Инсон маънавиятини юксалтириш, ёш авлодни билимли, тафаккурли ва юксак ахлоқ соҳиби этиб тарбиялашда китобнинг ўрни беқиёс. Китоб инсонни эзгуликка, маърифатга, юксак орзу-мақсадлар сари етаклайди. Ана шу эзгу мақсад йўлида фидокорона меҳнат қилаётган инсонлардан бири — кутубхоначилардир. Улар нафақат китоб сақловчилари, балки маънавият тарғиботчилари, ёшларнинг энг яқин маслаҳатчилари ҳамдир.
Бугунги кунда ахборот технологиялари жадал ривожланаётган, электрон манбалар тобора оммалашаётган бир пайтда ҳам анъанавий кутубхоналар ўз аҳамиятини йўқотмаяпти. Аксинча, улар замон билан ҳамнафас тараққий этиб, китобхонлар учун янада қулай ва замонавий муҳитга айланмоқда.
Бугунги суҳбатдошимиз 22-умумтаълим мактабининг кутубхона мудираси Эргашева Насиба Наринбоевна. У киши қарийб чорак асрдан буён ёшларни китобга ошно этиш, китобхонлик маданиятини юксалтириш ва кутубхона фаолиятини такомиллаштириш йўлида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Насиба Эргашева билан касб сирлари, китобхонлик, рақамли технологиялар ва келажак кутубхоналари ҳақида суҳбатлашдик.
— Аввало, ўзингизни таништирсангиз. Қанча вақтдан бери кутубхоначилик соҳасида меҳнат қилиб келасиз?
— Мен Эргашева Насиба Наринбоевна 1980 йил 5 июль куни Олмалиқ шаҳрида таваллуд топганман. Ҳозирги кунда Олмалиқ шаҳрида оилам билан истиқомат қиламан. Турмушга чиққанман. Турмуш ўртоғим билан уч нафар ўғил фарзандни вояга етказдик. Бугунги кунда бир келинимиз ва икки нафар ширин невараларимиз бор. Оилам мен учун энг катта бахт ва таянч ҳисобланади.
Меҳнат фаолиятимни 2001 йилда Олмалиқ шаҳар 22-мактаб кутубхонасида бошлаганман. Шу кунга қадар ушбу даргоҳда кутубхона мудираси сифатида меҳнат қилиб келмоқдаман. 25 йилга яқин вақт давомида бир соҳада, бир жамоада фаолият юритиш насиб этди. Бу йиллар давомида минглаб ўқувчилар билан ишладим, уларнинг билим олишига оз бўлса-да ҳисса қўшганимдан фахрланаман.
— Нима сабабдан айнан кутубхоначилик касбини танлагансиз?
— Бу саволни менга кўп беришади. Аслида бу касбга меҳрим мактаб давридаёқ уйғонган. Мен Олмалиқ шаҳридаги 19-мактабда таҳсил олганман. Мактабимиз кутубхоначиси Шоҳида опа жуда меҳрибон, китобсевар инсон эди. Мен деярли ҳар куни кутубхонага кириб, китоб олиб ўқирдим. Китоблар олами мени ўзига ром этган эди. Ўша пайтларда келажакда айнан шу соҳада ишлайман, деб ўйламаганман. Аммо тақдир мени айнан шу касбга етаклади. Бугун ортга назар ташласам, бу танловимдан асло афсусланмайман. Аксинча, китоб билан яшаш, китобсевар инсонлар орасида меҳнат қилиш мен учун катта бахт.
— Кутубхоначининг асосий вазифалари нималардан иборат?
— Кўпчилик кутубхоначи фақат китоб тарқатади, деб ўйлайди. Аслида эса бу касбнинг масъулияти анча катта. Кутубхоначи китоб билан китобхон ўртасидаги энг муҳим кўприкдир. Бизнинг асосий вазифамиз ўқувчиларда китобхонлик маданиятини шакллантириш, уларни китоб мутолаасига жалб этиш, қизиқишларига қараб китоблар тавсия қилиш, уларнинг маънавий ва интеллектуал ривожланишига кўмаклашишдан иборат. Шунингдек, китоб фондини асраш, янги адабиётлар билан бойитиш, турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиш ҳам кутубхоначининг муҳим вазифаларидан саналади.
— Бир иш кунингиз одатда қандай ўтади?
