Юртбошимизнинг 2021 йил 26 мартдаги 5040-сонли қарорига мувофиқ сўнгги йилларда республикамизда маънавий-маърифий соҳаларда катта ишлар амалга оширилмоқда. Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси ҳамда Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилди. Республика Маънавият ва маърифат маркази тизимидаги ходимлар сони икки карра оширилди, уларни моддий рағбатлантириш чоралари кўрилди.
Юқоридаги қарорга мувофиқ ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар онги ва қалбида маънавий фазилатларни юксалтириш, оила ва маҳаллаларда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида барча туман ва шаҳарларда маънавият ва маърифат масканларини ташкил этиш белгиланган эди.
Шундан келиб чиқиб, жорий йил 3 мартда ҳукуматимизнинг «Республика Маънавият ва маърифат марказининг туман (шаҳар) бўлинмалари тизимидаги маънавият ва маърифат масканлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 138-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида, 2025 йил 18 март куни Олмалиқ шаҳар ҳокимининг 88-10-147/-Q25-сонли қарори ҳам имзоланди.
Қарор билан Маънавият ва маърифат масканларининг намунавий тузилмаси, моддий-техник жиҳатдан жиҳозлашга доир минимал талаб лар тасдиқланди. Масканлар Республика Маънавият ва маърифат марказининг туман (шаҳар) бўлинмалари тизимида ташкил этилиб, масканларнинг штат бирликларини шакллантириш ҳамда сақлаш Республика Маънавият ва маърифат марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари, шунингдек, туман (шаҳар) бўлинмаларининг штат бирликлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида амалга оширилиши белгиланди. Масканларнинг биноларини сақлаш билан боғлиқ харажатлар 2025 йилдан бошлаб босқичма-босқич Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
«Бугунги маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак» деганларида Президентимиз нақадар ҳақ эди. Бугунги кунда маънавият соҳасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотларнинг амалдаги ифодаси сифатида ҳар бир ҳудудда Маънавият ва маърифат маскани ташкил этилиши ҳақидаги тарихий қарорнинг қабул қилиниши биз маънавиятчиларни беҳад қувонтирди. Умид қиламизки, туман-шаҳар ҳокимликлари бу қарор ижросига катта масъулият билан қарайди.
Сайёра ЯКУПБЕКОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази шаҳар бўлинмаси раҳбари.