OLMALIQ HAYOTI
Image default
Спорт

ОКМК ФК СЎНГГИ ДАҚИҚАЛАРДА «ХОРАЗМ»ДАН ҒАЛАБАНИ ТОРТИБ ОЛДИ

13 апрель куни Олмалиқда бўлиб ўтган «Хоразм» — ОКМК ФК учрашуви футболга хос муросасиз кураш, кескин лаҳзалар ва драматик якун билан эсда қолди.
Суперлиганинг 5-туридан ўрин олган ушбу учрашув аслида «Хоразм» жамоасининг майдонида ўтказилиши керак эди. Бироқ, стадионда олиб борилаётган реконструкция ишлари сабабли ўйин Олмалиқдаги «ОКМК спорт мажмуаси»да ташкил этилди. Шу сабабли, «кончилар» номинал мезбон сифатида майдонга тушишди.
Учрашув бошланиши билан Миржалол Қосимовнинг шогирдлари устунликни ўз қўлларига олиб, рақиб дарвозасига босим ўтказди. Бироқ, мудофага катта эътибор қаратган «Хоразм» футболчилари бутун ўйин давомида рақиб ҳужумларига самарали қаршилик кўрсатишди.
Юқорида айтилганидек, ОКМК ФК томонидан кетма-кет уюштирилган ҳужумларга қарамай, 90 дақиқа давомида таблодаги 0:0 ҳисоби сақланиб турди. Вақт тобора қисқарар экан, стадиондаги мухлислар жамоаларнинг дуранг натижа билан кифояланишини тахмин қила бошлашди. Бироқ ўз мухлисларига қувонч улашишни истаган ОКМК ФК охиригача курашди ва ниҳоят рақиб дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда, аниқроғи 90+8-дақиқада, ОКМК ФК посбони Жавоҳир Илёсов бошлаган қарши ҳужумни Ойбек Рустамов аниқ зарба билан якунлаб, «кончилар»нинг ўйиндаги устунлигини таблодаги ҳисоб орқали ҳам акс эттиришга эришди — 1:0!
Шу тариқа, ОКМК ФК Про лигадан Суперлигага 15 йиллик танаффусдан сўнг қайтган «Хоразм»ни мағлуб этиб, навбатдаги 3 очкони қўлга киритди ва турнир жадвалида 1-ўринга кўтарилди.
Шунингдек, 14 апрель куни «кончилар»нинг ўринбосарлари — U-21 жамоаси ҳам бу ёрқин анъанани давом эттиришди. Олмалиқдаги «Металлург» спорт комплекси стадионида бўлиб ўтган «Хоразм» U-21 ва ОКМК ФК U-21 жамоалари ўртасидаги тўқнашувда ҳамшаҳарларимиз 0:2 ҳисобида рақибларидан устун келишди.
Маълумот учун, ОКМК ФК навбатдаги тур ўйинини яна Олмалиқда ўтказади. Суперлиганинг 6-тур доирасида Миржалол Қосимов шогирдлари ўз майдонида Жиззахнинг «Соғдиёна» жамоасини қабул қилади. Ушбу учрашув 20 апрель куни соат 18:00да «ОКМК спорт мажмуаси» стадионида старт олади.

Али АБДУАҲАДОВ
ОКМК профессионал футбол клуби Ахборот хизмати медиа муҳаррири.

МАВЗУГА ОИД

ОКМК ФУТБОЛ КЛУБИ ДАСТЛАБКИ ХОРИЖ ЙИҒИНИНИ ЯКУНЛАБ МАМЛАКАТИМИЗГА ҚАЙТИБ КЕЛДИ

admin

КУТИЛГАН ТУРНИР ВА КУТИЛМАГАН НАТИЖАЛАР

admin

РЕСПУБЛИКАМИЗНИНГ БАРЧА ҲУДУДЛАРИДА «ДАВЛАТ ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИ КУБОГИ»ГА СТАРТ БЕРИЛДИ!

admin

КИМЁГАРЛАР -КУРАШ МУСОБАҚАСИДА

admin