Ҳаётда шундай инсонлар борки, ҳар гапидан ўзингга яшаш учун маъно топасан. Умр йўлидаги мазмун сенинг ҳам ҳаётингни ёритади. Саҳифамизнинг бугунги қаҳрамони Мавлянова Манзура Исломовна ҳам йиллар давомида ўзининг меҳнати, очиққўллиги, керак бўлса аёлларга хос мардлиги билан шаҳримиз ривожига ҳисса қўшган раҳбар сифатида барчанинг қалбидан чуқур жой эгаллаган.

Шаҳримиз билан тенгдош бўлган, 74 ёшни қаршилашига қарамай, тиним нималагини билмай барча ишни жон дили билан бажарадиган Манзура опанинг 2 нафар ўғил фарзанди ҳам бугунги кунда юртимиз корига яраб келмоқда. Келинлари ҳам зиёли.
Манзура Исломовна 1951 йил вилоятимизнинг Оққўрғон туманида туғилган. Илк меҳнат фаолиятини 1970 йил 18 ёшида ҳозирги ОКМК АЖнинг Моддий-техник таъминот бошқармаси Картография бўлимида карта алмаштирувчи вазифасидан бошлаган. Шундан сўнг 2 йил боғчада тарбиячи, Гилам ва Қандолатчилик фабрикаларида ходимлар бўлими инспекторлигидан раҳбарлик лавозимларигача йўлни босиб ўтди. Қаҳрамонимиз 1988 йил навқирон 36 ёшида шаҳар Ижроия қўмитасида Вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияси масъул котиби лавозимига тайинланди. Бир йилдан сўнг шаҳар Ижроия қўмитаси Умумий бўлим мудири лавозимига кўтарилди. 6 йилдан сўнг, яъни, 1995 йил 6 августдан Манзура Исломовна шаҳар ҳокимининг хотин-қизлар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Ушбу лавозимда 7 йилдан ортиқ фаолият юритиб, 2002 йилдан Олмалиқ тоғ-маъданчилик техникуми директори лавозимига тайинланиб, нафақага чиққунга қадар фаолият олиб борди.

ТАҚДИРГА ЁЗИЛГАНИДАН ҚОЧИБ ҚУТУЛОЛМАЙСАН
Дастлабки фаолиятимни комбинатда бошлаганман. Ҳозиргидек ёдимда. Пахта мавсуми келганида бизни жамоамиз билан Сирдарёга жўнатишди. Бир неча ҳафтадан сўнг катта сув оқадиган жойга бориб қолдик. У ерда тўхтаб, манзарани томоша қилиб, айландик. Ётоқхонамизга қайтиб, киссамни қарасам пулим йўқ-да. Изладик ҳеч тополмадик. Шу онда онамнинг гаплари ёдимга тушди. Мендан олдин иккита опам бўлган экан. Сирдарёга келганларида бир хосиятли анҳор бор, у ердан танга ёки шунга ўхшаш нарсалар олса, ёки ташласа ўғли йўққа ўғил, қизи йўққа қиз, давлати йўққа давлат беради деб эшитган экан. Онам ҳам ўғлим йўқ, Аллоҳим бир ўғил бер, деб сувга қўлини тиққанида қўлига узук илинган экан. Ўша ерда ўтирган кайвони онахон, болам сенга қиз фарзанд беради Аллоҳим, аммо, бу қизинг йигитлардан-да эпчил, мард, меҳрибон бўлади, деб айтган экан. Нияти ҳосил бўлган одам у ерга қайтариб эҳсон қилиш керак бўлган. Мана, орадан йиллар ўтиб, ўзим билмаган ҳолда эҳсонимни ташлаб келдим. Ҳар иш бежизга эмас экан. Тақдирга ёзилганидан қочиб қутулолмайсан, дегани шу бўлса керак.
СИНФДОШИМ ТАҚДИРДОШИМГА АЙЛАНДИ
Болаликдан сенга ҳамроҳ бўлган инсонинг тақдирдошингга айланса ажойиб бўлар экан. Турмуш ўртоғим Алижон Мавлонов билан битта синфда ўқиганмиз. Кейинчалик, бир-биримизга кўнгил қўйиб, оила қурдик. Эсласам, ҳозир ҳам кулгим келади. Қайнона-қайнотам билан бир дастурхон устида чой ичиб ўтирибмиз. Хўжайинимга ҳаммани олдида чой қуйвор, деб айтворибман. Шу пайт қайнонам, “Вой ўлай, эрингизни сенсираманг”, деб қолса бўладими. Биз синфдошмиз-ку, дедим таажжубланмай.
Турмуш ўртоғимнинг соҳалари ҳарбий бўлгани учун икки ўғлим Муроджон ва Дилшоджонлар ҳам оталарини изидан кетишди. Улар ҳам от миниш ва балиқ овига қизиқишади. Иккала фарзандим ҳам иккитадан олийгоҳни битирган.

