Жорий йилнинг 25 август куни «Сифатли таълим — Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдевори» шиори остида Бешинчи устозлар миллий форумининг Олмалиқ шаҳар босқичи бўлиб ўтди. Форумда шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Шермуҳаммад Бегиев иштирок этиб, Олмалиқ шаҳри таълим муассасаларида янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати ва 2026-2027 ўқув йилининг устувор вазифалари юзасидан маъруза қилди.
Қуйида ушбу маърузанинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.
Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида Янги Ўзбекистонда таълим соҳасига берилаётган эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Жорий йилда 2 та давлат хусусий шериклик, 13 та оилавий ва 2 та давлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиши ҳамда 1 та давлат мактабгача таълим ташкилоти қуввати оширилиши ҳисобига 1735 та янги ўрин яратилди.
5 та мактаб янгитдан қурилиши, 1 таси реконструкция қилиниши биттаси бошқа тумандан шаҳар ҳудудига ўтиши ҳисобига қарийиб 4530 та янги ўқувчи ўрни яратилди. Шаҳарда 5 та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларда 4339 нафардан зиёд ўқувчилар таълим олмоқда.
Ўтган ўқув йилида 2476 нафар ўқувчи 11-синфни тамомлаган бўлса уларнинг 36 нафари олтин, 5 нафари кумуш медални қўлга киритдилар.
Қувонарлиси, 179 нафар битирувчи муддатидан олдин талаба бўлди.
Ўқувчиларимиз спортда ҳам юқори натижага эришмоқда. Қизлар ўртасида вазир кубоги учун ўтказилган мусобақанинг вилоят босқичида 22-мактабнинг қизлар жамоаси спортнинг футбол тури бўйича 3-ўринни олди. “Ёш қутқарувчилар” мусобақасининг вилоят босқичида 19-айрим фанлар чуқур ўқитиладиган синфлари мавжуд умумий ўрта таълим мактабининг “Шижоат” жамоаси 2-ўрин соҳиби бўлишди.
2025-2026 ўқув йилида “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида 7 500 нафар, “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳасида 3 800 нафардан ортиқ ўқувчилар ўқитилиб, сертификатлар олишга эришилди.
“Долзарб 90 кун” тадбирлари доирасида 17 минг 840дан ортиқ ўқувчи ёшлар маданият, спорт, фан ва комьпютер тўгаракларига қамраб олинди.
Ижтимоий ҳимоя миллий реестридаги камбағал оила фарзандлари учун мактаблар ва 3 та ўқув марказларида 10 дан зиёд тўгараклар ташкил этилиб, 350 нафар ўқувчиларга 151 371 млн. сўм субсидия ажратилди.
Мактабларда имконияти чекланган болаларга шароит яратиш мақсадида 23 та мактабнинг 11 тасида тўсиқсиз муҳит, 28 та инклюзив синф ва 11 та коррекцион хоналари ташкил этилиб, уйда таълим олаётган 10 нафар болалар тенгдошлари билан ўқиш имкониятига эга бўлди.
Тугалланган ўқув йилида 2535 нафар ўқувчи 11-синфни тугатган бўлса, янги ўқув йилида 3153 нафар ўқувчи 1-синфга келиши кутилмоқда. Бу кўрсатгич битирувчиларга нисбаттан 618 нафарга, ўтган йилга нисбатан эса 205 тага кўп.
Охирги 3 йилда мактаб битирувчилар сонидан 1-синфга келувчилар сони ўртача 1854 та бўлиб йилига 500 тадан 610 тагача ошиб бормоқда. Бу дегани йилига 500 та янги ўқувчи ўрни қуриш керак дегани.
Бу йил 3059 нафар 9-синф битирувчиларининг 1345 нафари ёки 44 фоизи техникумларга қабул қилинди.
2025 йилда 2476 нафар 11-синф битирувчиларининг 1644 нафари ёки 67 фоизи Олий таълим муассасаларига кирган бўлса, бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 1609 нафарга ёки 2 фоизга ошган.
