Ёнғин хавфсизлиги талабларига нафақат саноат корхоналари, балки, таълим ва даволаш муассасалари ҳамда уй хўжалигида ҳам қатъий риоя қилиб бориш лозим. Бугунги мақоламиз орқали биз даволаш муассасаларидаги ёнғин хавфсизлик талаблари ҳақида тўхталамиз.
Даволаш муассасаси раҳбари ҳар куни қабул қилинган ва жавоб берилган (выписка) беморларнинг ҳисоби олингандан сўнг, даволаш муассасасида қолган беморларнинг сони тўғрисида шаҳар Фавқулодда вазиятлдар бўлимига хабар бериши шарт.
Қишлоқ жойларда жойлашган касалхоналар нарвон билан (ҳар бир бинога бир дона ҳисобида) таъминланиши керак.
Мустақил ҳаракат қила олмайдиган беморлар мавжуд касалхона ва бошқа даволаш муассасалари ҳар 10 нафар беморга 1 дона ҳисобида замбил билан таъминланиши керак. Касалхоналарда оғир беморлар учун мўлжалланган хоналар бинонинг пастки қаватида жойлаштирилиши керак.
Беморлар хонасидаги каравотлар оралиғи 0,8 метрдан кам бўлмаслиги, марказий (асосий) йўлак кенглиги эса 1,2 метрдан кам бўлмаслиги шарт. Ўриндиқ, тумба ва бошқа мебеллар қутқарув йўлаклари ва эшикларини тўсиб қўймаслиги керак.
Беморлар хонасига кислород беришни марказлаштирилган холда алоҳида турган (агар баллонлар сони 10 дан кам бўлса) баллонлар мосламаси орқали, агар баллонлар сони 10 тадан кўп бўлса марказий кислород таянчидан (пункт) амалга оширилиши керак.
Муассаса бўйича кислород билан марказлашган ҳолатда таъминлаш йўлга қўйилган бўлса, кислородли ёстиқчалардан фойдаланиш тартиби, буйруқ билан ташкил этилади. Бир баллонли кислород лампасини муассаса биносининг ташқи ёнғинга бардошли девор олдида, ёнмайдиган шкаф ичида ўрнатишга рухсат этилади.
Даволаш муассасаларида қуйидагилар
ТАҚИҚЛАНАДИ:
▬ беморлар хонаси жойлашган корпусларда даволаш жараёни билан боғлиқ бўлмаган (лойиҳалаштириш меъёрларида кўрсатилганидан ташқари) бошқа хоналарни жойлаштириш;
▬ йўлак, холл ва бошқа қутқарув йўлларига кароватлар ўрнатиш;
▬ беморлар ва хизматчилар жойлашган хоналарнинг деразаларига металл панжаралар ўрнатиш;
▬ ёғочли деворлар ва шифтларга қоғоз елимлаш ва уларни ёнувчи нитро ва мойли бўёқлар билан бўяш;
▬ хоналарни жиҳозлаш учун, ёниш даврида заҳарли моддалар чиқарувчи материаллардан фойдаланиш;
▬ кислород баллонларини даволаш муассасалари бинолари ичига ўрнатиш;
▬ беморлар хоналарига кислород юбориш учун резина ва пластмасса қувурлардан (шланглар) фойдаланиш;
▬ носоз даволаш электр жиҳозларидан фойдаланиш;
▬ иситиш печларининг ўт ёқиш эшикларини беморлар хонасига ўрнатиш;
▬ даволаш муассасаларининг ертўлаларида устахона, омборхоналарни жойлаштириш.
Сув қайнатгич, сув иситгич ва титанлар, тиббиёт асбобларини стерилизация қилиш ҳамда парафин ва озокиритларни эритиш мосламаларини ўрнатиш ва уларни ишлатиш фақат шу мақсад учун ажратилган хоналарда амалга оширилиши керак. Асбобларни ва ускуналарни қайнатиш учун ёпиқ спиралли стерилизаторларни ишлатишга рухсат берилади. Ушбу мақсадда керогаз, керосин лампалари ва примуслардан фойдаланиш тақиқланади.
Лабораториялар, бўлимлар, шифокорлар кабинетларида дори-дармон реактивларни, эфир спирти ва бошқа енгил алангаланувчи ёки ёнувчи суюқликларни махсус ёпиладиган металл шкафларда умумий миқдори 3 кг.дан ортмаган ва ўзаро бир-бири билан сақлаш мумкин бўлгандагина сақланишига рухсат этилади.
25 нафар кишидан ортиқ бемор ва болаларни печли иситиш тизими бўлган ёғочли биноларга жойлаштириш тақиқланади.
Ҳажми 300 кг.дан ортиқ бўлган рентген плёнкаларининг сақлаш архивини алоҳида турган биноларда жойлаштирилиши керак. 300 кг дан кам бўлган ҳолда бинонинг 1 турдаги ёнғинга қарши деворлари ва шифтлари бўлган хоналарда сақлашга рухсат этилади.
Архив материаллари қўшни хоналардан 15 метр оралиқ масофада жойлаштирилиши керак.
Архив омборларининг бир бўлимида 500 кг ортиқ бўлмаган рентген плёнкасини сақлашга рухсат этилади. Ҳар бир секция ўзининг ҳаво тортиш тизими билан жиҳозланиши зарур.
Юлдуз Сайдалиева,
ОКМК АЖ ОЁХТТЭБ инспектори.