Паркентда «Узум сайли-2026» халқаро фестивали кўтаринки кайфиятда, байрамона руҳда ўтказилди.
Табиат саховати, заҳматкаш деҳқон меҳнати ва халқимизнинг асрлар давомида шаклланган эзгу қадриятларини ўзида мужассам этган ушбу сайил нафақат узумчиликнинг бетакрор анъаналарини намоён этувчи, балки халқимизнинг меҳнатсеварлиги, меҳмондўстлиги ва миллий қадриятларини тараннум этувчи катта байрам сифатида кенг нишонланди.
Байрамга хориждан, мамлакатимиз ҳамда Тошкент вилоятининг турли ҳудудларидан меҳмонлар, соҳа вакиллари, тажрибали узум етиштирувчи миришкорлар, тадбиркорлар, санъаткорлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари ташриф буюрди.
Тантанали очилиш маросимида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев иштирокчилар ва байрам меҳмонларини самимий қутлаб, барчага эзгу тилакларини билдирди. Ўзбекистонда узумчиликни ривожлантириш, соҳада кўп йиллик тажрибага эга миришкорларнинг фидокорона меҳнатини муносиб қадрлаш, қадимий деҳқончилик анъаналарини асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш муҳим экани алоҳида таъкидланди.
Тантанали очилишдан сўнг байрам дастури катта гала-концертга уланиб кетди. Эл суйган санъаткорларнинг дилрабо куй-қўшиқлари, жўшқин рақслар, ёрқин саҳна чиқишлари ва кўтаринки кайфият Заркент осмонига ўзгача файз бағишлади. Байрам майдонида мусиқа садолари янграб, меҳмонлар ва иштирокчилар биргаликда унутилмас лаҳзаларга гувоҳ бўлдилар.