Мактабларга республика маблағлари доирасида 23 та умумтаълим мактаблари 7 турдаги мусиқа асбоблари билан таъминланди.
Маҳаллий бюджетдан мактабларга 2026 йилда бадиий адабиётлар харид қилиш учун 450 млн. сўм маблағ ажратилди.
Албатта ўз устида тинимсиз ишлайдиган устозлар сони кундан-кунга ошмоқда.
Шаҳарда 6 млн. сўмдан 10 млн. сўмгача маош оладиган ўқитувчилар сони 35 нафарга, 10 млн. сўмдан юқори ойлик олувчилар эса 39 нафардан ошди. Бу ўтган йилга нисбатан 12 нафарга кўпайди. Биргина мисол, 5-мактабнинг олий тоифали давлат тили ўқитувчиси Хайдарқулов Тўрақул Исроилович бир ойлик иш ҳаққи 19 035 314 сўм, яъни, 1550 АҚШ доллари, меҳнат таътили учун эса 32 420 000 сўм маблағ олди. Мана сизга аниқ битта ўқитувчи мисолидаги рақамлар.
Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, агар мактаб директори менеджер бўлса, мактаблардаги мавжуд имкониятларни ишга сола олса албатта, қўшимча даромад топади. Бунинг учун барча ҳуқуқий асослар мавжуд.
Ўтган ўқув йилида мактаблар 642 251 млн. сўм маблағ ишлаб топган. Ушбу жалб этилган маблағларнинг 50 фоизи ўқитувчилар ойлиги учун, 30 фоизи моддий техник базасини мустаҳкамлаш учун, 20 фоизи коммунал тўловлар учун сарфланади.
Биргина, 5-мактаб директори Хусан Гайназаров 268 млн. 186 минг сўм, 20-мактаб директори Иноят Эргашева 49 801 млн. сўм, 16-мактаб директори Ленура Байдуллаева 22 015 млн. сўм қўшимча даромад олишган.
Шаҳримизда таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар мавжуд эмас.
Ҳурматли форум иштирокчилари!
Шаҳримизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда ечимини кутаётган муаммолар ҳам йиғилиб қолган.
Бугун кўпроқ шу муаммоларни ҳал қилиш устида келишиб олсак ўринли бўлади.
Бугун шахримиздаги 3-7 ёшли болалар қамров кўрсаткичи 81.2 фоизни ташкил этади (11 768 нафар болаларнинг 9565 нафари қамраб олинган). Лекин бу кўрсаткич 7-сонли ДМТТда 74 фоиз, 41-сонли ДМТТда 58 фоиз, 8-сонли ДМТТда эса 65.7 фоизни ташкил этади холос. Шу билан бирга 3 та («Наврўз», «Олмалиқовул», Усмон Носир МФЙлари) маҳаллада боғчалар мавжуд эмас.
Боғчаларда кадрлар сифат таркиби ўрганилганда жами 829 нафар тарбиячиларнинг олий маълумотлилари 354 нафарни ёки 42,7 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич 1-ДМТТда 7,1 фоиз, 32-ДМТТда 11,5 фоиз, 12-ДМТТда 16,7 фоиздир.
Жорий йилда тоифа олиш учун 702 нафар педагог малака тест синовларида иштирок этиб, уларнинг 331 нафари ёки 47,4 фоизи 56 баллдан юқори натижа қайд этди. 28 нафари ёки 4 фоизи эса 56 баллдан кам натижа қайд этиб, тестдан ўта олишмаган (ўтиш бали — 56 балл).
Мактаблар кесимида энг паст кўрсаткич 12-мактаб 28 балл, 3-мактаб 30 балл, 14-мактаб 38 балл, 4-мактаб 40 балл, 15-мактаб 40 баллдан педагоглар улушига тўғри келади.
