Олмалиқ шаҳрида маст ҳолда транспорт воситасини бошқарган ҳайдовчига нисбатан маъмурий жазо тайинланди. Суд қарорига кўра, ҳуқуқбузар йирик миқдорда жаримага тортилди ва уч йил муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Жиноят ишлари бўйича шаҳар судида кўриб чиқилган маъмурий иш материалларига кўра, фуқаро Миркамол Эгамназаров (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2026 йил 17 июнь куни кечки соат 20:55 ларда отасига тегишли Nexia-3 русумли автомашинани алкоголли ичимлик истеъмол қилган ҳолда Олмалиқ шаҳри ҳудудида бошқарган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан тўхтатилган ҳайдовчи белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтказилди. Текширув натижалари унинг маст ҳолатда транспорт воситасини бошқарганини тасдиқланди ва шу асосда тегишли маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Суд мажлисида ҳуқуқбузар ўз айбини тўлиқ тан олди. У спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда рулга ўтирганини, алкотестер текширувидан ихтиёрий равишда ўтганини ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қонунга зид ҳаракатлар содир этилмаганини билдирди. Шу билан бирга, қилмишидан пушаймон эканини айтиб, суддан енгиллик беришни сўради.
Суд иш материаллари, йиғилган далиллар ва тарафларнинг кўрсатмаларини ҳар томонлама таҳлил қилиб, ҳуқуқбузарнинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддаси 1-қисми талабларига мувофиқ тўғри малакаланганини қайд этди.
Қарорга мувофиқ, Миркамол Эгамназаров мазкур ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари — 16 миллион 480 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда ҳар бир ҳайдовчининг масъулияти беқиёс аҳамиятга эга. Маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш нафақат қонунбузарлик, балки инсон ҳаёти ва соғлиғига жиддий хавф туғдирувчи хатти-ҳаракат ҳисобланади. Шу боис барча ҳайдовчилардан йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилиш ва спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда рулга ўтирмаслик сўралади.
Собир Очилов,
жиноят ишлари бўйича
шаҳар суди судьяси.