— Ҳар бир иш куним эрталаб китобхонларни кутиб олишдан бошланади. Дарсликлар билан ишлаш, китобларни қабул қилиш ва рўйхатга олиш, китобхонларга хизмат кўрсатиш, тадбирларга тайёргарлик кўриш каби ишлар кун давомида давом этади. Энг ёқимлиси — ўқувчилар билан мулоқот қилиш. Улар китоб танлашда маслаҳат сўрайди, ўқиган китоблари ҳақида фикр алмашади. Шундай пайтларда вақт қандай ўтганини ҳам сезмай қоламан.
— Ҳозирги кунда китобхонлар кўпроқ қайси турдаги китобларни танлашмоқда?
— Айниқса, бадиий адабиётларга қизиқиш юқори. Ўзбекистон ва жаҳон адабиёти намуналарига қизиқувчилар кўпайиб бормоқда. Детектив, тарихий ва саргузашт асарлар ҳам кўп мутолаа қилинади. Қувонарлиси, ёшлар орасида классик асарларга қизиқиш ҳам сақланиб қолган.
— Ёшларни китоб ўқишга қизиқтириш учун қандай ишлар амалга оширилади?
— Биз китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида турли танловлар, китоб кўргазмалари, давра суҳбатлари, ижодий учрашувлар ва «Заковат» интеллектуал ўйинларини мунтазам ташкил этамиз. Бу тадбирлар ўқувчиларнинг фақат китоб ўқишга эмас, балки мустақил фикрлаш, изланиш ва билим олишга бўлган қизиқишини ҳам оширади.
— Электрон китоблар ҳақида қандай фикрдасиз?
— Замон талабига кўра электрон китоблардан фойдаланиш тобора оммалашмоқда. Бу табиий ҳолат. Албатта, электрон китобнинг ҳам ўз қулайликлари бор. Лекин қоғоз китобнинг ўрни бошқача. Китобни қўлга олиб мутолаа қилиш, унинг саҳифаларини варақлаш инсонга алоҳида завқ бағишлайди. Менинг фикримча, электрон ва анъанавий китоблар бир-бирини тўлдириб туради.
— Кутубхонада рақамли технологиялардан қандай фойдаланилмоқда?
— Ҳозирги кунда кутубхонамиз рақамли кутубхона платформаси асосида ишламоқда. Дарсликларни қабул қилиш, буюртма бериш, хатлов ишларини амалга ошириш, ҳисобот тайёрлаш ва утилизация жараёнлари электрон тизим орқали бажарилади. Бу эса иш самарадорлигини ошириш ва вақтни тежашга хизмат қилмоқда.
— Фаолиятингиз давомида эсда қолган воқеалар ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Йигирма беш йиллик меҳнат фаолиятим давомида эсда қоларли воқеалар жуда кўп бўлган. Айниқса, биринчи синф ўқувчиларининг кутубхонага илк бор келиб, китобларга ҳаяжон билан қараши, «Ҳамма китобларни ўқиб чиққанмисиз?» деган самимий саволлари инсонни табассум қилдирмай қўймайди. Шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан 21 май — Халқаро кутубхоначилар куни сифатида нишонланаётгани, меҳнатимиз эътироф этилиб, Олмалиқ шаҳар ММТБ томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланганимиз ҳаётимдаги энг унутилмас кунлардан бири бўлди.
— Келажак кутубхоналарини қандай тасаввур қиласиз? Ҳозирги ёшлар китоб ўқишяптими?
— Мен келажак кутубхоналарини замонавий ахборот марказлари сифатида тасаввур қиламан. Уларда бой китоб фонди, электрон ресурслар, юқори тезликдаги интернет, қулай ўқув заллари ва замонавий технологиялар бўлади. Энг муҳими, кутубхона инсонларни билимга чорлайдиган, фикрлашга ундайдиган маънавият маскани бўлиб қолиши керак.
Албатта ўқишяпти. Тўғри бадиий китобга бўлган меҳри камайган. Аммо, ўз касбига, соҳасига оид китобларни албатта мутолаа қилишади.
— Китоб ўқимайдиганларга қандай тавсия берган бўлардингиз?
— Аввало, китоб билан дўст бўлишни маслаҳат бераман. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек: «Битта китоб ўқиган бола вақти келиб телевизор қаршисида ўтирган ўнта болани бошқара олади». Бу жуда чуқур маънога эга фикр. Китоб инсоннинг нутқини бойитади, фикрлаш доирасини кенгайтиради, ҳаётга бўлган қарашини ўзгартиради. Электрон китобми ёки босма китобми — бунинг аҳамияти катта эмас. Муҳими, инсонда мутолаага муҳаббат бўлиши керак.




Суҳбатни Мухлиса Рахматуллаева
ёзиб олди.