Шаҳримиздаги мактабларда 7 нафар педагог кадрларга эҳтиёж мавжуд. Фанлар кесимида 1 та информатика, 1 та математика, 1 та физика, 1 та тарих, 3 та бошланғич таълим фанлари рус мактаблари ўқитувчилари ҳисобига тўғри келади.
Мактаблар кесимида 5-мактабда 2 та, 15-мактабда 2 та, 16-мактабда 3 та фан ўқитувчиларига тўғри келади.
Яна бир таҳлил, 2025-2026 ўқув йилида мактабларда 0,25 ставкада ишловчилар 9 нафар, 0,5 ставкадагилар эса 34 нафар шундан 43 нафари ички ўриндош ҳисобланади.
Сўнгги 2 йил давомида таълим сифати ошганлиги, ўқувчиларнинг билим самарадорлиги юқори бўлганлиги, кадрлар салоҳияти яхшиланганлиги сабабли, 2024-2025, 2025-2026 ўқув йилларида шаҳардаги 23 та мактаб қизил тоифали мактабларга кирмади.
Янги баҳолаш тизимига 2024 йилда 4 тани (10,16,19,23-мактаблар) ташкил этган бўлса, 2025-2026 ўқув йилда 23 тага ёки 100 фоиз мактаб ўтказилди.
2026-2027 ўқув йилида янги баҳолаш тизимига ўтган ва юқори натижага эришган 4 та (9,10,13,24) мактаблардаги 88 нафар педагог ходимларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 40 фоизгача устама хақ тўланади.
2026-2027 ўқув йилида Вазир жамғармаси ҳисобидан ҳар ой 100 фоизлик устама тўланадига малакали педагоглар:
Бошланғич таълим
йўналишида
15-мактаб Баратова Ферида Халисовна
16-мактаб Джумайрва Эвелина Ибрагимовна
15-мактаб Иманова Маъмура Мурод қизи
Филология
йўналишида
15-мактаб Иманов Раҳманқул Нурматович (ўзбек тили)
19-мактаб Қорабоева Шалола Санжарбек қизи (инглиз тили)
20-мактаб Ахмедов Шоҳнур Хасан ўғли (инглиз тили)
Аниқ фанлар йўналишида
3-мактаб Саидкомилов Амирхон Одил ўғли (математика)
Табиий фанлар йўналишида
16-мактаб Насирова Марварид Фахритдин қизи (кимё фани).
Қадрли устозлар ва бугунги форум
қатнашчилари!
Бугун мамлакатимизда таълимни ҳар томонлама ривожлантириш, ўқитувчилар меҳнатини рағбатлантириш, ўқувчилар иқтидор ва билимларини ҳар томонлама намоён қилишлари учун барча зарур шароитлар яратиб берилган.
Лекин ундан самарали ва унумли, фойдаланиш фақат ўзимизга боғлиқ.
Юқорида қайд этилган муаммо, камчилик ва қолоқликларни бартараф қилиш мақсадида қуйидагилар соҳанинг янги ўқув йилидаги устувор вазифалари сифатида таклиф қилинади.




- Шаҳар ҳокими ўринбосари Э.Абдураимов, Мактабгача ва мактаб таълим бўлими (Х.Турғунбаев), бир хафта муддатда боғчалар бўлмаган 3 та маҳаллаларда тадбиркорлар ҳисобидан 2 та, «Олмалиқовул» МФЙ ҳудудида ташаббускор тадбиркор томонидан давлат хусусий шерикчилик асосида 150 ўринли нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш, «Наврўз» МФЙ ҳудудида ЯТТ Турсунбоев Аброржон Аҳмаджон ўғли томонидан 50 ўринли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш бўйича аниқ манзили ва ташаббускори кўрсатилган дастур ишлаб чиқилсин.
- Мактабгача ва мактаб таълим бўлими (Х.Турғунбоев) 2027 йилда 5+1 дастури доирасида олий маълумотга эга бўлмаган тарбиячиларнинг 155 нафарини олий таълим муассасаларига жалб этишнинг фамилиябай рўйхатини тузиб, ДМТТлар билан келишсин ва шаҳар сессияси тасдиғига киритсин.