БОШ ВАЗИРНИНГ СОВҒАСИ
Техникумда раҳбар бўлиб ишлаган йилларимда пахта мавсуми бошланди. Ўқувчиларни олиб, ходимларим билан кетдик. Ўзим тозаликни яхши кўрганим учун, ҳамма нарсага эътибор берардим. Борган жойимизнинг ҳокимларига айтиб, ётоқхоналаримизни, ошхоналаримизни тартибга солдириб олардим. Бизнинг жамоамиз ҳам биринчилардан бўлиб, режани бажарарди. Бир куни мажлисда эдим. Шаҳарга икки ўқувчи келиб, Тошкентдан текшириш келибди, тез борар экансиз деб айтиб кетишди. Пахта териш жойига борсам, иккита катта машинада костюм-шимли, галстук тақиб олган «каттакон» раҳбарлар турибди. Уларга салом бериб, қараб турдим. «Қани, пахта терингларчи», деди улардан бири Пискент тумани ҳокими иккаламизга қарата. Иккаламиз ёнма-ён туриб, пахта тера бошладик. Ишонасизми, ҳокимдан 9 кг кўп пахта терибман. Тошкентдан келган раҳбарлар ҳайрон бўлиб қараб туришди. Шунда бир келишган раҳбар бу аёлга машина совға қилинглар деб қолса бўладими?! Кечирасиз, сиз кимсиз ўзи, дедим дангал. Мен бош вазир Шавкат Мирзиёевман деди. Ҳайратданми, қувончданми турган жойимда қотиб қолдим.Эртаси куни менга ўша вақтдаги энг урфдаги машина — «Матиз» туҳфа қилинди.

ҚИЛА ОЛМАЙМАН ДЕГАН ТУШУНЧА ЙЎҚ
Ёшим 50 да. Ҳокимиятда ҳоким ўринбосари бўлиб ишлаб юрган кезларимда Республика миқёсида спорт турлари бўйича мусобақа бўлиши ҳақида хабар келди. Ўзим бош бўлиб жамоа туздим. Кўпчилик жамоадошларим кулишди. Ёшингиз катта бўлганда нима бор энди, деб. Йўқ, биз ютамиз, дедим ички ишонч билан. Мусобақа бошланди. Вилоятлардан келган рақиб жамоаларимизни галма-гал мағлуб қила бошладик. Ҳамма ҳайратда. Биз ўша мусобақада Республика бўйича 1-ўринни қўлга киритдик.
Шунинг учун айтаманки, ниятни тўғри қилиб, қила оламан деб ҳаракат қилган одам албатта уддалайди. Фақатгина инсонда хоҳиш бўлса кифоя.

РАҲБАРЛИК ИМКОНИЯТДИР
Бир китобда ўқигандим. Бу дунёда барча нарса синов учун берилади, деб. Оила ҳам, фарзандлар ҳам, касбингиз ва лавозимингиз ҳам. Мен учун раҳбарлик имконият бўлган. Ҳокимиятда ишлаб юрган кезларимда бу имкониятдан яхши йўлда фойдаланиб, қўлимдан келганча ҳаммага ёрдам берганман. Ўзингиз ўйлаб кўринг, бу креслода ҳозир сиз ўтирибсиз, эртага бошқаси ўтиради. Имкониятингиз бўлса ҳаммага ёрдам беришингиз керак. Одамлар сизни эслаганда, яхши раҳбарни ёнига яхши ИНСОН эди деб ҳам хотирлаши керак. Ортимиздан фақатгина яхшилик қолади.
ҲУНАРЛИ ХОР БЎЛМАС
Тўйим куни тўй либосимни ҳам ўзим тикканман. Яратишни яхши кўраман. Ҳовлимиздаги ҳар бир эккан дарахтларим билан гаплашиб, парваришлайман. Кичкина томорқамиздан унумли фойдаланиб, ҳар хил полиз экинларини экаман. Ҳалигача ҳам дарахтларнинг меваси пишса устига чиқиб ўзим тераман. Фарзандларим “Тушинг, онажон, йиқилиб тушасиз”, деяверади. Ҳовлимизга экилган узумларни ҳам ўзим хомтак қилиб, пишгандан сўнг мурабболар бекитаман.

ИСЛОМ КАРИМОВ БИЛАН УЧРАШУВ
Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” деб номланган китоб тақдимотида улар билан учрашиш бахтига муяссар бўлдим. Олдинги қаторда ўтирган эдим, тақдимот ҳали бошланмаган. Ислом Каримов ёнларига чақириб, исмингиз нима, деди. Мен Манзура Исломовна, сизнинг қизингизман, дедим. Танишганимдан хурсандман, қизим, деб бағрига босди ва ёнларида туриб китобларини тақдимот қилиб бердим.

КЕЛИНЛАРИМНИ ЯХШИ КЎРАМАН
Менинг иккита келиним эмас, иккита қизим бор. Уларни жудаям яхши кўраман. Катта келиним Клара Мавляновани ўзим ўқитганман, ўқинг, ўқинг деяверардим. Мана, ҳозирда академик даражасига кўтарилмоқда. Она тили адабиёт мактаб дарсликларининг муаллифи. Келинлар гўёки ниҳолдек гап. Уларни яхши парваришласа, келажакда соя бериб, қалбингизни яшнатади. Иккита келиним билан ҳам «мен-сенга» бормаганмиз. Уй ишларини келишиб бажарамиз ҳалигача. Иш қилиб ўзим ҳам яйрайман, келинимга ҳам кўмаклашаман.
Икки Президент билан учрашган, шаҳримиз ривожига ҳисса қўшган, 74 га киришига қарамай, қадамидан шаҳд ёғиладиган, қўли гул аёл – Манзура Исломовна бугунги ёшларимизга ҳар томонлама ибрат бўла олади десак муболаға бўлмайди.
Мухлиса Тошпўлатова.