Қалқонсимон без организмда муҳим вазифаларни бажарадиган ички секреция безларидан бири ҳисобланади. У бўйиннинг олдинги қисмида жойлашган бўлиб, организмда моддалар алмашинуви, ўсиш ва ривожланиш, асаб тизими ҳамда тана ҳароратини бошқаришда муҳим аҳамият касб этади.
Диффуз токсик буқоқ — қалқонсимон без катталашиб, Т3 ва Т4 гормонларини меъёридан ортиқ ишлаб чиқариши билан кечадиган касаллик. У Базедов касаллиги ва тиреотоксикоз номи билан ҳам юритилади.
Касалликда организмда моддалар алмашинуви тезлашиб кетиши натижасида беморда турли белгилар пайдо бўлади. Жумладан, асабийлашиш, безовталик, юрак уришининг тезлашиши, тез чарчаш, озиб кетиш, мушакларда кучсизлик, кўп терлаш, иссиққа тоқат қилолмаслик ва уйқунинг бузилиши кузатилиши мумкин. Айрим беморларда кўзларнинг чақчайиб кўриниши ва бўйин соҳасида қалқонсимон безнинг катталашиши ҳам учрайди.
Касаллик репродуктив саломатликка ҳам таъсир қилиши мумкин. Аёлларда ҳомиладор бўлиш билан боғлиқ қийинчиликлар, эркакларда эса сперматогенез бузилишлари кузатилиши эҳтимоли бор.
Диффуз токсик буқоқни ўз вақтида аниқлаш муҳим. Ташхис қўйиш учун шифокор тавсиясига кўра қондаги Т3 ва Т4 гормонлари, шунингдек, зарур ҳолларда бошқа гормонал кўрсаткичлар текширилади. Қалқонсимон безнинг ҳолатини баҳолаш учун УЗИ ва бошқа махсус текширувлар ўтказилиши мумкин.
Даволаш усули беморнинг ҳолати ва касаллик даражасига қараб эндокринолог томонидан белгиланади. Дори воситалари, радиоактив йод терапияси ёки жарроҳлик усули қўлланилиши мумкин. Шунинг учун шифокор тавсиясисиз дори қабул қилиш ёки даволанишни ўзбошимчалик билан тўхтатиш тавсия этилмайди.
Профилактикада рационал овқатланиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш ва йодланган туздан меъёрида фойдаланиш муҳим. Бироқ йод препаратларини шифокор маслаҳатисиз қабул қилиш мумкин эмас, чунки айрим қалқонсимон без касалликларида ортиқча йод зарарли бўлиши мумкин.
Раҳима Мавлянова,
шаҳар 2-оилавий поликлиникаси бўлим мудираси.