- Шаҳар ҳокими ўринбосари Э.Абдураимов, Мактабгача ва мактаб таълим бўлими (Х.Турғунбоев), шаҳар таълим муасссасалари билан биргаликда 10 сентябрга қадар 373 нафар тоифасиз педагогларни иккинчи тоифага ўтказиш орқали умумий тоифали педагоглар улушини 62 фоизга етказишнинг манзилли дастурини ишлаб чиқсин.
- Мактабгача ва мактаб таълим бўлими (Х.Турғунбоев) шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда 7 та вакант ўқитувчи ўринларига олий таълим муассасаси битирувчи ёшларни жалб қилиш мақсадида аниқ муддатлари, мактаби олий таълим муассасалари ва битирувчиларнинг фамилиялари кўрсатилган “Манзилли дастури”ни шаҳар ҳокимлигига тасдиқлаш учун киритсин.
- Ўтган йилда халқаро ҳамкорлик доирасида маҳаллий бюджетдан 22 млн. 320 сўм маблағ ажратилиб, 20-мактаб кимё фани ўқитувчиси Турсунова Марғуба Мирпўлатовна Туркия давлатига юборилган эди.
Шаҳар ҳокими ўринбосари Э.Абдураимов, Мактабгача ва мактаб таълим бўлими (Х.Турғунбоев), Ҳамкорликни давом эттириш мақсадида жорий йил якунига қадар яна 2 нафар ўқитувчини хорижда малака оширишга юбориш бўйича таклиф киритсин. - 2026-2027 ўқув йилидан илғор хорижий тажрибалар асосида 1 та 16-мактабда мусиқа, тасвирий санъат ва технология дарслари “АРТ” ўқув дастури йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Шаҳар ҳокими ўринбосари Э.Абдураимов, Мактабгача ва мактаб таълим бўлими (Х.Турғунбоев), мазкур мактабни тўлақонли жиҳозлаш учун зарур бўладиган маблағлар бўйича таклиф киритсин. - Шаҳар ҳокими ўринбосари Э.Абдураимов, Республика Маънавият ва маърифат маркази Олмалиқ шаҳар бўлими раҳбари (С.Якуббекова) шаҳар ҳокимининг ёшлар бўйича ўринбосари ва маънавият бўлими раҳбарлари 2 кун муддатда ишчи гуруҳ тузган ҳолда ҳар бир умумтаълим мактабини жойига чиққан ҳолда хатловдан ўтказсин.
- Шаҳар Санэпид бўлимига (Ф.Мусаев) мактаблардаги ҳожатхоналар, қўл ювиш жойлари ва ошхоналардаги санитар ҳолатни ўрганиб, фотоҳисоботни 20 сентябргача тайёрлаш юклатилсин.
Муҳтарам устозлар,
азиз мураббийлар!
Жадидчилик ҳаракати буюк намоёндаси Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, “Мактаб-маърифат ва маданиятнинг биринчи остонаси, муаллим эса шу остонанинг чироғидир. Муаллимнинг фикри равшан, ахлоқи пок, ўзи эса таълим бераётган ҳар бир фаннинг чин эгаси бўлиши лозим”.
Юртимиз тарихидаги икки буюк Ренессансни яратган улуғ мутафаккир ва алломаларни ҳам ўз вақтида сиз каби ўқитувчи ва муаллимлар тарбиялаб вояга етказган. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, бу эзгу анъаналарнинг давомчилари сифатида сиз, азизлар ҳам бугун жонажон Ватанимизда барпо этилаётган Учинчи Ренессанс бунёдкорларини камол топширишга муносиб ҳисса қўшасизлар, деб ишонамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизни ва сиз орқали кўп сонли соҳа вакилларини яқинлашиб келаётган улуғ айём – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги байрами билан самимий табриклайман.
Эътиборингиз учун раҳмат!