтаб қолса, унинг дарси ҳам, шогирди ҳам ортда қолади.
2025–2026 ўқув йилида Тўрақул Исроилович “Йил ўқитувчиси” Республика танловида ҳам иштирок этди. Айни пайтда 3-, 6-, 7-, 9-, 10- ва 11-синф ўқувчиларига дарс бериб келмоқда.
“Ўқувчига фақат билим эмас, ишонч ҳам бериш керак”
— Менинг назаримда, яхши ўқитувчи фақат билим бериш билан чегараланиб қолмаслиги керак. У боланинг қалбига йўл топиши, унда китобга, илмга, Ватанга, миллий қадриятларга меҳр уйғотиши керак. Энг муҳими, ўқувчига ишонч бериш зарур. Баъзида бир ўқувчига айтилган “Сендан яхши инсон чиқади”, “Сен бу ишни уддалайсан” деган гапнинг ўзи унинг ҳаётида катта ўзгариш қилиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир сўзимизга масъулият билан қарашимиз керак. Устознинг ташаббуси билан мактабда ўқувчилар иштирокида “Келажак соати” дарслари, маънавий-маърифий тадбирлар, китобхонликка қаратилган лойиҳалар ва турли ижодий машғулотлар ташкил этиб келинмоқда. Айниқса, “Буюк ёзувчиларнинг асарлари асосида челленж турнирлари” ва “Сирли мактублар” каби лойиҳалар ўқувчиларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, мустақил фикрлаш ва ўз фикрини эркин ифодалаш кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
— Бугунги болага китоб ўқишни мажбурлаш эмас, китобга қизиқтириш керак. Шунинг учун дарсдан ташқари турли лойиҳалар, танловлар ва ижодий машғулотлар ташкил этишга ҳаракат қиламан. Ўқувчи ўзи қизиқиб китобни қўлига олса, мақсадимизга эришган бўламиз.
Тўрақул Исроиловичнинг кўп йиллик меҳнати, ташаббускорлиги ва таълим соҳасидаги фаолияти муносиб баҳоланиб, 2026 йил август ойида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг тармоқ мукофоти — “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Бу мукофот — бир кунлик меҳнат эмас, йиллар давомидаги изланиш, сабр, садоқат ва касбга бўлган муҳаббатнинг эътирофидир.
— Мукофотни олганимда, аввало, ота-онамни ва биринчи устозларимни эсладим. Онамнинг “Сендан ўқитувчи чиқади”, деган гаплари бугун ҳам ёдимда. Ўйлайманки, инсон ҳаётида устозларнинг ўрни беқиёс. Бизга билим берган устозларнинг меҳнати ҳеч қачон унутилмайди. Мен ҳали ҳам ўзимни ўқувчи деб ҳис қиламан. Чунки ўқитувчи доимо ўрганиши керак. Бугунги шогирд кечаги шогирд эмас. Замон ўзгаряпти, талаблар ўзгаряпти. Биз ҳам улар билан бирга ўзгаришимиз, изланишимиз зарур,- дейди устоз.
Мухлиса Раҳматуллаева.