2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолига ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш сифатини янада ошириш, давлат органлари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш йўналишида адлия органлари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Тошкент вилояти адлия бошқармасида ўтказилган 2026 йил биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган матбуот анжуманида мазкур соҳада эришилган муҳим натижалар жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди.
Ҳисобот даврида Тошкент вилояти адлия органларига келиб тушган 4 минг 318 та мурожаатнинг 95,2 фоизи ижобий ҳал этилди. Жумладан, 2 минг 805 та мурожаат қаноатлантирилган, 1 минг 309 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Қонунчилик ижросини таъминлаш мақсадида 697 та мониторинг ва 173 та ўрганиш амалга оширилган. Натижада 1 минг 203 та тақдимнома киритилди, судларга умумий қиймати 11,7 миллиард сўмлик 298 та даъво аризаси юборилиб, 188 та маъмурий материал расмийлаштирилган. Шунингдек, «Ijro.gov.uz» электрон тизими орқали 326 та ҳолат бўйича жойига чиққан ҳолда мониторинглар ўтказилди.
«Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги Қонун ижроси доирасида 160 мингдан ортиқ кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилди. Натижада 5 минг 788 та объект бўйича ижобий хулоса берилди, 4 минг 260 та объектга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилди. Юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан 1 минг 831 та давлат ташкилотига ҳуқуқий хизматлар кўрсатилди. Суд ишлари натижасида давлат ташкилотлари фойдасига 545 миллион сўмдан ортиқ маблағ ундирилди.
Давлат хизматлари кўрсатилиши устидан амалга оширилган назорат тадбирлари натижасида 4 минг 700 дан ортиқ қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, ваколатли ташкилотларга 48 та огоҳнома, 10 та тақдимнома киритилди ҳамда 154 нафар масъул шахсга нисбатан маъмурий таъсир чоралари қўлланилди.
Ушбу умумий натижалар билан бир қаторда, Олмалиқ шаҳар адлия бўлими томонидан ҳам 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида салмоқли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, шаҳарда давлат органлари ва ташкилотларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш юзасидан 7 та услубий раҳбарлик амалга оширилди. Норма ижодкорлиги соҳасида Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг 2 та норматив-ҳуқуқий тусдаги қарори ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, уларнинг қонунчиликка мувофиқлиги таъминланди.
Ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш доирасида шаҳарда 3 та ўрганиш ва 2 та мониторинг ўтказилди. Натижада жами 143 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Шундан 24 таси ижтимоий-иқтисодий соҳада, 42 таси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида, 77 таси давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида қайд этилди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида 40 та тақдимнома киритилди ва улар натижасида фуқаролар манфаати учун 4 миллион сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилди.
Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш йўналишида ҳам тизимли ишлар амалга оширилди. Биринчи ярим йилликда жисмоний ва юридик шахслардан 107 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 70 таси қаноатлантирилди, 30 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 7 таси эса тегишлилигига кўра бошқа ташкилотларга юборилди.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш борасида ҳам ижобий натижалар қайд этилди. Адлия бўлими томонидан фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судларга 14 та даъво аризаси киритилиб, уларнинг барчаси судлар томонидан қаноатлантирилди.
Олмалиқ шаҳар адлия бўлими ҳузуридаги Юридик хизмат кўрсатиш маркази томонидан «E-huquqshunos» электрон тизими орқали 18 минг 171 та ҳужжат кўриб чиқилди. Шундан 14 минг 912 тасига ижобий ҳуқуқий хулоса берилди, 3 минг 259 та ҳужжатда камчиликлар аниқлангани учун рад этилди. Шунингдек, талабномалар асосида 156 миллион 970 минг сўмдан ортиқ, суд қарорлари асосида эса 199 миллион сўмдан ортиқ маблағ ундирилди.
Олмалиқ шаҳар Давлат хизматлари марказида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 7 минг 681 тадан ортиқ давлат хизмати кўрсатилди. Марказ томонидан жами 400 турдаги давлат хизматлари аҳолига тақдим этилмоқда.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан ҳисобот даврида 1 521 та туғилиш, 393 та никоҳ, 168 та никоҳни бекор қилиш ва 404 та ўлим ҳолати давлат рўйхатидан ўтказилди.