Олмалиқ шаҳридаги 38-сонли давлат мактабгача таълим
ташкилоти раҳбари Ёрқиной Маматалиева кутилмаган муаммога дуч келди. Экология бўлими уни боғчадаги 30 туп терак дарахтини
кесгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми асосида 20 миллион 600 минг сўм жаримага тортди.
Аммо раҳбар бу қарорга рози бўлмади. Унинг айтишича, кесилган дарахтлар аллақачон қуриб қолган, ҳар қандай пайтда қулаб тушиши мумкин эди. Бу эса боғчада тарбияланаётган болалар ва ходимлар ҳаёти учун жиддий хавф туғдирарди. Шу сабабли у аввал Экология бўлимига ёзма мурожаат қилиб, масалани қонуний ҳал этишга уринган. Бироқ расмий жавоб ололмаганидан кейин махсус далолатнома тузиб, хавфли дарахтларни санитария мақсадида кесишга қарор қилган.
Судда Экология бўлими вакиллари дарахтлар кесилгандан сўнг сотилганини важ қилиб, жарима қонуний қўлланганини таъкидлади.
Cуд иш ҳужжатларини батафсил ўрганиб, одамлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдираётган қуриган дарахтларни санитария мақсадида кесиш қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлардан бири эканини қайд этди.
Бундан ташқари, суд маъмурий ишни кўриб чиқиш жараёнида жиддий қонунбузилишларга йўл қўйилганини аниқлади. Хусусан, Маматалиеванинг тушунтириши белгиланган тартибда олинмаган, жарима ҳақидаги қарор унинг иштирокисиз қабул қилинган ва шу орқали унинг ҳимояланиш ҳуқуқи таъминланмаган.
Натижада суд Экология бўлимининг жарима тўғрисидаги қарорини бекор қилди. Иш қайта кўриб чиқиш учун ваколатли органга юборилди. Шунингдек, қарор қабул қилиш жараёнида йўл қўйилган қонунбузилишлар юзасидан масъул мансабдор шахсларга нисбатан хизмат текшируви ўтказиш белгиланди.