Кексаликда муносиб даромадни таъминлаш, фуқароларнинг пенсия ҳуқуқларини кенгайтириш ва пенсия тизимининг молиявий барқарорлигини ошириш мақсадида бир қатор янги ёндашувлар таклиф этилмоқда. Улар орасида хусусий ва корпоратив пенсия жамғармаларини ташкил этиш, ижтимоий солиқ имтиёзларини қайта кўриб чиқиш ҳамда оиладаги ҳақ тўланмайдиган меҳнатни пенсия ҳуқуқида ҳисобга олиш масалалари бор.
Хусусий ва корпоратив пенсия жамғармалари
Бугунги кунда фуқаронинг кексаликдаги даромади асосан давлат пенсияси билан чекланади. Ўртача давлат пенсиясининг ўртача иш ҳақига нисбати тахминан 23 фоизни ташкил этмоқда.
Шу боис 2027 йил якунига қадар хусусий ва корпоратив пенсия жамғармаларини ташкил этиш, уларнинг активларини бошқариш ва фуқаролар маблағларини ҳимоя қилишга оид қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда. Бу иш берувчиларга ходимлари учун корпоратив пенсия дастурларини жорий этиш, фуқароларга эса давлат пенсиясига қўшимча маблағ жамғариш имконини беради.
Ижтимоий солиқ имтиёзлари қайта кўриб чиқилади
2025 йилда 65 мингта корхонага 3,2 трлн сўмлик ижтимоий солиқ имтиёзи берилган. Айрим корхоналарда 12 фоизлик ставка 1 ёки 0 фоизгача пасайтирилган.
Таклифга кўра, янги ижтимоий солиқ имтиёзлари бериш тўхтатилади, амалдаги имтиёзлар эса 2030 йилдан тўлиқ бекор қилинади. Бизнесни қўллаб-қувватлаш манзилли бюджет субсидиялари орқали амалга оширилади. Бу пенсия суғуртасида тенгликни таъминлаш ва ижтимоий солиқ маблағларини мақсадли йўналтиришга хизмат қилади.
Оиладаги меҳнат ҳам пенсияда ҳисобга олинади
2025 йилда рўзғорда банд шахслар 2,9 млн нафарни, шундан бола парвариши билан банд аёллар 2,1 млн нафарни ташкил этган. Улар оила ва фарзандлар парвариши билан шуғулланса-да, расмий иш стажига эга бўлмаслиги мумкин. Шу муносабат билан расмий даромадга эга фуқарога ишламайдиган турмуш ўртоғидан ташқари, ота-онаси ёки вояга етган ишламайдиган фарзанди учун ҳам ихтиёрий ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқини бериш таклиф этилмоқда. Ҳар ой 152 минг сўм миқдорида тўлов қилиш орқали улар учун иш стажи ва келгусида пенсия ҳуқуқини шакллантириш имкони яратилади.
Ўзбекистонда пенсия тизимида янги тартиблар жорий этилади
Президент қарори билан давлат пенсия таъминоти тизимини рақамлаштириш ва фуқароларга хизматларни проактив шаклда кўрсатиш бўйича янги тартиблар белгиланди.
Энг муҳим ўзгаришлар:
🔵2026 йил 1 ноябрдан корхона тугатилиши ёки штат қисқариши сабаб ишсиз деб эътироф этилган шахсларга муддатидан олдин ёшга доир пенсия алоҳида мурожаатсиз тайинланади;
🔵2027 йил 1 январдан боқувчисини йўқотганлик пенсияси ҳам проактив тарзда тайинланади;
🔵2027 йилдан Пенсия жамғармаси фуқаролардан қоғоз шаклида ҳужжат ва маълумот қабул қилиш амалиётини бекор қилади;
🔵“Менинг пенсиям” онлайн хизмати ишга туширилиб, унда фуқаро иш стажи, олий таълимда ўқиган ва ҳарбий хизмат даври ҳақидаги маълумотлар ҳамда бўлажак пенсиясининг тахминий миқдорини кўра олади;
🔵пенсия ёшига бир йил қолган фуқаролар олдиндан хабардор қилинади;
🔵пенсияни нақд пул шаклига ўтказиш, тўхтатилган пенсия тўловини тиклаш, пенсиядан ушлаб қолинаётган маблағлар ҳақида маълумот олиш каби хизматлар ҳам онлайн шаклга ўтказилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 октябрдан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ишловчиларга ижтимоий солиқ тўлаб, ушбу даврни иш стажига қўшиш имконияти берилади.
2027 йил 1 январдан эса расмий даромадга эга шахслар ишламайдиган оила аъзолари учун ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаши мумкин бўлади. Унинг миқдори ҳар бир оила аъзоси учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 12 фоизини ташкил этади.
Қарорга кўра, пенсия таъминоти бўйича хизматларни 2027 йил 1 январга қадар тўлиқ интерактив ва проактив шаклга ўтказиш асосий мақсадлардан бири этиб белгиланган.
Равшан Назаров,
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Олмалиқ шаҳар бўлими бошлиғи.