Инсон ҳаётида шундай унутилмас дамлар бўладики, йиллар ўтса-да, улар қалбда илиқ хотира сифатида сақланиб қолади. Мактаб остонасига илк бор қадам қўйиш, қўнғироқнинг жарангдор садоси, янги дўстлар, меҳрибон устозлар билан илк учрашув болаликнинг энг ёрқин саҳифаларидир.
2 сентябрь куни шаҳримиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларида янги 2026–2027 ўқув йили ана шундай қувонч ва кўтаринки кайфият билан бошланди.
Олмалиқ шаҳар ҳокими Барҳаёт Мелиев шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги 20-умумтаълим мактабида бўлиб, “Билимлар куни” муносабати билан ўқитувчи ва ўқувчилар билан учрашди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Билимлар куни” муносабати билан йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Учрашувда мамлакатимизда ёш авлод таълими ва тарбиясига қаратилаётган юксак эътибор, ўқувчилар учун яратилаётган имкониятлар хусусида сўз юритилди.
Ўқувчиларни билим олишга, ўз устида ишлашга, истеъдод ва қобилиятларини намоён этишга чақирди. Шунингдек, мактаб ўқувчилари учун китоблар тўплами туҳфа қилинди.
Шаҳар ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Марҳабо Минаварова эса 19-сонли айрим фанлари чуқур ўқитиладиган синфлари мавжуд умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ўтказилган “Биринчи қўнғироқ” тадбирида иштирок этди. Тадбирнинг энг қувончли лаҳзаларидан бири мактаб остонасидан илк бор қадам қўйган 1-синф ўқувчиларига Президент совғаларининг тантанали равишда топширилиши бўлди. Шунингдек, Марҳабо Минаварова томонидан 1-синф ўқувчиларига “Мустақиллик дарси” ўтилди.
Шаҳарнинг чекка, тоғли ҳудудида жойлашган 9-умумтаълим мактабида ҳам “Билимлар куни” кўтаринки руҳда нишонланди. Тадбирда шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Шермуҳаммад Бегиев иштирок этиб, ўқувчиларга Президент табригини ўқиб эшиттирди. У янги ўқув йили муносабати билан ўқувчиларга самимий тилакларини билдириб, уларни билим олишга, ўз олдиларига катта мақсадлар қўйиб, улар сари интилишга чақирди.
Шунингдек, шаҳримиздаги 22-умумтаълим мактабида ҳам бошланғич синф ўқитувчиси Феруза Агабекова бошчилигида 1-“Д” синф ўқувчилари иштирокида “Мустақиллик дарси” ташкил этилди. Дарс давомида мактаб остонасига илк қадам қўйган болажонларимизга Ватанимиз мустақиллиги, унинг қадри, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг аҳамияти ҳақида тушунчалар берилди. Билимга чанқоқ, Ватанга меҳрли болажонлар ўзларининг шеърлари, чиқишлари ва фаол иштироки билан дарсга кўтаринки кайфият бағишладилар.
Маълумот учун, 2026–2027 ўқув йилида Олмалиқ шаҳар мактабларининг 1-синфларига жами 3153 нафар ўқувчи қабул қилинди. Бу кўрсаткич ўтган ўқув йилига нисбатан 402 нафарга кўп. Хусусан, 2025–2026 ўқув йилида Олмалиқ шаҳри мактабларининг 1-синфларига 2751 нафар ўқувчи қабул қилинган эди.
Ҳар лаҳзангиз билим олиш ва янги марраларни эгаллаш билан ўтсин, азиз ўқувчилар!
