Коррупция — келажак тараққиётининг кушандаси ҳисобланади. Негаки, бу иллатга чалинган амалдор нафси ҳакалак отиб, яна ва яна кўпроқ дунё топиш илинжида ишини юзаки бажаради. Юзаки, қўл учида қилинган ишлар эса албатта бир кун келиб жамиятга панд беради. Агар толиби илмлар илм олиш заҳматини коррупция йўли билан енгиллаштирмоқчи бўлса, у ҳолда жамиятни жаҳолат ботқоғига ботди деяверинг.
Ҳозирги кунда одамларда сабр-қаноат, борига шукур қилиш хислатлари деярли йўқ, шунинг учун ҳам енгилроқ йўлларни қидиради. Навбатда тургиси келмайди, совға-салом билан ишини битиради. Озгина бош қотиришни хоҳламайди, дўсти ё дугонасидан тайёрини олиб топширади. Агар ўзи сабр ва чидам билан меҳнат қилса, натижасининг тотли бўлишини ҳис қилиб, ўзига ишончи ортади-ку! Машаққат билан эришган ҳар қандай нарсанинг қадри баланд бўлади, уни йўқотишни истамайди.
Халқимизнинг ҳуқуқий онгини, ҳуқуқий маданиятини ошириш билан бирга диний маълумотларга таяниб, ҳалол ва ҳаромнинг фойда ва зиёнларини ҳам тушунтириш зарур. Эл орасида нафсига қуллик йўқолмас экан, коррупция давом этаверади.
Чунки айримлар амалини, лавозимини даромад манбаига айлантириб, қанчадан қанча номаъқул ишларни амалга оширади. Баландпарвоз гаплар демангу, лекин ҳар бир инсон Ватани борлигига, унинг тинчлигига шукур қилмаса, шу Ватаннинг келажаги порлоқ бўлиши учун жон куйдирмаса коррупция иллати гуллаб яшнайверади. Кимки улуғ аждодлардан мерос бўлган она заминнинг таназзулини истамаса коррупцияга қарши курашишга бел боғламоғи керак.
Сайёра Якупбекова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази шаҳар бўлинмаси раҳбари.