Маълумки, халқимизнинг энг улуғ, энг азиз айёми — Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллик қутлуғ тўёнаси бутун мамлакатимизда «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» деган олийжаноб шиор остида кенг нишонланмоқда. Мазкур шонли сана муносабати билан жорий йилнинг 24 август куни шаҳримиздаги ОКМК спорт мажмуасида катта байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан «Олмалиқ КМК» АЖ бошқарув раиси, сенатор Абдулла Хурсанов ва шаҳар ҳокими Барҳаёт Мелиев барчани Истиқлол айёми билан самимий муборакбод этар экан, ҳурматли Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг замирида, инсон қадрини улуғлаш, халқимиз фаровонлиги таъминлашдек олийжаноб мақсад мужассам эканлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, шаҳримизда амалга оширилаётган йирик стратегик инвестиция лойиҳалари ҳамда юртимизда ҳукм сураётган барқарорлик сиёсати иқтисодий юксалишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида қайд этиб ўтди.
Тадбир давомида қутлуғ сана муносабати билан Президентимиз фармонига кўра, давлат мукофоти билан тақдирланган бир гуруҳ шаҳар корхона-ташкилотлари вакиллари ва комбинат ишчи-ходимлари эътироф этилди.
Шунингдек, бир гуруҳ илғор комбинат ишчи-ходимларига турли дараждаги «Кончилик шуҳрати» кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
«Металлург» маданият саройи ижодкорлари томонидан тайёрланган бадиий композиция барчага манзур бўлди.
Айниқса, Миллий гвардиянинг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари томонидан маҳорат билан ижро этилган буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темур сиймосининг саҳнавий чиқишлари ҳамда Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар бўлимлари, ОКМК Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати ходимлари ҳамда «Темурбеклар мактаби» ўқувчиларининг тантанали ҳарбий марши томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлди.
Шунингдек, ёш умидли спортчилар томонидан тайёрланган турли спорт йўналишларидаги маҳоратли ва кўргазмали чиқишлар ҳам байрам тадбирининг юқори кўтаринки кайфиятда ўтишини таъминлади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Озода Нурсаидова ҳамда таниқли эстрада хонандаси Миржалол Неъматовларнинг шўх-шодон қўшиқлари барчани рақсга чорлади.
Байрам тадбири анъанага кўра мушакбозлик билан якунланди.













