Бу ҳаётда яшар эканмиз, ҳаётимиз қоидалар билан тартибланиб боради. Бу тартиб эса инсон сифатида жамиятда маълум бир ўринни эгаллашимизга жуда катта ёрдам беради.
Айниқса, кўчада юриш ва муомала маданияти мана шулар жумласидандир. Лекин бунга амал қилмайдиганлар ҳам орамизда кўпчиликни ташкил этади. Буни шаҳримизда тез-тез содир этилаётган майда безориликлар мисолида кўришимиз мумкин.
Садир Анваров (исм-шарифлар ўзгартирилган) дўсти Камол Аҳадов билан ўқув марказдаги таниш қизини кўришга бирга бориб келишни таклиф этади. Иккаловлари дарс жараёнларига халақит қилган ҳолда синф хоналардан ўзларига таниш қизни излай бошлашади. М.Тўлаганов ҳамкасби А.Зоҳидовдан коридорда икки маст ҳолатдаги ёш йигит дарс жараёнига ҳалақит қилаётгани ва уларни ўқув марказидан ташқарига чиқариш учун ёрдам беришини айтади. Улар йигитлардан нима муаммолари борлигини сўрашади. Шунда Камол Аҳадов бир қизни излаётганини айтиб, уни топиб беришларини талаб қилади.
А.Зоҳидов эса ташқарига чиқиб гаплашиб олиш таклифини беради. Зинадан ташқи ҳовлига чиққан вақтда Камол Аҳадов А.Зоҳидовга нисбатан жуда қўпол муомалада бўлгани камдек, уни юз соҳасига мушт ҳам туширади. Зарбдан ерга ўтириб қолган А.Зоҳидов дўстлари ёрдамида Оҳангарон шаҳар Марказий шифохонасига бориб, ўша ерда даволаниб чиқади.
Муштумзўрлар йигитни уриб, тан жароҳати етказиб, воқеа жойдан қочиб кетишади. Бироқ жиноят жазосиз қолмайди.
Судга оид тиббий экспертизанинг 2023 йил 4 декабрдаги хулосасига кўра, А.Зоҳидовнинг баданида “бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, чап кўз орбита суягини медиал ва пастки деворини синиши, субмакуляр қон қуйилиши, хориадея йиртилган жароҳати, эпиретинал мембрана, чап кўз контузияси, кўриш ўткирлиги 0,04 гача пасайиши, чап кўз қовоғи тери ости гематомаси” каби тан жароҳатлари аниқланиб, ушбу тан жароҳатлари биргаликда умумий меҳнат қобилиятининг 35 фоизини турғун йўқотилиш белгисига кўра, ОҒИР тан жароҳатлари тоифасига кириши тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 55-моддасига кўра, судланувчининг энди 19 ёшга тўлганлиги, муқаддам судланмаганлиги, биринчи бор жиноий жавобгарликка тортилаётгани, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, етказилган моддий зарар (18 млн сўм) унинг қариндошлари томонидан қопланганлиги инобатга олиниб, суд, Камол Аҳадовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисмида “е” бандидан кўзда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 3 (уч) йил 6 (олти) ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Йигит биргина қўпол муомаласи ва хатти-ҳаракати сабаб ўзига жазони тилаб олди.
Маъмуржон Туйчиев,
Жиноят ишлари бўйича
шаҳар суди раиси.